Ўзбекистон: яна янги пахта мавсуми, яна оммавий сафарбарлик

Сурат манбаси, BBC World Service
Жиззах вилоятида ҳамма нарса пахта теримига шай ҳолатига келтирилган. Ғўзаларнинг барглари тўкилган, пахтачилик билан шуғулланадиган хўжаликларга ёрдамчилар кела бошлаган. Терилган пахтага ҳали пул берилмаётган бўлса-да, маҳаллий аҳоли вакиллари оммавий равишда пахтага чиқа бошлаган. Жиззахда бу йил мактаб ўқувчиларининг меҳнатидан фойдаланилмаслиги айтилаётир.
Қишлоқ хўжалигидаги фермерлардан тортиб, аҳоли вакилларининг ҳаммаси пахта мавсумига шай ҳолатга келтирилган. Пахта нархи ҳали белгиланмган бўлса-да, "Пахтакор" туманидаги хўжаликларда терим ишлари бошланган.
"Вилоят ҳокими уч мингта, туман ҳокими уч мингта ёрдамчи юборган, олти мингта ёрдамчи бор. Ҳамма пахта йиғимига кўтарилган. Пахтанинг нархи ҳали чиққани йўқ. Беш кунлик қилиб берамиз”, - дейди исмини ошкор қилишни истамаган фермер.
Кўмакчилардан ташқари ҳар бир фермер пахта экилган гектарига қараб ўзи ҳам теримчи топиши шарт. Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси Саида Қурбоновага кўра, фермернинг ўзи теримчи топмаса мажлисда гап эшитиши мумкин.
“Мисол учун бир гектар пахта ерига 2-3 тадан одам тўғри келса, ўшани мажбурий равишда олиб келиши керак. Бўлмасам ҳар куни мажлисда тик турган ҳолда гап эшитиш кимга керак?" - дейди Саида Қурбонова.
Ўтган йилгидан фарқли равишда бу йил мактаб ўқувчилари ҳозирча пахта теримига жалб қилинмаган. Кузатувчилар ўтган йили айни шу вақтда ўқувчилар далада теримга жалб этилганини айтишади. Саида Қурбонова пахтага ўқувчиларнинг жалб қилинмаслигига ишонмаслигини айтади.
"Бу гап ишончли эмас, ҳар йили шу гап, "мактаб ўқувчилари чиқмайди, ёрдамчи келади", деб айтилади. Лекин мактаб ўқувчилари мажбурий равишда олиб чиқилади", дейди собиқ фермер хўжалиги раҳбари ва инсон ҳақлари фаоли.
Коллеж талабалари ҳам оммавий равишда пахтага жалб қилингани айтилади. Аммо кузатувчилар туманлардаги коллеж ўқувчиларни пахтага мажбурлаш самара бермаслигини айтишади. Шундоқ ҳам тўлдириш қийин бўлаётган коллежларда пахта мавсумида аксар талабаларнинг умуман коллежга бормаслиги айтилади.
“Коллеж талабаларининг ярми чиқса ҳам катта гап. Чунки талабаларни пахта кам жойга олиб чиқишади. Шунинг учун кўпчилик справка тўғрилайди ёки маъмурият билан гаплашади”, - дейди коллеж талабаси.
Асосан қишлоқ хўжалигига асосланган Ўзбекистонда пахта асосий хомашё ҳисобланади. Халқаро ташкилотлар жаҳон бозорида мўмайгина пул турадиган бу маҳсулотдан тушган фойда уни етиштириб бераётганларнинг қўлига деярли тегмаслигини танқид қилиб келадилар.
Олдинги йилларда Жиззах вилоятида фермерлар давлат томонидан берлгиланган режани ортиғи билан бажарганлари тақдирда ҳам фойда кўрмаганлари кузатилган. Пахтанинг давлат томонидан белгиланган ҳақи уни етиштириш учун кетадиган харажатларни қопламайди.












