"Ижтимоий минбар": Хотира ҳайкалларига ўрин борми?

Сурат манбаси, none

Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри ҳокимияти буйруғи билан 19 мартда шаҳар марказидаги Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган ангренликлар шарафига 1967 йилда қўйилган ёдгорлик йиқитилгани ҳақидаги хабарлардан сўнг, биз "Ижтимоий минбармизда " Иккинчи Жаҳон урушида ҳалок бўлган инсонлар шарафига қўйилган ёдгорликлар бузилиши керакми?" деган савол атрофида фойдаланувчиларимизни баҳсга чорлагандик.

Баҳсни Alimardon Quddusiy "Умуман олганда 9 май бизларнинг эмас, русларнинг байрамидир. Шундай экан бунга каршилигим йўқдир" - деган изҳорот билан очиб берган.

Бунга жавобан таҳририят томонидан "Демак, сизнингча, шу урушда жон берган 100 мингдан ошиқ ўзбеклар хотирланмаслиги керак, шундайми?" - дея қўйилган савол эса жавобсиз қолган.

Лекин бошқа муштарий Нодир Ғофуров "Сенинг авлодингдан ҳеч ким урушда қатнашмаган, қон тўкмаган бўлса, байрамни тан олмаслигинг мумкин", - дея фикр билдирган.

Ана шу изҳоротга, Alimardon Quddusiy жавоб бериб, "Менинг иккита амаким урушда жон берган, менинг ота-боболарим айнан шу болшевиклар томонидан қатл қилинган. Биз бу кунни байрам эмас, балки болшевиклар тузуми қурбонларини ёдга олиб, мотам ўларок нишонлашимиз керак", - дейди.

Ali Bek ҳайкалнинг олиб ташланишига қарши. Унга кўра, "Нима бўлганда ҳам бу ёввойилик. Келажакда инсонийлик рамзи бўлмиш Шомаҳмудовлар оиласига қўйилган ёдгорлик қайтарилиши керак", - дея таклиф ташлаган.

Aziz Mirzakulov нинг ёзишича, "Йўқ жойдан шов-шув кўтармаганимиз яхши ватандошлар. Мамлакатимизнинг ҳар 12 вилояти марказида хотира майдони қурилган. Тошкент шаҳридан Ўртачирчик туманига киришнинг чап томонида, Тошкент вилоятининг маданият ва маърифат маркази бўлмиш майдонида, Тошкент вилоятидан Иккинчи жаҳон урушида қатнашиб ҳалок бўлганлар (деворларида ҳаммаларининг исми шарифи алфавит навбати бўйича ёзилган) хотирасига бағишланган майдон қурилган. Кўркамли марказий хотира майдони эса Тошкент шаҳрининг марказида эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Ҳар йили хотира куни пойтахт ва шу вилоят марказлари майдонларида қурбонларни хотирлаш ва ветеранларни эъзозлаш анжуманлари юқори эътибор кўрсатилган ҳолда ўтказилади".

Ziyade Inombaeva ҳайкалнинг олиб ташланиши туфайли шаҳар ҳокимини танқид остига олган. "Бу ҳоким ундан кўра йўлларни тўғриласин. Ота-онамникига борсам йўллар тешилиб ётибди, юриб бўлмайди", - дея ҳоким шаънига аччиқ сўзларини ҳам аямаган.

Ikram Sabirov кутилмаган фикр билдирган. "Агар боболаримиз урушда ғалаба қилмаганда ўша ёдгорлик жойида фашистлар байроғи ёки ҳайкали турган бўларди. Ўшанда уни бузиш у ёқда турсин, аксинча артиб-супуриб кетар эдилар", - деган.

Тулкин Караев нинг ёзишича, "Ислом Абдуганиевичнинг отаси уруш қатнашчиси эмас. Ҳамма бало мана шунда. Агар Абдуғани ота ҳам урушда бўлиб қайтганида, ёки қаердадир қаҳрамонона ҳалок бўлганида эдими, бунақа ёдгорликлар кўпайтирилган бўларди. Абдуғани отанинг урушда кўрсатган қаҳрамонлиги сабаб, Совет Иттифоқи ғалаба қозонганлиги ҳақида илмий асарлар ёзиларди".

Rano Yuldasheva бу фикрни қўллаган. "Гапларингизга қўшиламан, тарихни ўчириш, у қандайин бўлмасин, урушда ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини оёқ ости қилишдир".

Лекин Узбек Туркий га кўра, "Умуман ҳайкалбозликни йўқотиш керак. Навоийга Самарканд ва Тошкентда куйилган ҳайкалларнинг ўзи етади. Ҳайкаллар шундай ўрнатилсинки, улар бир- бирларини такрорламасин, ягона бўлсин. Уруш каҳрамонларига эса қабристондан махсус жой ажратилиб, у жойга барча каҳрамонлар рўйхати ёзилсин. Шунда менимча ҳар бир қабристонга қадам босган инсонни бундай ёдгорлик тахтачасига кўзи тушади, эслайди, улар ҳақига тиловат қилади. Менимча шаҳар ўртасидаги рамзий қабрдан кўра шу иш сал мантиққа тўғри келадиган иш бўлса", - дея масалага ечим илгари сурган.

Аммо Shaxlo Rustamova бу борада анчайин қатъий. Унга кўра, "Совет идеологиясига оид барча нарсаларни бузиб йўқотиш керак. Чунки биз мустақил юрт тузмоқчимиз ва бунга эришдик деб уйлайман".

Бунга Umidjon Abdimuxtorov анчайин мулойим оҳангда жавоб берган: "Ёдгорликларди бузиш керак эмас".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK