Гулнора Каримова: 'Рустам Азимов билан муносабатларимиз яхши'

Каримова хоним бу сафар президентлик интилишлари ҳақида гапирмаган.
Сурат тагсўзи, Каримова хоним бу сафар президентлик интилишлари ҳақида гапирмаган.

Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов билан ўрталарида келишмовчилик борлиги ҳақидаги фаразлари рад этан.

2 май куни Тошкентда ўтган матбуот анжуманида Каримова хоним жаноб Азимов билан муносабатлари яхши экани ва "бот-бот учрашиб туришлари"ни айтган.

Узметроном нашри Гулнора Каримованинг "жаноб Азимов билан муносабатларимиз жуда ҳам яхши, биз тез-тез учрашиб, муаммоларни муҳокама қилиб турамиз", деган сўзларидан иқтибос келтиради.

Ўтган ой Гулнора Каримованинг Твиттерда жаноб Азимовни танқид қилиши Ўзбекистонда ҳокимият учун кураш очиқ тус олгани ҳақидаги тахминларга сабаб бўлган эди.

Каримова хоним отасининг эҳтимолий меросхўрларидан деб кўриладиган Рустам Азимовни коррупцияда ҳам айблаган.

Унинг интернетдаги айбловлари 75 ёшли Президент Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар манзарасида янграганди.

Жавобсиз саволлар

Айни пайтда Каримова хоним нима учун айнан Рустам Азимов унинг танқиди нишонига айланганига изоҳ бермаган.

Шунингдек, Узметроном муҳаррири Сергей Ежковнинг нима учун Каримова хонимнинг номи Ташқи ишлар вазирлигининг элчилар рўйхатидан олиб ташлангани ҳақидаги саволи ҳам жавобсиз қолган.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи бу сафар президентлик интилишлари ҳақида ҳам очиқ гапирмаган.

Аммо отасининг соғлиги ҳақидаги хабарларни шарҳлаган Гулнора Каримова расмийлар бу борада изоҳ беришмаганининг сабаби ўзига қоронғу эканини айтган.

Каримова хоним яқинда интернетда пайдо бўлган "товус патли" суратларини ўзининг дизайнерлик ва хайрия фаолиятига боғлаган.

Матбуот эркинлиги

Гулнора Каримова 2 май куни Тошкентда журналистлар учун Онлайн Трейнинг-марказини очиб берган.

Халқаро Матбуот эркинлиги куни бўлган 3 май куни эса Тошкентда милиция бир гуруҳ фаолларнинг норозилик пикетини тарқатиб юборган.

Норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянси фаоллари Бош прокуратура биноси олдида қамоқдаги журналистларни озод қилиш ва бошқа талаблар ёзилган плакатларни кўтаришга уринганлар.

Алянс фаоли Елена Урлаеванинг Би-би-сига айтишича, Бош прокуратура биносида уларни кутиб олган махсус хизмат ва терроризмга қарши кураш ходимлари фаолларни тўхтатиб, пикетнинг ноқонунийлиги ҳақида огоҳлантиришган.

Аммо намойишчилар Бош прокуратурага қамоқдаги журналистлар рўйхатини топширишга муваффақ бўлганликларини айтишмоқда.