UzWebiston: 'Франциядаги ишлар'га Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жавоби

Сурат манбаси, islom.uz
islom.uz веб-сайти Ўзбекистондаги муштарийлари энг кўп Интернет саҳифалардан бири ҳисобланади.
Сайт ўқувчилари Ислом динига боғлиқ саволларини йўллашади, бу саволларга дунёга танилган диний уламо, Ўзбекистоннинг собиқ муфтийси Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф жавоб берадилар.
Саволлар ва жавоблар islom.uz веб-сайтида мунтазам эълон қилиб борилади.
Шайх ҳазратларига охирги саволлардан бири Франциядаги қонли ҳодисаларга боғлиқ бўлган.
Веб-сайт муштарийси Ulug'bek Mirkomilov ўз мактубига "Франциядаги ишлар" деб сарлавҳа қўйган.
Хат муаллифи Муҳаммад алайҳиссалом француз рассомлари томонидан карикатура қилинишига муносабат қандай бўлиши ҳақида сўраган.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ушбу саволга ўзига келган бир мактубдан парча билан жавоб қайтаришини маълум қилган.
"Муҳтарам Ҳазрат!", деб бошланади мактуб.
"Фисқу-фужур хабарларни масхараомуз суратлар кўринишида чоп қилишни ўзига касб этган Шарли Эбдо журнали илгарироқ Хара Кири номи остида фаолият юритганида ҳам фақат кишиларни ва ҳодисаларни масхара қилиб келган. Кўпинча карикатура деб номланувчи бу масхара суратлар яланғоч кишилар, жинсий аъзолар ва ёки жинсий яқинлик кўринишида ифодаланган сонлари жуда кўп бўлган экан. Хара Кири номи остида ҳам бир бадбахтлик ошёни сифатида, бу журнал ҳар бир ҳодиса талқинига кўпинча тирик яланғоч фотосуратларни масхараомуз ва ҳақоратомуз шаклларда чоп этган. Мисол учун, епископларни қўлида хоч тутган ва авратини кўрсатиб турган аёлтабиат йигит кўринишида", деб ёзилган мактубда.
"Кейинчалик, Шарли Эбдо номига ўзгартирилган бу журнал, жуда кўп марталаб инсонга хос бўлмаган ишларни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари “чўққисига чиқарилган” бир юртда амалга ошириб келган. Жумладан, яланғоч шаклда тасвирланган аёл суратини муслималарга нисбат бериш, насоролар ақийдасидаги “худо-ота”, “худо-ўғил” ва “руҳ” ларнинг инсон шаклини чизиб, уларни айтиб бўлмайдиган даражада фаҳшда машғул кўринишида ҳам тасвирлаган. Ўша аввалги суратларнинг бир қанчасини ҳозирги охирги чиққан сондаги ҳақоратомуз масхара-карикатуранинг муаллифи ҳам чизган."
“Сўз эркинлиги ҳимояси” дейилаётган бир чўпчак-авраш ортида инсоннинг энг муқаддас ҳиссиётларини поймол қилишга ақли заиф бир қанча раҳбарлар ҳам киришиб кетмоқда, бунинг оқибатида ва шунинг ниқоби остида Исломга қарши катта ҳаракат жунбишга келтирилмоқда. Кетидан эса мусулмонларга бош кўтаришга ҳам имкон қолдирмаслик даражасида катта бир хуружга йўл очилиши тайин. Шунинг учун “сўз эркинлиги” қуролини ўша қуролни қўллаётганларга қарши мусулмонлар ҳам қўлласа яхши бўлар эди, деган фикр мени ушбу сатрларни ёзишга ундади," дейилади мактубда.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфга мактуб йўллаган муштарий сўнгги ҳодисалар муносабати билан Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни кўпроқ танитиш амалларига қўл уришни таклиф этган:
“Биз пайғамбарларни ажратмаймиз, жумладан, Мусо, Ийсо, Муҳаммад алайҳиссаломлар инсониятнинг бир жойдан олинган гавҳарларидир – бир макон ва замон Эгасининг расулларидир” маъносидаги шиор остида Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни ушбу ойда кўпроқ танитиш, у кишининг ҳаётлари тўғрисида имкон қадар қисқа ва ихчам матнларни ёйиш, айниқса у киши алайҳиссаломнинг ўз вақтида бошқа дин вакилларига нисбатан қўллаган мисли кўрилмаган ҳукмлари ва тасарруфларини кўплаб мисол келтириш, яхши самара келтиришига умид бўлса керак."
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф етакчилигида ўнлаб исломий веб-сайтлар фаолияти йўлга қўйилган.
Бу веб-сайтларда Муҳаммад алайҳиссалом мазах қилингани қаттиқ қораланган мурожаатлар, мақолалар ва муносабатлар эълон қилинган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












