Янгиликлар. Ўзбекистон: ‘Синалган дўст’, муаммоси қолмаган чегара, тақдири ҳал бўлган Кампиробод ва бир миллионга яқин ўзбек... – Шавкат Мирзиёев Бишкекда O‘zbekiston Qirg‘iziston Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, RASMIY
- Author, Шоҳруҳ Соипов
- Role, Мустақил журналист
Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари энди батамом ўзгардими? Бишкекда нималар бўлди?
Аҳолиси олти миллиондан сал кўпроқ Қирғизистонда бир миллионга яқин этник ўзбеклар ҳам яшашади.
Алоқадор мавзулар:
Президент Шавкат Мирзиёев Қирғизистонга икки кунлик давлат ташрифини кеча, 26 январь куни бошлаган.
Шу соатларда икки қўшни давлат президентлари тор доирадаги музокараларини якунлашган.
Расмий хабарларга кўра, музокаралар чоғида президент Мирзиёев сўнгги икки йилда Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги жуда самарали ривожланганини қайд этган.

Сурат манбаси, ...
Томонларнинг бирдек таъкидлашларича, шу вақт оралиғида ўзаро муносабатларини мутлақо янги даражага олиб чиқишга муваффақ бўлишган.
Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасининг делимитацияси якунига етказилгани эса, тарихий воқеа сифатида эътироф этилган.

Сурат манбаси, ...
Агар, Ўзбекистон президенти келтирган рақамларга таянилса, ўтган бир йилнинг ўзида Қирғизистон билан ўзаро савдо ҳажми етти баробарга кўпайган.
Ўтган йилнинг ўзида товар айирбошлаш 30 фоизга ошиб, 1,3 миллиард долларга етган.
Томонлар ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш истагини изҳор этишган, расмий хабарларда бу хусусда ҳар икки давлат ҳукуматларига топшириқ берилгани айтилган.
Музокараларда, шунингдек, икки томонлама сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилингани айтилмоқда.
Расман маълум қилинишича, президентлар Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик масаласига ҳам эътибор қаратишган.
Замонавий хатар ва таҳдидларга самарали қарши курашиш масалаларини ҳам муҳокама қилишган.
Аммо бу хусусдаги расмий хабарда сўз айнан қандай хатар ва таҳдидлар ҳақида кетаётгани очиқланмаган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида ўтказилган музокаралар якунида ҳужжатларни имзолаш ва алмашиш маросими бўлиб ўтган.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Садир Жапаров икки томонлама муносабатларни сифат жиҳатидан янги - кенг қамровли стратегик шериклик даражасига олиб чиқувчи Декларацияга имзо чекишган.
Шу жумладан, томонлар Ўзбекистон-Қирғизистон Давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисидаги шартноманинг ратификация ёрлиқларини алмашиш тўғрисида баённомани ҳам имзолашган.
Давлат ташрифи бошланди

Сурат манбаси, RASMIY
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 26 январь куни давлат ташрифи билан Қирғизистон пойтахти Бишкекка келди.
Шавкат Мирзиёев ва биринчи хоним Зироатхон Мирзиёевани "Манас" халқаро аэропортида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ўз рафиқаси билан кутиб олди.
Аэропортдаги устунларга ҳар икки давлат байроқлари илинган, гилам ётқизилиб, фахрий қоровул саф тортган.
Давлат раҳбарлари ва уларнинг рафиқалари аэропорт биносида қирғизистонлик санъат усталари ҳамроҳлигида концерт дастурини томоша қилган.
Ундан сўнг, Шавкат Мирзиёев Бишкек яқинидаги "Ата-Бейит" миллий тарихий-меморий мажмуасини зиёрат қилган ва 1916 йилда фожиали воқеалар натижасида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган ёдгорлик пойига гулчамбар қўйган.
Мирзиёевга Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси - Президент Администрацияси раҳбари Ақилбек Жапаров ҳамроҳлик қилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ўтган йилнинг 10 декабрида келиши айтилган эди, аммо сафар қолдирилган, сабаби эса очиқланмаган. Қирғизистон қўшни давлат раҳбарининг сафари йил охиригача амалга оширилишини маълум қилган эди.
Бизнес форум
Кеча, 26 январь куни пойтахт Бишкекда "Қирғизистон-Ўзбекистон" бизнес-форуми бўлиб ўтган ва икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш ва ривожлантириш йўналишида 168 миллион долларлик 11 ҳужжат имзоланган.
Тадбирда Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзоқов иштирок этган.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Ақилбек Жапаровнинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакатда Ўзбекистон сармояси иштирокидаги 60 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Улардан 22 таси қўшма корхона, 38 таси тўлиқ Ўзбекистон капитали иштирокида фаолият олиб бормоқда.
"Биз мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга Ўзбекистондан инвестициялар, технологиялар ва компания бошқарувини жалб қилишдан манфаатдормиз. Ўзбек бизнесига таклиф қиладиган нарсамиз бор. Мамлакатимизга ишончни мустаҳкамлаш, шаффоф ишбилармонлик ва сармоявий муҳит яратиш орқали инвесторларни жалб этиш бўйича қатъий чоралар кўряпмиз. Миллий миқёсдаги объектларга йирик сармоя киритиш учун қўллаб-қувватлаш чоралари ва хавфсизлик кафолатлари кучайтирилган ҳолда "стратегик инвестор"нинг алоҳида мақоми яратилиши режалаштирилган", деган Ақилбек Жапаров.
У ўтган йилнинг 11 ойи якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 543,2 миллион АҚШ долларини ташкил этганини ва бу кўрсаткич 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 21 фоизга ошганини қўшимча қилган. Шунингдек, Шавкат Мирзиеёнинг давлат ташрифи доирасида Қирғизистонда автомобил ва савдо ускуналари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиши режалаштирилганини урғулаган.
Кун тартиби

Ўзбекистон президентининг Қирғизистонга давлат ташрифи доирасида бугун, 27 январь куни давлат раҳбарлари ҳар икки томонни қизиқтирган кенг кўламли масалалар ва икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қиладилар. Бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда. Жумладан, Қирғизистон-Ўзбекистон чегараси бўйича икки давлат парламенти ратификация қилган шартнома ҳам имзоланади.
Ўтган йили икки давлат расмийлари 1300 кмдан ортиқ чегарани аниқлаш жараёнини якунлаб, келишувлар имзолаган эди. Қирғизистон Миллий Ҳавфсизлик Давлат Қўмитаси раиси Қамчибек Ташиевнинг сўзларига кўра, деярли 20 минг гектар баҳсли ер Қирғизистонга ўтади, Ўзбекистон эса жанубдаги Кампиробод сув омборини ўз назоратига олади.
Қирғиз-ўзбек муносабатлари Шавкат Мирзиёев 2016 йилда ҳокимият тепасига келганидан кейин жонлангани кузатилади. Жумладан, бир йил давомида чегаранинг 85 фоизи аниқланиб, икки давлат фуқароларининг назорат-ўтказиш пунктларидан ўтишидаги тўсиқлар бартараф этилган. Бундан ташқари, узоқ йиллардан бери тилга олинаётган Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши лойиҳаси ҳам амалга оширила бошланган.
Савдо-сотиқ

Сурат манбаси, RASMIY
Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дипломатик муносабатлар расман 1993 йилнинг 16 февралида бошланган. Икки давлат ўртасидаги савдо алоқалари мустақилликка эришгандан сўнг ривожланиб, бироқ 2005 йилдан кейин сустлашгани кузатилади.
Европада Xавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти академияси ўтказган тадқиқотга кўра, 1995 йилда икки давлат ўртасида 159 миллион доллар товар айирбошланган, бу Қирғизистон умумий айланмасининг 18,2 фоизини ташкил қилган. 2002 йилда эса товар айирбошлаш 88 миллион долларга (умумий айланманинг 8,2 фоизи) камайган. 2010 йилга келиб қўшни давлатлар товар айланмаси 200 миллион долларга етган.
Ўзбекистон ЕОИИ аъзоси бўлмаганига қарамай, 2016 йилдан кейин икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 300 миллион долларга ошган. Сўнгги икки йилда бу кўрсаткич қарийб 500 миллион долларга етган бўлса-да, бу рақам асосан ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан кўтарилган. Бошқача айтганда, Қирғизистон экспортдан кўра, кўпроқ импорт қилади.
Ўтган йили Қирғизистон Россия билан $2,7 миллиард доллар ва Қозоғистон билан $976 миллион доллардан кўпроқ савдо қилган.
Ўзбекистон расмий маълумотларига кўра, 2019 йилда товар айланмаси $818 миллион долларни ($668 миллион доллар экспорт, $150 миллион доллар импорт), 2020 йилда эса $903 миллион долларни ($756,6 миллион доллар экспорт ва $146,5 миллион доллар) ташкил қилган.
Қирғизистон Ўзбекистонга энг кўп кўмир ва ёқилғи (ўртача $40 миллион доллар), тош, қурилиш материаллари, цемент ($30 миллион доллар) ва қора металлар ($20 миллион доллар) экспорт қилади. Ўзбекистон Қирғизистонга эса трикотаж мато ва кийим-кечак (ўтган йили салкам $60 миллион доллар), мева ($28 миллион доллар), пластмасса буюмлар ($27 миллион доллар), ўғит ($23 миллион доллар) ва гилам ($10 миллион доллар) импорт қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Қирғизистон жанубига ҳам газ етказиб беради. Аммо одатда кунлар совуганда газ босими озайиб, унинг миқдори камайиши кузатилади.
Мавсумий миграция ва туризм
2010 йилда Қирғизистондаги апрель инқилоби, сўнгра жанубда юз берган этник низолардан сўнг, Ўзбекистон қирғизистонликлар учун чегарадан ўтишга чекловлар жорий қилган. Қўшни давлат фуқароларининг Ўзбекистонга ўтиши учун махсус таклифнома талаб қилинган.
Қолаверса, биринчи президент Ислом Каримовнинг Қирғизистонга сўнгги 10 йил ичида амалга оширган давлат ташрифи ҳақида оммавий ахборот воситаларидан маълумот топишнинг имкони бўлмади. Бунга Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасида содир бўлган бир қанча воқеалар сабаб бўлган бўлиши мумкин.
2016 йилда эса, собиқ президент Алмазбек Атамбаев илк бор Самарқандга, кейинги йил Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Бишкекка келган. Шу тариқа икки давлат делегациялари бир-бирларига ташриф буюришни бошлаган. Ўз навбатида Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида туризм ҳам ривожлана бошлаган.
2017 йилнинг сентябрь ойида Қирғизистон-Ўзбекистон чегарасидаги "Дўстлик" назорат-ўтказиш пункти тўлиқ таркибда ишлай бошлаган. Шунингдек, Ўзбекистонга кириш учун қўйилган қатор чекловлар ҳам бекор қилиниб, чегарадан фақат паспорт билан ўтиш имкони пайдо бўлган.
Статистик маълумотларга кўра, 2016 йилда Қирғизистон чегарасини 350 мингга яқин ўзбекистонлик кесиб ўтган бўлса, 2017 йилда бу рақам икки баробарга - 694 минг кишига ошган. Шу йилларда Ўзбекистонга қанча қирғизистонлик боргани маълум эмас.
Қирғизистоннинг ўша пайтдаги Ўзбекистондаги элчиси Ибрагим Жунусов 2018 йили Ўзбекистонга 3,2 миллион қирғизистонлик, 3,3 миллион ўзбек эса Қирғизистонга келганини маълум қилган.
2019 йилда Қирғизистонга 4,6 миллион ўзбекистонлик, 1,4 миллион қирғизистонлик эса Ўзбекистонга ташриф буюрган. 2020 йилда коронавирус пандемиясига қарамай, Ўзбекистон чегарасини 508 минг Қирғизистон фуқароси кесиб ўтган. Уларнинг аксари яқинларидан хабар олиш учун келган. Қирғизистонга эса 947,7 минг Ўзбекистон фуқароси келган.
2021 йилги статистик маълумотларга кўра, Қирғизистонда 985 минг ўзбек, Ўзбекистонда эса 291,6 минг қирғизлар истиқомат қилади.
2022 йилнинг ўн ойида эса 1,1 миллион қирғизистонлик Ўзбекистонга бориб, Қирғизистонга эса 700 минг Ўзбекистон фуқароси келган.
Айтиш жоизки, ҳар икки давлат фуқаролари расман "сайёҳ" сифатида ташриф буюришади. Бироқ Ўзбекистон фуқаролари Қирғизистонга кўпинча мавсумий ишлар учун ҳам келиб, асосан дала ишлари ёки қурилишларда ишлайди.
Қирғизистонга ҳар йили қанча ўзбекистонлик ишлаш учун келиши ҳақида аниқ маълумот йўқ. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, 100 мингга яқин Ўзбекистон фуқароси қўшни давлатга мавсумий ишлар учун келади.
Қонунга мувофиқ, Қирғизистондаги иш берувчилар хорижликлар учун махсус рухсатнома (2000 сўм қирғиз сўми, компаниялар эса 6000 сўм) олиши, ишчилар эса тиббий кўрикдан ўтиши керак. Шунинг учун ўзбекистонликлар билан шартнома оғзаки тузилади.
Ўтган йили бор-йўғи 55 нафар Ўзбекистон фуқароси Қирғизистонда ишлаш учун рухсатнома олгани ҳақида маълум қилинган.
Лойиҳалар
Уч томонлама "Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон" темир йўл лойиҳасидан ташқари, икки давлат "Қамбар-Ота-1" гидроэлектр стациясини қуришга ҳам келишиб олган. Қозоғистон ҳам ушбу лойиҳага қизиқиш билдираётгани маълум. Ҳисоб-китобларга кўра, янги ГЭСнинг қуввати "Тўқтўғул" ГЭСидан анча кучли бўлади.
Лойиҳанинг биринчи босқичи учун $486 миллион АҚШ доллари керак бўлади. Қурилиш учун зарур маблағлар республика бюджетидан ажратилади, бироқ йирик сармоялар ҳам жалб этилади.
"Қамбар-Ота-1" Қирғизистондаги энг йирик ГЭС бўлиши кутилмоқда. У 1860 мегаватт қувватга эга бўлиб, йилига 5 миллиард кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариши мумкин. У тўрт агрегатдан иборат бўлади.
Тўғоннинг баландлиги 256 метр бўлиб, унда тўпланган сув ҳажми беш миллиард куб метрдан кам бўлмаслиги кутилмоқда.
"Бу ҳақда ҳеч қандай шубҳа бўлмаслиги керак. Лойиҳани амалга ошириш учун саккиз-ўн йил керак бўлади. Асосий қурилишни 2024 йилда бошлаймиз. Биринчи блокни 2028 йилда топширмоқчимиз. 2032 йилда Қамбар-Ота-1 ГЭС лойиҳасини тўлиқ якунлаш имконияти бор. Агар бу лойиҳа амалга оширилса, Қумтордан кўра кўпроқ даромад келтиради", дейди собиқ энергетика вазири Дўсқул Бекмурзаев.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати дастлаб Ўш шаҳрида, кейин эса Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги Марғун қишлоғида мактаб қургани маълум. Самарқандек қишлоғида яна бир мактаб қурилмоқда.
Шунингдек, Ўш шаҳридаги Бобур номидаги Давлат академик ўзбек мусиқали драма театри Ўзбекистон бюджети ҳисобидан таъмирланмоқда. Унга $5 миллион доллар сарфланиши маълум қилинган.
Бундан ташқари, ўтган йилнинг март ойида Қирғизистон-Ўзбекистон тараққиёт жамғармаси ташкил этилиб, ташкилотнинг устав капитали $50 миллион долларни ташкил қилган.
Ушбу фонд агросаноат комплекси, тикувчилик ва тўқимачилик, қайта ишлаш, кон-металлургия саноатлари, транспорт; уй-жой қурилиши, савдо, бизнес ривожи, энергия комплекси, инфратузилма ва туризмни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштиради.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
















