Гулнора Каримова шерикларининг маҳкум этилиши нимани англатади?

Сурат манбаси, none
Тошкентда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг яқин шериклари узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Рустам Мадумаров ва Гаянэ Авакянларни қатор иқтисодий жиноятлар, жумладан, солиқ ва валюта жиноятларида айблаган. Расмий хабарда айбланганларнинг шу йил февралида терговга мажбуран олиб келингани айтилганди.
Би-би-си манбаъларига кўра, Тошкентдаги маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва Гулнора Каримова шерикларининг айнан қандай жиноий эпизодлар бўйича маҳкум этилганликлари маълум эмас.
Расмийлар ҳозирга қадар маҳкама ҳукмларини тасдиқлашмаган.
Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров Оврўпода олиб борилаётган иккита йирик жиноят иши марказидаги шахслардир.
Швециянинг Телиасонера ширкати Гулнора Каримовага яқин одамларга миллионлаб доллар пора бергани ҳақидаги даъволар юзасидан Швецияда бошланган тергов кейинроқ Швейцария, Франция ва бошқа давлатларга ёйилган.
Айни тергов доирасида Гулнора Каримовага тегишли қатор манзилларда рейдлар ўтказилган.
Халқаро терговнинг бошланишига Швециянинг SVT телеканали 2012 йил сентябрида намойиш этган махсус кўрсатув туртки бўлган эди.
Би-би-си швециялик журналист Фредрик Лорин билан боғланиб, Тошкентда эълон қилинган маҳкама ҳукми қанчалик аҳамиятли, деб сўраган.

Фредрик Лорин: Ҳукмнинг ўзи жуда қизиқ. Албатта мен унинг бошқа тафсилотларини ҳам билишни истардим. Бу ерда биз истисноли бир вазиятга дуч келаяпмиз. Бу икковлон- Гаянэ Авакян ва Рустам Мадумаров Гулнора Каримованинг бизнес империясида муҳим ўрин тутган шахслар сифатида билинади. Улар Швециянинг йирик телеком ширкати бўлган Телиасонера билан кўп миллион долларлик шартномани имзолашган. Телиасонера Авакян ва Мадумаровлар бошқарган молиявий империяга уч миллиард швед крони (370 миллион АҚШ доллари атрофида-таҳр) миқдорида пул ўтказган. Бу икки шахснинг Тошкентда ўтган маҳкамада узоқ йилга қамалиши муҳим воқеа. Аммо уларнинг айнан қандай айблар билан маҳкум этилганликларини билишимиз керак.
Би-би-си: Авакян хоним Оврўпода олиб борилаётган жиноий текширувлар марказидаги шахс. Унинг маҳкум этилиши Швециядаги тергов учун нимани англатади?.
Фредрик Лорин: Бу уларнинг қандай айблар юзасидан қамалганларига боғлиқ. Очиғини айтганда, мен Ўзбекистондаги адлия тизимига унчалик ҳам ишонмайман. Назаримда, Авакян ва Мадумаров Ўзбекистон ҳукумати истамаган баъзи амалларга қўл урганликлари учун жазоланаётгандек. Агар уларнинг жиноий ишида Телиасонара билан боғлиқ далиллар бўлса, албатта, бу швед прокурорлари учун қизиқарли бўлиши ва бу ердаги тергов нуқтаи назаридан бирон аҳамият касб этиши мумкин.
Би-би-си: Ўтмишда Швеция расмийлари Авакян хонимга саволлари борлигини айтишган. Унинг қамалиши швед прокурорларинининг ишини қийинлаштирадими ёки қайтага бу саволларга жавоб топишни енгиллаштириши мумкинми?
Фредрик Лорин: Шахсан мен бу ҳолат швед прокурорларининг ишини аввалгидан янада қийинлаштиради, деб ўйламайман. Аслида жиноят иши жуда оддий: Телиасонера Гибралтарда рўйхатдан ўтган ва бор-йўғи бир одам, яъни Гаянэ Авакян томонидан бошқарилган кичкинагина ширкатга бир неча миллиард крон пул тўлаган. Авакян хоним эса Гулнора Каримованинг ўнг қўли бўлган. Швеция прокурорлари учун бу пулларнинг пора сифатида берилганини исботлаш унча қийин бўлмаган адлиявий-техник бир масаладир. Улар шуни исботлаб беришга ҳаракат қилишаяпти.
Би-би-си: Оврўподаги терговнинг ўзи ҳозир қайси босқичда, коррупция даъволари тасдиқланаяптими?
Фредрик Лорин: Тергов доираси кенгаймоқда. Ҳозирда швециялик прокурорлар ўн ва ҳатто ундан ортиқ давлатларнинг расмийлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришаяпти.
Би-би-си: Бу давлатлар орасида Ўзбекистон ҳам борми?
Фредрик Лорин: Ўзбекистон, Россия ва Латвия ҳам шу давлатлар орасида. Аммо ҳозиргача бизнинг билишимизча, бу давлатларнинг биронтасидан бирон шахсни экстрадиция қилиш сўралмаган.
Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02












