АҚШ Ўзбекистон билан хавфсизлик масалаларида ҳамкорликни кучайтирмоқчи

АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари генерал Жеймс Маттис Тошкентга уч кунлик сафари давомида Ўзбекистон билан хавфсизлик масалаларида ҳамкорликка оид дастурни имзолади.
Бу ҳақда Американинг Ўзбекистондаги элчилиги хабар тарқатди.
Дастурда томонлар ўзаро келишув асосида зиммаларига олган қатор масъулиятлар ва 2011 йилда кўзда тутилган ўқув машғулотлари хусусида сўз боради.
Элчилик тарқатган хабарларда дастурда айнан қандай масъулиятлар кўзда тутилаётгани тафсилотлари айтилмайди.
Аммо, билдирилишича, генерал Жеймс Маттис ўзбекистонлик мулозимлар билан музокаралари чоғида минтақавий хавфсизлик, жумладан, Афғонистондаги вазиятни муҳокама этган.
Америка Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини дастаклашда 2001-2005 йиллар оралиғида Ўзбекистондаги "Хонобод" ҳаво базасидан фойдаланиб келган.
Лекин 2005 йил 13 май ойидаги Андижон воқеалари ортидан АҚШ ҳарбийларидан "Хонобод" базасини тарк этишлари сўралган.
Ўшандан буён Америка томони Афғонистондаги ҳарбий амалиётларини дастаклашда Қирғизистондаги "Манас" ҳаво базасига таяниб келади.
Аммо ўтган йили Қирғизистоннинг "Манас" ҳаво базасини ёпишга оид кутилмаган қарори ортидан расмий Тошкент Қўшма Штатларга Ўзбекистон ҳудуди орқали Афғонистонга ноҳарбий юкларни ўтказишга рухсат берганди.
Сўнгги пайтларда АҚШ ҳарбийлари учун Шимолий Таъминот Тизимининг аҳамияти ортиб бормоқда.
Айрим хабарларга кўра, Шимолий Таъминот Тизими орқали Афғонистонга етказиладиган юкларнинг 30 фоизи ташилади ва бу юкларнинг деярли ҳаммаси Ўзбекистоннинг Термиз чегара нуқтасидан ўтади.
Ўтган ҳафта охирларида АҚШ қўшни Қозоғистон билан ҳам Афғонистонга янги ҳаво йўлаги очиш хусусида келишиб олганди.
Жеймс Маттис шу йилнинг ёз ойларида АҚШ Марказий қўмондонлигининг янги раҳбари этиб тайинланганди.
Генерал Маттис Американинг Яқин Шарқ, Афғонистон ва Покистондаги ҳарбий амалиётларига масъул, деб кўрилади.
У ўз фаолияти давомида Афғонистон урушига асосий диққатини қаратиши ва президент Барак Обаманинг Афғонистонга оид стратегиясини дастаклаб бориш ниятида эканини айтганди.
Генерал Жеймс Маттис Афғонистон урушида албатта қўллари баланд келишига ишонган Америка ҳарбийларидан биридир.












