'Бу 'Сайловлар' деб номланган катта қўғирчоқ ўйин'

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Давлат назорати остидаги оммавий ахборот воситаларининг кенг тарғибот-ташвиқотига қарамасдан ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчилар парламент сайловларига шубҳа билан қарайдилар.
Ўзбекистондаги давлат назоратидаги телеканаллар, радиостанциялар, матбаа нашрлари ва веб-сайтлар ва Интернет ижтимоий тармоқларини кузатиб ана шундай хулосага келинган.
Теле ва радиоканаллар, матбуот ҳамда веб-сайтлар 21 декабрга мўлжалланган Ўзбекистондаги парламент сайловлари ҳақида кенг миқёсдаги кампанияни бошлаганлар. Улар мунтазам равишда эълонлар бериб бормоқдалар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ҳақида хабарлар тарқатмоқдалар. Бу тадбирларда сайловолди жараёнининг "демократия тамойилларига тўла мос келиши" таъкидланмоқда, экспертлар асосан сайлов қонунчилиги борасида жамоатчиликка маълумот бермоқдалар. Аммо аксар веб-фойдаланувчилар эса Ўзбекистондаги навбатдаги сайловнинг мамлакатга бирор бир ўзгариш келтиришига шубҳадалар.
Интернет ижтимоий тармоқлари
"Мамлакатда ҳеч нарса ўзгармайди", дейишади ижтимоий тармоқлардаги аксар фойдаланувчилар ўзларининг шарҳларида. Айрим изоҳлар муаллифлари Ўзбекистонда мамлакат президентидан бошқа бирор сиёсатчини билмасликларини тан олганлар. "Бу "Сайловлар" деб номланган катта қўғирчоқ ўйин. Ҳамма партиялар бир шахс томонидан бошқарилади", деб ёзган Facebook фойдаланувчиларидан бири.
fergananews.com веб-сайтида "prosto chel" номи остида шарҳ қолдирган Интернет фойдаланувчи ёзади: "Сайловлар? Қанақа сайловлар? Ҳар бир одам аллақачон олдиндан сайлаб бўлинган. Одамларнинг сайлаш ҳуқуқи йўқ ёки улар махсус хизматларнинг расмийлари томонидан қўрқитилган. Ўзбекистонда ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди. Бу ерда нормал ҳақ тўланадиган иш йўқ, газ йўқ, электр қуввати узиб ташланган, ҳамма нарсанинг нарх-навоси кўтарилиб кетаяпти, ноннинг нархи, бензин ва интернет баҳолари жуда қиммат... мамлакат коррупцияга ботиб кетган... Ўзбекистонда умуман адолат йўқ!"
Давлат назоратидаги веб-сайтлар
Давлат назорати остидаги оммавий ахборот воситалари сайло кампаниясига фаол киришганлар. Марказий Сайлов комиссиясининг ва уч ҳукуматпараст партия - Халқ Демократик партия, "Миллий Тикланиш" Демократик партияси, Ишлаб чиқарувчилар ва бизнесменларнинг ҳаракати - Либерал-Демократик партиянинг веб-сайтлари мунтазам янгиланиб турибди. 23 октябр куни текширилганда "Адолат" Социал-Демократик партиянинг веб-сайти "очилмади". Бироқ кейинги кунларда текширилганда, веб-сайт нормал фаолият юритаётгани кузатилди.
Давлат ахборот агентликларининг Интернет саҳифалари ҳам сайлов мавзусини мунтазам ёритиб келаяпти. "15 октябр куни Берлинда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Олмония Бундестаги вице-президентини 21 декабрга мўлжалланган Олий Мажлис қуйи палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловлар ҳақида бохабар қилди", дея хабар қилган Ташқи ишлар вазирлигининг "Жаҳон" ахборот агентлиги.
"Ахборот агентликлари, Мустақил оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш Жамоатчилик жамғармаси ва бошқа ташкилотлар сайло жараёнида матбуот ролини кучайтиришга бағишланган учрашув ўтказди", дея хабар тарқатган ЎзА ахборот агентлиги.
Рўзномалар
Ўзбекистоннинг давлат назоратидаги газеталари Марказий Сайлов комиссияси фаолиятидан ўқувчиларни бохабар қилиб келаяпти. "Комиссия мамлакатдаги барча тўрт сиёсий партиянинг ҳам сайловда иштирок этишига рухсат берган қарорни қабул қилди", деб ёзган Ички ишлар вазирлигининг "Постда" рўзномаси 11 октябр куни.
Парламент ва ҳукумат нашри бўлган "Халқ сўзи" мухбири Қобил Хидиров сайловларни "шаффоф ва очиқ"лигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни мақтаган. Хусусан, мухбир сайловларни ёритадиган журналистлар учун қулай шароит барпо этилган, деб ёзган.
"Ҳозирги пайтда сайлов комиссиялари овоз беришнинг демократик тамойилларга мос келиши учун сайлов участкаларини ҳозирламоқдалар", деб ёзган "Правда Востока" рўзномаси 15 октябр куни.
Яқинлашаётган парламент сайловлари "қонунлар ва демократик принципларга тўла мос келиши учун" Марказий Сайлов комиссиясининг минтақавий бўлимлари ўз ходимлари учун ўқув машғулотлари ва бошқа тадбирлар ташкиллаштирмоқдалар", дейилади "Правда Востока"нинг 17 октябрдаги хабарида.
"Франциядаги Ўзбекистон элчилиги Ўзбекистондаги яқинлашиб келаётган парламент сайловларига бағишланган тадбир ўтказди", дея хабар қилган рўзнома 18 октябрдаги сонида.
"Парламент сайловларига икки ой қолар экан, Марказий Сайлов комиссияси сайлов участкаларини ташкил қилишни ниҳоясига етказди", деб ёзган "Народное слово" рўзномаси 21 октябр куни. Шунингдек, комиссия сайловларнинг маҳаллий қонунчилик ва халқаро мезонларга муносиб бўлиши учун бошқа чора-тадбирларни ҳам кўраяпти, деб ёзган рус тилидаги газета.
22 октябр куни "Туркистон" рўзномаси сайловларнинг матбуот томонидан ёритилишининг аҳамиятига бағишланган мақола эълон қилган.
Телевидениелар
"Ўзбекистон" телеканали мунтазам равишда ўзбек, рус ва инглиз тилларида "Марказий Сайлов комиссияси хабарлари"ни, сайлов кампаниясига бағишланган "Парламент вақти" кўрсатувини эълон қилиб келмоқда. Шунингдек, телевидение реклама ва "Сайлов - Демократия кўзгуси" деб номланган кўрсатувларни эфирга узатиб келмоқда. Парламент аъзолари, жамоатчилик фаоллари студияга таклиф қилиниб "баҳслар" уюштирилаяпти, бу кўрсатувларда ҳам асосан урғу телетомошабинларга сайлов қонунчилигини тушунтиришга берилмоқда.
Ўзбекистон телевидениесининг машҳур "Ахборот" кўрсатуви ҳам томошабинларни сайлов кампанияси ва Марказий Сайлов комиссияси сўнгги янгиликлари билан таништириб келмоқда. "Марказий Сайлов комиссияси яқинлашаётган парламент сайловларига тайёргарлик масалаларини муҳокама қилишга бағишланган учрашув ўтказди", деб бошланган "Ахборот"нинг 15 октябрдаги кўрсатуви.
"Марказий сайлов комиссияси барча тўрт сиёсий партияга сайловда қатнашишга рухсат берди", дея хабар қилинган 9 октябрда.
Радиолар
Кўнгилочар ва мусиқий FM радиостанциялар 30 сониялик рекламалар ва сайловчиларнинг ҳуқуқлари тушунтирилган лавҳаларни эфирга узатиб келмоқда.
Сайловчиларнинг сайлов қонунчилигидан хабардорликларини ошириш мақсадида айрим моддалар тушунтириб берилаяпти.
Ўзбекистондаги сайлов жараёнини бошқа хорижий радиолар ҳам кузатиб келмоқда.












