Муҳожирлар ўз ватандошлари фирибгарлиги қурбонларига айланмоқдалар

Хоразмдаги "Нажот" инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти пул топиш мақсадида хорижий мамлакатларга йўл олаётган ўзбекистонликларни фирибгар ватандошларидан эҳтиёт бўлишга чақирган.
"Нажот" ташкилотининг сўнгги ҳисоботида Хоразм вилояти Урганч туманидан Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрига борган 10 дан ортиқ инсоннинг қул қилиб сотиб юборилгани ҳақида маълумот берилади.
Хоразмликлар ўтган йилнинг май ойида Россияга йўл олишади, уларга ўз маҳалладоши ҳар ойига 800 АҚШ долларилик маош тўланадиган иш ваъда қилади.
Россиядан қайтиб келган ва ўзи ишлаб топган 2000 долларни ололмаган Гулчеҳра Аҳмедова "Нажот" ташкилотига шикоят билан мурожаат қилган.
Гулчеҳра Аҳмедованинг айтишича, унинг турмуш ўртоғи ва яна ўндан ортиқ маҳалладоши "фақат қорин тўйдириш учунгина ишлаб, иш ҳақини ололмай юришипти".
"Нажот" раҳбари Ҳайитбой Ёқубовга кўра, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Россиядаги ҳуқуқ-тартибот органларига мурожаат қилганидан кейин ўз ватандошларининг маошларини олиб, эгаларига беришни бош тортиб юрганликда гумон қилинган хоразмлик шахс Санкт-Петербург ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳибсга олинган.
Ўзбекистондаги оғир иқтисодий аҳвол бир неча миллион кишини хориждан иш қидиришга мажбур қилган, бугунги кунда Россия ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари энг кўп бориб жойлашган мамлакат ҳисобланади.
Мухбирларга кўра, Россияда ўз меҳнати билан оиласини боқишга отланганлар билан бирга ўз ватандошлари ёки бошқа мамлакатлик меҳнат муҳожирларига Россияда ишлаш ҳуқуқини берадиган сохта гувоҳнома тайёрлаб бериш, иш берувчиларга одам топиб бериш ваъдаси билан муҳожирларни чув туширишга ихтисослашган фирибгарлар гуруҳлари ҳам пайдо бўлган.
"Нажот" инсон ҳақлари гуруҳи Россиянинг Москва шаҳри ва вилояти, Ростов-Дон ва Твер вилоятларида алданиб қолган хоразмликлар ҳақидаги маълумотларга эга эканини айтади.
Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари фуқароларни одам савдоси қурбонларига айланмаслик ҳақида огоҳлантириб келади, ана шундай ҳолатга тушганларга ҳуқуқий ва бошқа турдаги кўмаклар ташкил қилингани айтилади.
Маҳаллий матбуот ҳам хорижга иш излаб чиқишнинг салбий оқибатларидан огоҳлантирувчи мақолалар эълон қилиб туради.
Аммо Ўзбекистоннинг ўзида иш жойларининг камлиги, мавжуд иш ўринлари учун таклиф қилинадиган аксар маошларнинг ҳам озлиги кўп одамларни чет элдан даромад излашга мажбур қилади.












