'Халқаро Меҳнат ташкилоти Ўзбекистондаги мажбурий болалар меҳнатини кузатсин'

АҚШ Давлат Котиби Ҳиллари Клинтон ўзбек ҳукуматини мажбурий болалар меҳнатидан воз кечиши учун зудлик билан чора кўришга чақириши зарур.
Ғарблик ва ўзбекистонлик бир гуруҳ нодавлат ташкилотларининг Клинтон хонимга йўллаган мактубида шундай дейилади.
Ўзбекистон ҳукумати йилларки пахта-йиғим теримида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланаётганликда халқаро танқидлар остида қолиб келади, бироқ ўзбек расмийлари бу каби ҳоллар амалда эканини доимо рад этиб келишган.
Ушбу мактуб АҚШ ҳукумати Халқаро Меҳнат ташкилотининг йиллик йиғини учун мажбурий меҳнатга оид ҳисобот тайёрлаётган бир пайтга тўғри келган.
АҚШда мавжуд қонунларга кўра, мажбурий меҳнатни бартараф этмаган давлатларга нисбатан жазо чоралари қўлланади.
Клинтон хонимга битилган мактубда таъкидланишича, Ўзбекистон ҳукумати санкцияларга рўбарў бўлмаслиги учун болаларни меҳнатга мажбурлаш тажрибасидан буткул воз кечиши зарур.
"Пахта мавсумида болаларни йиғим теримига мажбурлашини давомли рад этиб келаётган ўзбек ҳукумати мазкур талабни бажара олмади", дейилади мактубда.
АҚШ Давлат Департаментининг мажбурий меҳнатга оид 2011 йилда нашр этилган ҳисоботида Ўзбекистонда пахта йиғиб олиш бўйича давлат режасининг мавжудлиги мажбурий болалар меҳнати сақланиб қолаётганининг асл сабабидир, дея келтирилган.
Ғарблик ва ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоллари, касаба иттифоқлари ва сармоядорлар имзолаган мактубда шунингдек расмий Тошкентдан бу йилги пахта йиғим теримини назорат қилиш учун Халқаро Меҳнат ташкилотининг кузатувчиларини Ўзбекистонга даъват қилиш сўралган.
Human Rights Watchнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлоунинг айтишича, Ўзбекистон ҳукуматининг бир неча йилдан буён Халқаро Меҳнат ташкилотини пахта йиғим-терими чоғида мамлакатга қўймаётгани, болаларнинг мажбурий меҳнатини ҳужжатлаштиришга уринган инсон ҳақлари фаолларини таъқиб қилаётгани Ўзбек ҳукумати бу муаммога қарши курашмаётганини англатади.
Унга кўра, АҚШ ҳукумати Халқаро Меҳнат ташкилоти ва маҳаллий фаолларнинг мустақил мониторинг олиб боришларини талаб қилиши керак.
АКШ давлат котибасига йулланган мактубда ўзбек ҳукумати дунёда энг репрессив ҳукуматлардан бири сифатида қолаётгани таъкидланади.
Мактуб муаллифларига кўра, 2011 йил махта мавсумидаги кузатишлар, 10 ёшли болаларнинг пахта теришга мажбурлангани, шунингдек, Американинг "General Motors" ширкати ишчилари дохил кўплаб хизматчиларнинг ҳашар ва ҳукуматнинг пахта режасини бажаришга мажбурлангани айтилади.
2011 йилда, дейилади мактубда, шунингдек, ҳукумат мажбурий болалар мехнати юзасидан мониторинг олиб бораётган уч нафар фаолни ноқонуний ҳибсга олган.
Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болаларнинбг эксплуатация қилинишини рад этиб келади.
Яқинда Ўзбекистон ҳукумати бу йил болаларнинг мажбурий меҳнати юзасидан ўзи мониторинг олиб боришини маълум қилган.












