Путин Каримовнинг олдига муҳожир турналар масаласини қўяди

Президент Ислом Каримовнинг Москвага сафари давомида Владимир Путин Россиянинг кўчманчи турналари масаласини муҳокама этиши мумкин. Дунёда бир неча дона қолган бу стерх турналари тақдирини Кремль ўзи учун муҳим масала деб билади. Россия мутахассислари бу турналар ўзбекистоннинг Афғон чегарасига яқин ҳудудида чегарасида қишлашини исташмоқда. Лекин, Ўзбекистон томони уларни афғонлар отиб қўйиши мумкин, деб истиҳола билдиришгани айтилади. Турналар тақдиридан хавотирга тушган Россия фаоллари эса, энди Президент Путин Ислом Каримовнинг олдига турналар масаласини кўндаланг қўйишига умид қилмоқдалар. Бу қанчалик муҳим? Суҳбатдошим Росия табиатни асраш қўмитасидан айни лойиҳа ташаббускори Александр Сорокин.
Александр Сорокин: Стерх турналари дунёдаги энг кам сонли қушлардан. Халқаро миқёсда ҳам муҳофаза қилинади. Ғарбий Сибир стерх турналари ҳозир жаҳонда ўзи 20тача қолган. Гап шундаки, бу турналар ёзни Россия, қишни эса Ҳиндистон ва ё Эронда ўтказишади. Ўзбекистон орқали учиб, Афғонистон ва Покистон осмонидан ўтадилар. Лекин, паштун қабилалари уларни отиб ейишади ва ё уйда боқишади. Шу боис, улар йўқолиб кетади деган хавотирлар кучаймоқда. Ўн йилдан бери биз Рязанда бу турналарни сунъий кўпайтириб, табиатга қўйиб юборамиз. Бу учун уларни дельтопланда йўналтириб, қишлайдиган ўлкаларга жўнатиш керак. Владимир Путин шахсан ўзи уларни дельтопланда орқасидан эргаштиришга интилганди.
Би-би-си: Нега унда Ислом Каримов олдига стерх турналари масаласини қўймоқчисизлар? Ўзбекистоннинг иштироки қандай бу борада?
Александр Сорокин: Сунъий урчитиш дастуримиз иш бермаслигини англаб қолдик. Ахир уларни дельтоплан билан бутун Марказий Осиё, Афғонитсон ва Покистон осмонидан олиб ўтиб, Ҳиндистонга қадар элтиб бўлмайди-ку. Йўл узоқ, Ҳиндикуш тоғи бор, яна кўп жойда уруш кетмоқда. Шу боис, Ўзбекистон жанубида, Афғонистонга туташ Амударё соҳилларида уларнинг қишлашини синаб кўрмоқчи бўлдик. Ҳозир иқлим исигани учунми, Жанубий Ўзбекистонда бўзтурналар ва ғозлар қишлашмоқда. Биз бордик, ўргандик ва тинч жой эканлигини кўрдик. Энди бир иккита стерх турнасини ана шу қушлар орасига қўшиб, синаб кўришни истаймиз. Ўзбекистон ҳукумати умуман олганда рози бўлган бу тажрибага. Лекин, ўзбеклар баъзи мулоҳазаларни билдиришди. Масалан, афғон чегараси очиқ кўриниб туриши учун у ерда ўтларни ёқишади, чегара бўйлаб баъзан тадбирлар ўтказилади, афғонлар эса ўз тарафига ўтиб қолган қушларни овлашади дегандек.
Би-би-си: Афтидан стерх турналари масаласи ҳал бўлган, Ўзбекистон рози бўлибди. Энди сиз Президент Путин бу турналар учун Ислом Каримов олдига қандай саволларни қўйишини истайсиз?
Александр Сорокин: Гап менинг истагимда эмас. Мен бу ҳақда ҳали сентябр ойида Президент Путинга ўз фикримни айтганман. У эса, бу мантиқли ва ўзбек ҳамкасби билан учрашганда айни масалани кўтаришиб, тил топишини айтганди. Биласизми, Ўзбекистон жанубидаги чегара ҳудудида биз ўз стерх турналаримиз қишлаши учун рйхсат олишни истаймиз. Чунки, чегара ҳудудига бориш ва кириш ҳар ердаги бўлганидек анча қийин. Шу учун кўчманси турналар масаласи энг олий даражада кўтарилиши керак. Шу учун бу масала кўриб чиқилади, деган умиддаман.








