Дайжест: АҚШ Марказий Осиёга нима таклиф қилади? Ун ваҳимасига ўрин йўқ Dunyo Yangiliklar

Марказиё Осиё давлатлари ва АҚШ президентларининг саммити

Сурат манбаси, O'zbekiston prezidenti matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учрашуви бутун дунёда муҳокама қилинмоқда

Украина уруши манзарасида АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари раҳбарларининг учрашуви дунё сиёсатчилари, сиёсий таҳлилчилари ва оммавий ахборот воситалари муҳокамаси мавзусига айланди.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Бош ассамблеяси навбатдаги сессиясига йиғилган Марказий Осиё республикалари раҳбарлари ва АҚШ Президенти Жо Байден 19 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида кўришдилар.

Бу "C5+1" форматидаги саммит эди.

Алоқадор мавзулар:

АҚШ ва Ғарб Украина босқини боис Россияга қарши кўплаб санкциялар киритди, Украинага ҳарбий, молиявий ва бошқа кўмакларни бериб келмоқда.

Бироқ собиқ совет республикаларининг бирлашмаси бўлган МДҲ, Шанхай Ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа тузилмалар орқали боғланган Марказий Осиё республикалари Россия билан мулоқотларини ушлаб турибдилар.

Россиянинг ҳарбий қудратини кесиш мақсадини кўзлаган санкциялар жорий этилганидан бир йил ўтиб қўшни мамлакатлардан ҳамон Россия қурол-яроғида қўлланаётган эҳтиёт қисмлар етиб бораётгани аниқланди, АҚШ ва Европа Иттифоқи минтақа мамлакатларини иккиламчи санкциялар эҳтимолидан огоҳлантирдилар.

Ғарб нашрлари минтақанинг узоқ вақт мобайнида Россиянинг томорқаси деб кўриб келингани, бугунги кунга келиб Хитой иқтисодий таъсирига тушиб қолиши мумкинлигини ёзадилар, нотинч Афғонистон билан қўшнилик давлат раҳбарларини эҳтиёткорлик билан иш тутишга ундашини таъкидлайдилар.

Бундай вазиятда АҚШ Марказий Осиёга нима таклиф этиши мумкин, деган савол қўйилади.

ЎЗбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва АҚШ Президенти Жо Байден

Сурат манбаси, .

Хитой нашрлари АҚШнинг минтақа билан ҳамкорлиги ҳудудга барқарорлик келтирмайди, деб ёзмоқдалар.

Нью-Йоркдаги учрашувда АҚШ Президенти Жо Байден Ўзбекистон суверенитетини дастаклаши таъкидланган.

"АҚШ Президенти мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалда оширилаётган ва муқаррар тус солган ислоҳотлар сиёсатини қатъий қўллаб-қувватлашини тасдиқлади", деб хабар берди Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Ўзининг БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида Президент Шавкат Мирзиёев дунёда "ишонч инқирози" юзага келганини айтди, "халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш" туфайли бутун жаҳонда кескинлик ортиб бораётганини таъкидлади.

"Умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда" жипслашишга чақирди БМТ минбаридан Ўзбекистон президенти.

Ўзбекистонда ун қимматлади

Ўзбекистонда охирги кунларда ун нархи ошгани кузатилди.

Қопи 250000 сўм бўлган ун 430-450 минг сўмга, Қозоғистон буғдойининг Ўзбекистонда янчилган унинг 175000 сўмлик қопи 250-260 сўмга чиқиб кетган.

Расмийларга кўра, бунга Қозоғистонда бу йил ёғингарчилик кўп бўлиб буғдой ҳосилини йиғиштириш ва нархларни шакллантириш қийин бўлгани сабаб бўлган.

Нархини белгилолмаган Қозоғистон тадбиркорлари ун сотишни тўхтатганлар, бу эса Ўзбекистонда ун нархи кўтарилишига олиб келган.

Ўзбекистон расмийларига кўра, мамлакатда ҳам Ўзбекистоннинг ўзида етиштирилган, ҳам Қозоғистондан олиб кирилган буғдой ва ун захираси етарли, ажиотажга ўрин йўқ.

Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг расмийларга таяниб билдиришларича, ун тақчилигги вазияти уч-тўрт кунда енгиллашади.

Расмийлар аҳолини ун ва буғдойни ўзларига зурур бўлганидан ортиқча сотиб олмасликка чақирмоқдалар.

https://t.me/bbcuzbek

BBC.COM/UZBEK

Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002