Чироқчи Ички Ишлар бўлимида 32 ёшли йигит қийноқлардан вафот этган

Сурат манбаси,

Ўқилиш вақти: 2 дақ

"Жараён"сайтининг хабар беришича, Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ тумани Чордара қишлоғида яшовчи 32 ёшли Ҳусниддин Оққўзиев Чироқчи тумани Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан вахшиёна қийноққа солиниши оқибатида вафот этган.

Бу ҳақда "Жараён" мухбирига марҳумнинг акаси Фахриддин Оққўзиев маълум қилган.

Биз бу хабар борасида аввало Чироқчи туман ИИБга қўнғироқ қилдик. Бироқ "Чироқчи ИИБ ишонч телефони эшитади", - деган ходим, бизнинг саволимизни эшитиб жавоб беришни ҳам истамай гўшакни қўйиб қўйди.

Ҳусниддин Оққўзиевнинг акаси Фахриддиннинг Би-би-сига айтишича, 17 май куни милиция ходимлари томонидан ИИБга олиб кетилган укаси маъмурий ҳуқуқбузарликда айбланган.

"Укам дўконда юк ташувчи бўлиб ишлаб юрувди. Оиласи, икки боласи қолди. Унинг айби бўлмаган. Дилфуза Ботирова деган аёл укамни алдаб уйига чақирган, кейин милиция ходимларига хабар берган босқинчилик қилди деб".

"17 май куни милиция ходимлари укамни олиб кетишган. Ўша куни уни уриб-уриб ўлдириб қўйиб, кейин ўзини осди, деб сохта ҳужжатлар тузиб, дарров экспертиза ҳам қилишган. Унинг ўнг оëғи бош бармоғи, тирноқлари синган. Қорин қисмида ҳамма томони кўкарган. Чап оëғининг тўрт панжаси нима биландир тикилган. Бўйин қисми кўкарган, кесиб ташланган. Чап қўли ҳам худди шунақа кесилган. Мен укамни дафн этишдан аввал видео тасвирга олдим, унга нисбатан етказилган жароҳатлар кўриниб турибди. Ҳамма ёғи кўкариб ётибди",-дейди Фахриддин Оққўзиев.

Унинг айтишича, Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани прокуратураси томонидан жиноятдан қарийб бир ой ўтиб жиноий иш очилган.

14 июнда Чироқчи туман ИИБ бўлимининг бир неча ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг "ўғирлик" ва совуққонлик бандлари бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Лекин айнан кимларга қарши жиноий иш очилгани айтилмаган.

"Чироқчи туман ИИБ ва туман прокуратураси ишни адолатли ҳал қилишдан кўра, уни ёпди-ёпди қилишга уринаяпти. Шу боисдан, Президент Каримов, Миллий хавфсизлик хизмати раиси Иноятов, Бош прокурор Қодиров номига аризалар ёздим ва улардан умид қиляпман", дейди Оққўзиев.

Унинг ишонишича, укаси Чироқчи тумани ИИБ ходимлари томонидан ўткир қаттиқ жисм билан уриб ўлдирилган, сўроқ пайтида унга нисбатан ваҳшиёна қийноқлар қўлланилган.

Фахриддин Оққўзиев бу каби ҳодиса Чироқчи тумани ички ишлар бўлимида илгари ҳам юз берганини айтади.

2012 йилнинг ноябрида 30 ёшли Алмардон Бердиқулов ҳам милиция ходимларининг қийноқлари туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Бу ҳақда "Жараён"сайти ҳам хабар берганди.

"Ўтюраклар клуби" ва "Жараён" веб-сайти раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, "Ўзбекистон расмийлари мамлакатда қийноқлар қўлланилмаслиги, қонун ҳужжатларида қийноқларнинг таъқиқланганини иддао қилиб келишсада, жазони ижро этиш муассасаларида мунтазам равишда қийноқлар қўлланилади".

Маҳбусни қилмаган айбларига иқрор қилдириш учун қийноқнинг хилма-хил, ваҳшиёна усулларидан фойдаланилади, дейди у.

Хуқуқ фаоллари тўплаган маълумотга биноан, 2012 йилда қийноқ натижасида қурбон бўлган 200 дан ортиқ маҳбуснинг жасади уйига келган.