Дунёга машҳур ўнлаб ширкатлар Ўзбек пахтасини сотиб олмасликка ваъда беришди

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон ҳукумати пахта далаларида болалар меҳнатидан фойдаланмаётганини исботлаш юзасидан тобора кўпроқ халқаро босим остида қолмоқда.

Пахта йиғим-терими эндигина бошланган, аммо ҳозирнинг ўзида расмийларнинг мажбурий болалар меҳнатига чек қўйиш ҳақидаги ваъдаларига қарамай, балоғат ёшига етмаган болаларнинг автобусга босиб пахта далаларига олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар келмоқда.

Ўзбекистондаги болалар меҳнати ҳақида жар солаётганлар фақат меҳнат ҳуқуқлари фаолларигина эмас. Куни кеча олтмишдан ортиқ халқаро ширкатлар болалар қўли билан терилган ўзбек пахтасини билиб туриб, ишлатмаслик ҳақидаги ваъдани имзолашган.

Улар орасида "Адидас" дан ториб, H&M гача дунёга донғи кетган ширкатлар бор.

"Адидас"нинг ижтимоий ва атроф-муҳит масалалари бўйича халқаро директори Фрэнк Хенк мана бундай баёнот берди:

"Адидас" ширкати бу ваъдага тўла қўшилади. Биз йиллар давомида ўзимизнинг ахлоқ кодексимизни жорий этиб келганмиз. Унга мувофиқ, бизнинг таъминот тармоғимизда болалар меҳнати мутлақо тақиқланган. Бу ваъдани имзолаш билан биз ана шу тамойилга содиқ эканимизни яна бир марта намойиш этдик", - дейди "Адидас" ширкати вакили.

H&M ширкати эса, Би-би-сига юборган шарҳида, "Биз йирик пахта истемолчилариданмиз ва кўпгина ширкатлар каби бизнинг болалар меҳнатига қарши мавқеимиз аниқ. Қайси давлатда бўлишидан қатъиназар. Биз болалар меҳнатидан фойдаланган ҳолда йиғиб олинган ўзбек пахтасидан фойдаланмаслик ҳақидаги ваъдани имзоладик. Биз Халқаро Меҳнат Ташкилоти Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнатига чек қўйилганини мустақил равишда тасдиқламагунича, бу ваъдамизга содиқ қоламиз", дейди. Аммо бу фақат яхши ният белгиси сифатида қолиб кетмайдими?Патриша Юревич ушбу ваъдани мувофиқлаштираётган Масъулиятли Таъминот Манбаълари Тармоғининг директоридир:

-"Адидас" гуруҳи билан бир қаторда бу ваъдани имзолаган ширкатлар орасида Жэй Кру ва Хитойнинг йирик "Ли энд Фанг Лимитед" тармоғи, "Гуччи", "Боттега Венетта", Стэлла Маккартни ва Александр Макквин сингари машҳур брэндларни ўз ичига олган ва биз билан анчадан буён яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган "Пи-Пи-Ар" тармоғи бор. Бунга қадар "Азда" ва H&M каби ширкатлар ўзбек пахтасини бойқот қилишга қўшилган эдилар. Аммо ҳозирда биринчи марта бу каби катта сондаги ишлаб чиқарувчилар биргаликда, "биз болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдаланган ҳолда териб олинган ўзбек пахтасини ишлатмаймиз", дея ваъда беришмоқда.

Ҳужжатда болалар меҳнати ёрдамида териб олинган ўзбек пахтасини "билиб туриб" ишлатмаслик деб ёзилган. "Билиб туриб" деган ибора, атайдан, четлаб ўтиш учун ишлатилганга ўхшамайдими? Чунки пахтанинг биринчи манбаъсини топиш жуда қийин иш?..

-Гапингиз жуда ҳам тўғри. Биз бу ширкатлар билан ўтириб, ниҳоий матн устида жуда кўп ишладик. Пахтанинг асл манбаъсини топиш жуда қийин масала. Чунки пахта хомашёси бозорда қўлдан-қўлга ўтади. Кўпгина савдогарлар турли-туман воситачилардан аввал хом ашёни сотиб олиб, кейин уни толага айлантирадилар. Яъни бу жараённи назорат қилиш жуда қийин. Аммо биз ҳозирда бу савдогарларнинг рўйхатларини ҳам тузаяпмиз ва ўзбек пахтасини сотиб олаётганларни аниқлаш борасида ишлаб чиқарувчилар билан яқиндан ишламоқчимиз ва фақат савдогарлар ёки ишлаб чиқарувчилар эмас, балки биржалар ҳам, бутунбошли саноат болалар меҳнатидан воз кечишига эришиш мақсадини қўйганмиз.

Аммо бу бойқот қанчалик самарали, деб ўйлайсиз? Бу кампанияю ваъдаларга қарамасдан, Ўзбекистон ҳукумати ўз пахтасини сотишда бирон қийинчиликка дуч келаётгани сезилмайди?..

-Бунга охирги пайтларда хомашё бозорида пахтага бўлган талабнинг кучайгани, пахта нархининг кўтарилиб кетиши ва бошқа бир қатор омиллар ҳам сабаб бўлди, деб ўйлайман. Аммо пахта саноатидаги одамларнинг бизга айтишларича, воситачилар орасида Ўзбекистондаги болалар меҳнатига қарши халқаро кампания сабаб, ўзбек пахтасини сотиб олишни истамаётганликларини айтганлари ҳам бўлган. Яъни, бу борада қадамлар қўйиш бошланган. Халқаро ширкатлар воситачиларга аниқ йўл-йўриқларни беришлари керак. Алоҳида ширкатлар ёки таъминотчилар эмас, балки бутунбошли саноат миқёсидаги ёндошув бўлганидагина, бу кампания муваффақиятли бўлади, деб ишонаман.

Би-би-си эса, Ўзбекистон пахта далаларидаги болалар меҳнатини кузатишда давом этмоқда. Самарқандлик мухолифат ва инсон ҳуқуқлари фаоли Холиқназар Ғаниевнинг Би-би-сига айтишича, ўқувчи талабаларнинг пахта далаларига мажбуран олиб кетилаётганини маҳаллий расмийлар ҳам тасдиқлашмокда:

Дастуримиз ва веб саҳифамизда кўтараётган ушбу мавзу ўқувчиларимиз орасида ҳам акс-садоларга сабаб бўлмоқда. Қуйида уларнинг мактубларидан айримларини келтириб ўтамиз:

Xursandbek, Moskva

To'g'ri, biz ham fermer bo'lganmiz, hozir foydadan ziyon ko'p. Davlatga 10 million so'mlik paxta sotsangiz, sizga o'sha paxtani yetishtirish 11 millionga tushgan bo'ladi u faqat davlat bilan bo'lgan aloqangiz cho'ntagingizdan ham 1 million sarf qilgan bo'lasiz. Fermerga hozir go'zapoya va somon qolyabti xolos, agar mol qo'yi bo'lsa, dala atrofida boqib olayabti.

Xursandbek, Moskva

Men O'zbekiston fuqarosiman, hech qachon o'quvchilar o'z xohishi bilan paxta terimiga chiqmagan. Aksincha, mavsum mobaynida paxtaga chiqmagan o'quvchilarni maktabdan haydab yuboriw hollari ham bo'lgan.