БМТ: 'Ўзбекистонда қийноқ ва таъқиб, аммо ўзгаришга умид бор'

БМТ вакили баёноти Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид вазият яхшиланиши учун "имкониятлар даричаси" борлигини, бироқ кўплаб соҳаларда аҳвол жиддий хавотирларга сабаб бўлиб қолаётганини урғулайди.
"Қатор ҳадиклар мавжуд" - деб таъкидлайди Тошкентдан қайтган БМТ Бош котиби инсон ҳуқуқлари бўйича муовини Иван Симонович ўз сафари хулосасида.
"Қийноқлар, айбсиз ҳибсда тутиб туриш, сўз эркинлиги йўқлиги, фуқаролик жамияти вакиллари ва журналистларнинг таъқиб қилиниши ҳамда мажбурий меҳнат каби ҳолатлар Ўзбекистонга хос бўлиб қолмоқда".
Жаноб Симонович Ўзбекистон ҳукумати вакиллари билан учрашувларда мазкур ҳолатлар юзасидан самарали суҳбатлар кечганини, аниқ шахсларга оид ишларни кўтарганини ва Андижон воқеасини эслатганини айтади.
У, шунингдек, фуқаролик жамиятини барпо этиш учун Ўзбекистонда имкониятлар торлигидан хавотир изҳор этган ва бусиз мамлакат на замонавийлаша олишини ва на демократлаша билишини урғулаган.
Ўзбеклар билан Адлия тизимида кечаётган ислоҳотларни мубояса этган Иван Симонович ҳамон Ўзбекистонда қонун устиворлиги, ҳакамлар мустақиллиги ва ҳокимият бўғинларини ажратиш бобида жуда кўп ишлар қилиниши лозимлигини таъкидлаган.
Шунингдек, бола меҳнати, порахўрлик, ҳибсхоналардаги шароитлар, таълим, тиббиёт, ногиронлар аҳволи ва ВИЧ-ОИТСга йўлиққанлар аҳволига оид масалалар ҳам мубояса этилган.
Бу маълумотлар барчаси Иван Симоновичнинг Ўзбекистондан чиқиб, йўл-йўлакай Истанбулда тўхтаган чоғи эълон қилган хулосасига асосланади.
Маслаҳат ва жавоб
Ўтган апрель ойида Женевадаги Универсал Даврий Муҳокама давомида БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши Ўзбекистон ҳукуматига 200дан зиёд соҳада ижобий ўзгариш ясаш учун йўл-йўриқ ва кўрсатма берганди.

Бироқ Ўзбекистон уларнинг яримини қабул қилди ва 58тасини бутунлай рад этди.
Ўзбекистон вакиллари, хусусан, Андижон масаласи ёпилганини ва бу мавзуга қайтилмаслигини урғулашган.
Улар, шунингдек, Ўзбекистон қонунлари мукаммал эканлигини таъкидлагандилар.
Аммо кузатувчиларга кўра, кўп ҳолларда бу мукаммал қонунлар тузук ишламайди ва устига-устак Ўзбекистонда мавжуд қонунларни ва ҳатто конституциядаги ҳақ-ҳуқуқларни рад этадиган фармону буйруқларга асосланган қонун-қоидалар ишлайди.
Хусусан, фуқароларнинг мамлакат ичида эркин ҳаракатланишига тўсқинлик қиладиган "прописка" тизими ва исталмаган одамларнинг четга чиқишларини қийинлаштирувчи икки йиллик "чиқиш визалари" шулар жумласидан.
Йўқдан кўра бор
Ҳар қандай ҳолатда ҳам, Иван Симоновичнинг Тошкентга сафари Ғарб ва Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик жонлана бошлаганидан дарак беради.
Шу қаторда, Ўзбек ҳукумати муайян ислоҳотларни олиб бориш ва ўзининг жазоловчи давлат машинасига айлангани ҳақида шаклланган қарашларни бироз юмшатишга интилмоқда, деган фикрлар ҳам йўқ эмас.
Сўнгги ойлари узоқ йиллик қамоқда қолган ёзувчи Мамадали Маҳмудов ва бир неча у қадар танилмаган сиёсий маҳкумлар озод қилинди.

Ўзбекистон ҳукумати ўз қамоқхоналарида сиёсий маҳкумлар йўқлигини айтса-да, инсон ҳуқуқлари гуруҳлари қатор фаоллар ва мустақил журналистлар айнан ўз касби туфайли уйдирма айбловлар билан ҳукм этилганини таъкидлашади.
БМТнинг қийноқлар бўйича маърузачиси тео Ван Бовеннинг 2003 йилги Тошкент сафаридан бери жаноб Иван Симоновичнинг Тошкентда қабул қилиниши муҳим аҳамият касб этади.
Чунки ҳали ўн йил олдин ўз сафари хулосасида жаноб Ван Бовен "Ўзбекистонда қийноқлар мунтазам қўлланиши" ҳақида хулоса қилганди.
У шунингдек, мамлакатда мавжуд қийноқлар учун Ислом Каримов масъул ва президент сифатида жавоб бериши керак, деб таъкидлаган.
Бу каби кескин баёнот ва кейинроқ Андижон воқеаси ортидан АҚШ-Ўзбекистон муносабатлари совуб кетаркан, мамлакат ичкарисидаги ҳақиқий аҳволни ўрганишни истовчи БМТ ва, умуман, Ғарб вакиллари Ўзбекистонга бориб, аҳволни яқиндан кузатишга рухсат олишолмаганди.












