AHRCA: "Норвегия бошқа ўзбекларни Ўзбекистонга қайтармайди"

Ўзбекистон телеканалида Норвегияда бошпана олган ўзбек қочқинларни гомосексуалистлар ва жиҳодчилар дея қоралаган дастур намойиш қилиниши ортидан Норвегия ҳукумати бошқа ўзбек фуқароларини Ўзбекистонга қайтармасликка қарор қилди.
Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари (AHRCA) ташкилоти хабар қилишича, Норвегия муҳожират апелляцион кенгаши Ўзбекистонга фуқароларни депортация қилмаслик қарорини қабул қилган.
Ўзбекистон давлат телевидениеси орқали намойиш қилинган "Хиёнат" номли дастурда Оврўпода гўёки жиҳодчилар сафларига қўшилаётган ўзбеклар бесоқолбозликда айбланган.
Биринчи канал орқали кўрсатилган дастур Норвегияга сафар қилиб қайтган олти ўзбекистонликнинг Оврўпода диний экстремистлар таъсири остига тушиб қолганларини даъво қилади.
"Ўзларини Исломий эътиқодда деб билган бу шахсларнинг диний экстремистик гуруҳдаги раҳнамолари фатвоси билан Ислом динида ўта оғир гуноҳ саналган бесоқолбозлик билан шуғулланиб келганлигига нима дейсиз?" - дея савол беради бошловчи.
"Хиёнат" фильми Норвегияга бориб бошпана сўраган, бироқ жорий йилда мажбуран Ўзбекистонга қайтарилган саккиз нафар қочқин билан "суҳбат"га асосланади.
Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ташкилотига кўра, мазкур одамлар ўз ватанига қайтарилгач, озодликдан маҳрум қилинганлар ва телекамералар қаршисида ёлғон кўрсатмалар бериб, ўзларининг гўёки сотқинликлари ва экстремистик гуруҳларга алоқалари борлиги ҳақида гапиришга мажбурланганлар.
Ташкилотнинг айтишича, Ўзбекистонга Норвегиядан қайтган 18 киши ҳукумат томонидан босимларга учраганлар. Уларни сўроқ қилиш орқали ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари Норвегияда истиқомат қилаётган бошқа ўзбек фуқаролари борасида ҳам маълумотларни ундириб олганлари айтилади.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002












