Гулнора Каримованинг янги мусиқий альбоми нималардан ҳикоя қилади?

Сурат манбаси, gulnarakarimova.com
- Author, Райхон Демитри
- Role, Би-би-сининг Марказий Осиё бўйича мухбири
Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова Америка Қўшма Штатларида ўзининг инглиз тилидаги илк мусиқий альбомини чиқарган.
Каримова хоним Googoosha тахаллуси остида ижод қилади. У қўшиқ ижро этишдан ташқари, дипломат, профессор, бизнесвомен, заргар ва дизайнер саналади.
Минтақадан мухбиримиз Райхон Демитрининг хабар беришича, миллионлаб ҳамюртлари қашшоқликда яшаётган бир пайтда кечираётган бу каби ҳашаматли ҳаёти учун Ўзбек президентининг қизи тез-тез танқидлар остида қолиб келади.
Гулнора Каримованинг Round Run ( эркин таржимада "Айланаман") деб номланган мусиқий альбоми ҳаётдаги имкониятлардан фойдаланиб қолиш ва қандай қилиб мўъжизалар юз бериши ҳақида.
Googoosha мисолида эса, унинг омади кўпроқ Ўзбекистон президенти бўлган отаси Ислом Каримов туфайли чопган.
Гулнора Каримованинг айтишича, куни-кеча Америкада чиқарилган янги альбомида трип-ҳоп ва юмшоқ рок услубларини тажриба қилиб кўрган.
Аммо 39 ёшли Каримова хоним фақат ижрочилик билан шуғулланмайди.
Дипломат, заргар, дизайнер...
Қомати расо, сочлари тиллоранг ва моданинг ҳавосини яхшигина олган Гулнора Каримова дипломат ва Ўзбекистоннинг Бирлашган Миллатлар қошидаги махсус вакили ҳам саналади.
Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи, бундан ташқари, Тошкентдаги университетлардан бирининг профессори ва кўплаб хайрия лойиҳаларининг ҳомийси ҳамдир.
Гулнора Каримова ўз либослари ва заргарлик буюмлари брэндига эга.
Аммо унинг шунча қобилияти ҳам отаси тузуми танқидчиларини ҳайратга сола олмаган.
"Хьюман Райтс Вотч" халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти вакили Стив Свердлоунинг айтишича, Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳаёт Гулнора Каримованинг жозибасидан анча фарқ қилади:
"Ўзбекистонда, инсон ҳуқуқларининг жиддий равишда поймол этилишидан ташқари, аҳоли ҳар куни тўқнаш келаётган ижтимоий-иқтисодий муаммолар, кенг илдиз отган қашшоқлик ва мислсиз порахўрлик ҳоллари бор. Ва уларнинг барчаси ҳукуматнинг эътиборидан четда қолаётган кўринади. Худди шундай бир вазиятда Гулнора Каримовани телевизион экранларида бу каби ҳашаматда кўрган ўзбеклар, худди мисрликлар Ҳусни Муборакнинг ўғиллари ва дунёдаги бошқа давлат раҳбарларига қараб, гангиб қолгандек бир аҳволга тушишади, назаримда", дейди у.
Президент Ислом Каримов Ўзбекистонни 24 йилдан бери бошқариб келади.
Айрим таҳлилчилар Гулнора Каримовани унинг эҳтимолий меросхўри сифатида ҳам кўришади.
Ўтган йили "Викиликс"да эълон қилинган махфий дипломатик ёзишмалар аксарият ўзбеклар Каримова хонимни отасининг таъсиридан фойдаланиб, ўзи истаган нарсага эришмай қўймайдиган шафқатсиз бизнесвоман сифатида кўришларига далолат қилганди.
Бир ёзишмадан эса, АҚШ дипломати унга Ўзбекистонда "энг кўп нафратга сазовор шахс", дея баҳо бергани ҳам аён бўлганди.












