"Ижтимоий минбар": Ўзбекистонда сайловларга қизиқиш қандай?

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Би-би-сининг Интернетдаги "Ижтимоий минбар" рукнида мухлислармизга бу ҳафта берган саволларимиз қуйидагича эди: 21 декабр куни ўтадиган парламент сайловларига номзодларни биласизми? Умуман, овоз бермоқчимисиз? Номзодлар ва партияларнинг дастури билан танишмисиз?
Айтиб ўтиш лозимки, сайловлар ҳақида саволларимизга берилган жавоблар ва изҳор этилган фикрларга умумиятла баҳо берадиган бўлсак, ўта умидсизлик руҳи ҳукмрон эди.
Масалан, Mexmet Chelebey Фейсбукда, "Ҳаммаси бефойда, ҳаммаси - номзодлар ҳам, фирқалар ҳам, дастурлари хам "режалаштирилган-зомбилаштирилган", деган фикрни қолдирибди.
Sarvarbek Rasulov эса саволмизга савол билан жавоб қайтарган. "Сайлов нима дегани ўзи? Шунча йил Ўзбекистонда яшаб билмас эканман", дея ҳайрон у.
Abbosiy Bakhodirov нинг саволи бунданда қизиқроқ, у "Депутат сўзининг луғавий маъноси нима" деган саволни берибди.
Bory Belovнинг фикрича, "Ҳамма депутатлар аллақачон сайланиб, тасдиқланган. Уларни сайловчилар сайлайдими-йўқми сайланиши аниқ. Бу кўргазма ўзи нимага керак," деган фикрни изҳор этган.
Алик Бекнинг фикри ҳам шунга монанд "Депутат халқ учунмас ўзи учун сайланади ва ким депутат булиши олдиндан маълум", дейди у.
Dilshod Ganiev эса сайловлар ҳақида нуқтаи назари ва бехабарлигини ўта мухтасар уч саволга мужассам қилган. Бизнинг саволимиз "сайловлардан хабарингиз борми"га унинг жавоби "Нима? Ким? Қачон?".
Бу фикрлар билан танишиб, биз яна бир саволни ўртага ташладик, у ҳам бўлса сайловчиларнинг бу қадар умидсизликларига сабаб нима эканлиги ҳақида...
Sarvarbek Rasulovдан жавоб олдик, "Бунинг сабаби оддий ўзбекистонликнинг ҳукуматга ишончини 100 фоиз йўқотиб бўлганлигида ва бу ишончни қайта тиклаш учун ҳукумат ҳеч қандай ҳаракат ҳам қилмаётганида. Чунки уларнинг халқ билан иши йўқ", дея хулоса қилган у.
Тошкентдан Шарқшунослик Олийгоҳи талабасининг айтишича, уларга сайловлар туфайли қишки таътил вақти ўзгартирилганлигини маълум қилганлар. Талабага кўра, улар орасида сайловларга қизиқиш билдираётган ва номзоду фирқалардан хабардорлари ҳам бор, лекин сайловлар ҳақида деканнинг таътил ҳақидаги эълонидан сўнгина хабар топганлар ҳам бор.
Хориждаги сайловчилар тажрибаси ҳақида Оlima Nabieva фикр қолдирган: "Менга бир ой аввал Женевадаги Ўзбекистон ваколатхонасидан телефон қилиб, сайловда қатнашишимни айтишди. Партиялар ва номзодлар ҳақидаги маълумотларни почта орқали жўнатишларини сўрадим, ҳалигача олганим йўқ. Гарчанд депутатларга ишонмасамда, сайлов дастури билан бир танишиб кўрмоқчиман".
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз:+44 7858 860002












