Жаҳон бозорида пахта арзонлади, бунинг Ўзбекистонга таъсири қандай бўлади?

Ўқилиш вақти: 1 дақ

АҚШнинг Bloomberg молиявий ахборот агентлиги тарқатган энг сўнгги хабарларга кўра, нархи осмонга сапчиган март ойи билан солиштирганда Жаҳон бозорида пахтанинг баҳоси 31 фоизга арзонлаган.

Аён бўлишича, вужудга келган вазиятга Хитой ва Ҳиндистон каби дунёнинг айрим йирик истеъмолчи давлатларида пахтага бўлган талабнинг жиддий пасайиши сабаб бўлган.

Бунинг оқибатида, жаҳондаги энг йирик пахта экспортери саналган АҚШнинг ўтган бир неча ҳафта давомида кетма-кет қатор савдо шартномаларини бекор қилишига тўғри келган.

Экспертларга кўра, барча бу омиллар қўшилиб, жаҳон бозорида пахтанинг нархи анчагина тушган.

Уларнинг айтишларича, мазкур ҳолат иқтисоди асосан пахта экспортига қарам бўлган аксарият Ўзбекистон ва Тожикистон каби Марказий Осиё давлатларига ҳам таъсир этмай қолмайди.

Ўзбекистон ва Тожикистон валюта тушумининг каттагина қисмини четга пахта сотишдан тушадиган даромад ташкил этади.

Айниқса, Ўзбекистон пахта экспорти бўйича дунёда юқори учликка киради ва пахта мамлакатда стратегик хом-ашё саналади.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонга йилига 3.5 миллион тонна атрофида пахта хом-ашёси етиштиради.

Ўтган йил Британия Матбуот Уюшмаси тарқатган хабарга таянилса, Ўзбекистоннинг пахта савдосидан тушадиган даромади йилига бир миллиард АҚШ долларидан ортиқроқни ташкил этади.

Экспертларга кўра, пахта нархининг тушиши янги ҳосилга қадар давом этиши, бу эса, пахта етиштирувчи давлатларнинг экспорт тушумларига жиддий таъсир қилиши мумкин.

Аммо Ўзбекистон четга пахта хом-ашёси сотишни босқичма-босқич қисқартириб, уни мамлакат ичкарисида қайта ишлашга кўпроқ эътибор қаратиш истагида эканини ҳам айтиб келади.

Ўзбекистонда давлат пахтани деҳқонлардан арзон нархда сотиб олади ва пахта нархи кўтарилган пайтлар ҳам уларнинг косаси оқармаган.

Буларнинг барчаси назарда тутилса, Жаҳон бозоридаги сўнгги ҳолат Ўзбекистон иқтисодига қанчалик жиддий таъсир қилиши мумкин? Биз ушбу савол билан ўзбекистонлик мустақил иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовни суҳбатга тортдик: