Ўзбек-Россия муносабатлари: Кремлда 'синган пиёла чегаланади'ми?

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Москвага расмий ташрифи президентнинг соғлиғи ва мамлакат раҳбарига меросхўр ҳақидаги гаплар урчиган вақтга тўғри келди.
Расмий хабарларда хавфсизлик ва икки томонлама муносабатлар муҳокама қилиниши айтилаётган бўлса-да, кузатувчилар икки президентнинг парда ортидан муҳим муҳокамалари бўлиб ўтишини тахмин қилмоқдалар.
Жумладан, Ўзбекистоннинг Америкага яқинлашиши ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиб кетиши ортидан пайдо бўлган совуқчилик муҳокамаларнинг асоси бўлиши тахмин этилмоқда.
Бундан ташқари Россияда юрган миллионлаб ўзбек муҳожирлар масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олишига умид қилинган.
Россиялик журналист ва таҳлилчи Аркадий Дубнов “Новая газета”га ёзган мақоласида Каримов Москвада Путин билан икки давлат ўртасидаги муносабатларда “синган пиёлани чегалашга умид қилишини” ёзади.
Таҳлилчига кўра, Путиннинг Тошкентга ташрифидан кўп ҳам ўтмасдан Ўзбекистоннинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидаги иштирокини тўхтатиб қўйиши муносабатларнинг дарз кетишига сабаб бўлган.
Каримов ушбу муносабатни қайта жонлантиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Сиёсий таҳлилчи Камолиддин Раббимов Каримовнинг бу сафарги ташрифи мураккаброқ бўлишини айтади.
Ўзбекистон Россия учун кутилмаганда Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиб кетди ва МТС ширкати фаолияти тўхтатилди.
“Яна асосий сабаблардан бири - бу геосиёсий масалалардан биридир. Ўзбекистон Россиядан йироқлашиб АҚШ, НАТО билан алоқаларни қайтадан ва жиддий жонлантирди. Ўйлайманки, Путин билан Каримов ёлғиз қолганида ва микрофонларсиз қолганида, шу каби қалтис ва мураккаб саволлар Путин томонидан қўйилади”, - дейди Камолиддин Раббимов.
Сиёсатшуносга кўра, Путин билан суҳбатда Ўзбекистон вориси каби масалала кун тартибида бўлмайди.
"Ислом Каримовда бу каби масалаларни бошқалар билан маслаҳатлашмайдиган сиёсий инжиқлик мавжуд. “Кеча “Таҳлилнома”ни кўрдим, Каримовнинг юриш-туриши менинг назаримда жуда ҳам тетик. Каримов яқин 1-2 йилнинг ичида ҳокимиятдан кетади, деб ўйламайман. Кейинги сайловлар 2015 йилнинг апрель ойида бўлади, менимча Каримов аниқ шу вақтгача ўтиради. Демак, ҳозирданоқ Путин билан бу масалани муҳокама қилишда Каримовда эҳтиёж бўлмаса керак. Ундан ташқари Каримов мана шу муддат ичида қараш ва қарорларини ўзгартириши мумкин”, - дейди Камолиддин Раббимов.
Кузатувчилар икки давлат раҳбарлари ўртасида меҳнат муҳожирлари масаласи ҳам муҳокама қилиниши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил бошидаги йиғилишида Президент Ислом Каримов Россияда ишлаган ўзбек фаррошининг ўлими борасида Россия телевидениеси орқали билганини айтган ва Ички ишлар вазири Баҳодир Матлубовни ўрнидан турғизиб, ўзбекистонликлар нима учун четга ишлашга кетаётгани ҳақида сўраган.
Ва унга бу борада жавобгарлик юклаганди.
Москвадан таҳлилчи Давлат Қудрат Ўзбекистон меҳнат муҳожирларининг кераклигини англаб етганини ва бу масалала Путин билан суҳбатда кўтарилишии мумкинлигини айтади.
“Меҳнат муҳожирлари мавзуси ва уларнинг Россиядаги яшаш шароитларини яхшилаши учун имтиёзли имкониятлар яратилиши Кремлдан сўралиши мумкин”, - дейди Давлат Қудрат.
Таҳлилчига кўра Россияда ўзбек меҳнат муҳожирларининг аҳволи Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари билан солиштирганда анча оғир.
Россияда бир неча миллион ўзбекистонлик меҳнат қилиши айтилади.
2012 йили улар томонидан Ўзбекистонга юборилган пул 6 миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилган.
Бироқ меҳнат муҳожирлари ижтимоий ва ҳуқуқий томондан ҳимояланмаган.
Ўзбекистоннинг ўзида ҳам муҳожирларга турли қараш шаклланган.
Ҳукумат Россияга ишга кетаётганларнинг сонини камайтириш мақсадида чегара олдида уларнинг ҳаракатини чеклашга ва ортга қайтаришга уриниш ҳоллари бўлган.












