Андижон ҳодисаларида айбланган Таваккалбек Ҳожиев жасади оиласига қайтарилган

Таваккалбек Ҳожиевнинг жасади 16 ноябр куни яқинларига қайтарилган.
Сурат тагсўзи, Таваккалбек Ҳожиевнинг жасади 16 ноябр куни яқинларига қайтарилган.
Ўқилиш вақти: 1 дақ

2005 йил кузида Андижон ҳодисалари юзасидан маҳкамага тортилган 15 кишидан бири Таваккалбек Ҳожиев қамоқхонада оламдан ўтган.

Унинг жасади 16 ноябр шанба куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан Андижондаги яқинларига қайтарилган ва зудлик билан дафн этиш буюрилган.

Яқинларининг даъво қилишича, Таваккалбек Ҳожиев қийноқлар натижасида оламдан ўтган.

Дафн олдидан майитни ювиш пайти ҳам қариндошлари киритилмаган.

Андижон ҳодисалари бўйича ўтган маҳкамада 15 нафар судланувчи террорчилик, одам ўлдириш, кишиларни гаровга олиш, таъқиқланган исломий гуруҳларга алоқадорлик дохил, ўттиздан ортиқ айбловларга юз тутишган.

Жараёнда Таваккалбек Ҳожиевнинг ҳам иқрори тингланган.

У Ўзбекистон Олий судидаги маҳкамада 2005 йил 13 майидаги Андижон воқеалар ортидан Қирғизистонга қочиб ўтиб, Сузоқ жамлоғида бир ойча яшагани ва сўнг ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтганлигини айтган.

Бироқ хориждан бошпана топган андижонликлар Қирғизистон ҳудудидаги қочқинлар жамлоғидан бир неча киши Ўзбек махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгани, ўз ихтиёрларига қарши Ўзбекистонга олиб ўтилганини айтганлар.

Акаси Дилшод Ҳожиев сўзларига кўра, Таваккалбек Ҳожиевни ҳам "Қирғизистон Ўзбекистонга сотган".

Ўзбекистон Олий судидаги маҳкамада Таваккалбек Ҳожиев "Тоҳир Йўлдош раҳбарлигидаги Ўзбекистон Исломий Ҳаракати билан бирга Ўзбекистонда исломий давлат қуриш мақсадида бўлганликлари", "одамларни Ўзбекистондаги қонуний ҳукуматга қарши норозиликка чақирганлари", "бу ҳаракатларида халқаро ташкилотлар ва халқаро журналистлар дастагига таянганлари" ҳақида гапирган ва ўзига қўйилган барча айбловларга иқрор бўлган.

Бошқа судланувчилар сингари Таваккалбек Ҳожиевнинг ҳам суддаги кўрсатмаси давлат қораловчиларининг айблов хулосаларидаги матнларидан фарқ қилмаган.

Шунинг учун ҳам халқаро ташкилотлар Андижон ҳодисаларига Ўзбекистон ҳукумати айбдор деб топиб қамаган инсонларнинг ҳақиқий айбдорлигини шубҳа остига олганлар.

Яқинларининг айтишича, кейинчалик Таваккалбек Ҳожиев Олий суддаги иқрорликлари қийноқлар натижаси бўлганини айтган.

2005 йил 14 май куни Қирғизистон ҳудудидан Би-би-сига гапирган Таваккалбек Ҳожиев қуйидагиларни айтиб берганди: