Афғон ўзбеклари: Ўзбекистоннинг эътибори диққатимизни тортди, аммо… Afg‘oniston O‘zbekiston Tolibon dunyo yangiliklar

Толибон лидерлари

Сурат манбаси, AFP

Толибон қудратда экан, расмий Тошкент Афғонистондаги ўзбек тилининг бугунги ва эртанги тақдирига ойдинлик киритди. Бу масалага расман ва ошкора эътибор қаратди. Афғонистонлик айрим ўзбекларга кўра, бунақаси шу пайтгача бўлмаган. Аммо Толибоннинг Ўзбекистонга берган ваъдаси "ўзларини ишонтира олмаган".

Афғонистон Ўзбекистондан кейин дунёнинг энг кўп сондаги ўзбеклар яшовчи иккинчи давлати бўлади.

Давомий урушлар боис, Афғонистонда аҳоли бу яқин ўн йилликларда расман рўйхатга олинмаган.

Аммо, шунда ҳам, мамлакатдаги этник ўзбекларнинг сони турли хил манбаларда бир неча миллионга нисбат бериб келинади.

Улар асосан Афғонистоннинг Марказий Осиёга чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий вилоятларида яшашади.

Шу йилнинг 15 август куни эса, Афғонистонда амалдаги ҳукумат қулаган, президент қочган, Толибон мамлакатни қуролли йўл билан эгаллаган.

Толибон қудратга қайтиши ортидан Афғонистондан мамлакатдаги миллий озчиликлар, айниқса, ҳазоралар ва ўзбекларнинг жиддий хавотирда эканига оид хабарлар олинган.

Мозори Шарифда яшовчи айрим ўзбеклар орада Би-би-си билан суҳбатларида ўз қўрқувлари билан бўлишишган.

Улар худди 90-йиллардагиси каби миллат сифатида ўз мавжудликлари хавф остида қолиши мумкинлигидан ташвишда эканликларини айтишган.

Худди шу манзарада ўзбекзабон интернет сегменти орасида Толибон ўқув дастуридан ўзбек тилини чиқариб ташлаганига оид айрим тасдиқланмаган хабарлар бўй кўрсатган.

Худди шундан келиб чиқиб, "Афғонистонда Амир Темур, Шайбонийхон, Бобораҳим Машраб, Маҳмуд Ғазнавий, Абу Райхон Беруний меросининг ўрганилиши ҳамда навоийшуносликнинг тақиқлангани"га оид хулосалар қилинган.

Бунинг ортидан Афғонистоннинг шимолий Жаузжон вилояти маркази Шибирғон шаҳрида буюк ўзбек шоири, мутафаккири ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг тасвири туширилган деворнинг вайрон қилинганига оид суратлар ҳам пайдо бўлган.

Сурат илова қилинган постларда бу Толибоннинг иши экани иддао қилинган.

Аммо кибер фазода чоп қилинган суратлар ва айни мазмундаги даъволарга ҳаракат ҳозирча бирор бир муносабат билдирмаган.

Ўзбеклар Афғонистондаги тўртта йирик миллатдан бири саналишади.

Расмий Тошкентнинг расмий ахбороти

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби

Сурат манбаси, kun.uz

Воқеаларнинг худди шу каби ривожи манзарасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили кеча, 31 август куни расмий ахборот билан чиққан.

Вазирлик вакилининг расмий ахбороти Ўзбекистон ўз мустақиллигининг 30 йиллик санасини байрам қилаётган бир кунга тўғри келган.

Расмий ахборот қўштирноқ ичида "таҳлилчи" экани айтилиб, Анвар Назирнинг ижтимоий тармоқларда жойлаштирган айни мазмундаги "янгилиги"га жавобан берилгани кўрилган.

Вазирлик матбуот котибининг ахборотидан маълум бўлишича, мазкур хабарга ойдинлик киритиш учун Толибон ҳаракати расмий раҳбарияти гаплашишган.

"Бўлиб ўтган суҳбат чоғида ушбу ахборотнинг ҳақиқатга зидлиги таъкидланган".

Юсуп Қобилжоновнинг маълум қилишича, Толибон вакили ўзларига ўзбек тилининг, пушту ва дари тиллари билан бир қаторда, бундан буён ҳам Афғонистоннинг расмий тилларидан бири бўлиб қолишини тасдиқлаган.

У, шунингдек, Ўзбекистон томонига мамлакатнинг янги раҳбарияти ўзбек тилини ўрганиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини айтгани ҳам маълум бўлган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги вакилининг расмий ахбороти сўнггида эса, "баъзи билимсиз "таҳлилчи" ва журналистларнинг шубҳали шов-шувлар ва "қайноқ факт"лар илинжида очиқдан очиқ бузиб кўрсатилган ва ёлғон ахборотларни тарқатаётгани афсусланарли ҳолат" экани таъкидланган.

Вазирликнинг расмий ахбороти Толибон Афғонистонда ҳалича ўзининг янги ҳукуматини расман эълон қилмаган, уни тузиш устида "жиддий" иш олиб бораётган бир пайтга тўғри келган.

Ҳаракат янги ҳукуматининг очиқ, инклюзив, аммо исломий бўлишини ваъда қилган.

Бўлажак ҳукумат бутун афғон халқини намоён этишини айтган.

Толибон воизи "халққа хизмат қилиш учун" ўзларининг бу ерда эканликларини билдирган.

Афғонларни орадаги зиддиятларга барҳам бериб, бир ёқадан бош чиқаришга ундаган.

Агар бирлашишмаса, халқаро ҳамжамият Афғонистонни дастакламаслигини айтган.

Афғонистон минтақанинг энг кўп миллатли давлатларидан бири саналади.

Яқин яқингача ўз тилларининг аҳволи, мавқеи ва тақдири Ўзбекистонга чегарадош ҳамда узоқ йиллик урушлар ичидаги Афғонистонда этник ўзбекларни ҳам энг кўп норози қилган, шикоятларига сабаб бўлиб келган энг оғриқли мавзулардан бири бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати суҳбатлашган айрим маҳаллий ўзбеклар расмий Тошкентнинг ошкора муносабати билан боғлиқ воқеълик илк бор кузатилаётгани билан ўзларининг хос эътиборлари ва қизиқишларига сабаб бўлганини айтишди.

Аммо "халқаро ҳамжамият кўз ўнгида ўз имижини ижобий сақлаш ҳаракатида бўлган Толибон расман қудратга келгач, берган бу ваъдаларига қанчалик амал қилиши"ни савол остига олишди.

Покистон Ташқи ишлар вазири билан 25 август кунги расмий учрашуви чоғида Афғонистонда инклюзив бўлмаган ҳукуматни тан олмасликларини баён қилган Тожикистон президентининг эса, афғон халқига, жумладан, тожиклар, ўзбеклар ва бошқа миллий озчиликларга нисбатан ҳар қандай кўринишдаги қонунбузарлик, қотиллик, талончилик ва таъқибларни қатъий қоралагани ҳам расман хабар берилганди.

Ўзбекистон Афғонистон Толибон ҳаракати сиёсий қаноти билан расман, фаол ва тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориб келаётган ягона минтақа давлати бўлади.

Ўзбекистон томони яқинда чегара ҳимоясини таъминлаш ва чегара ҳудудида тинчликни сақлаш масалалари бўйича ҳам "Толибон" ҳаракати вакиллари билан яқин алоқада бўлиб турганини маълум қилган.

Аммо Афғонистонда "ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда умумий консенсус асосида тинч йўл билан амалга оширилади", деган мавқеида собит экани кўрилади.

Афғонистон ва ўзбек тили

Президентлар

Сурат манбаси, President.uz

Толибон қайта қудратга келмасидан аввал ўзбек тили Афғонистонда учинчи расмий тил ҳисобланган.

Мавқеи мамлакат Конституциясида расман белгиланган тиллардан бири бўлган.

Аммо бунга маҳаллий ўзбек зиёлилари ва фаолларининг узоқ йиллик саъй-ҳаракатлари ортидан, 2004 йилда эришилган.

Афғонистон пойтахти Кобулда эса, илк бор ўзбекча плакатлар фақат 2017 йилга келибгина кўриниш берган.

Бу воқеълик ўшанда Афғонистон тарихида кузатилмагани билан мамлакатда катта шов-шувга сабаб бўлган.

Ҳатто, Афғонистонда фаолият юритувчи халқаро ташкилотлар ҳам бу қадамни олқишлаб чиқишган.

Афғонистон, ўзбеклар ва ўзбек тили мавзуси президент Муҳаммад Ашраф Ғанининг худди ўша йили Тошкентга қилган расмий ташрифи чоғида алоҳида эътибор топган воқеъликлардан бирига айланган.

Афғонистон раҳбари пойтахт Тошкентда берган матбуот анжуман чоғида ўзбек тилининг мамлакатида тутган расмий мақомига алоҳида тўхталиб ўтган.

Ўзбекистондаги нутқларини асосан ўзбек тилида ирод қилган, мир Алишер Навоий ҳазратлари ижодидан икки шингилини ўзбек тилида ўқиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг "раҳмат"ларию залга йиғилганларнинг олқишларига ҳам сазовор бўлганди.

Аммо, шунда ҳам, бу ўзгаришларнинг аслида бошланғич қадам экани айтилган.

Бунинг сабаби эса, Афғонистон ўзбеклари бошқа ерлардаги миллатдошларидан фарқли тарзда сўнгги 2-3 асрда умуман бирон айтарли миллий ҳақ-ҳуқуққа эга бўлмаганликлари билан изоҳланган.

Афғонистон ва ўзбеклар

Матбуот анжумани

Сурат манбаси, facebook/drabdullahabdullah

Афғонистонда ўзбекларнинг мавқеи секин-аста ошиб бораётгани кўзга ташланаркан, бу фақат сўнгги ўн йиллик ўзгаришлари маҳсули экани айтилган.

Худди шу давр оралиғида афғон ўзбеклари мамлакатда бу яқин тарихда кузатилмаган ҳуқуқларга эга бўлишган.

Ўзбек тили шимолда расмий тил мақомини оларкан, мактабларда ўзбек тили ва адабиёти дарсларини ўқитиш бошланган.

Ўзбекчада матбуот ва теле-радио барномалар чиқа бошлаган, китоблар нашр этишга киришилган, шаҳарларда Бобур, Амир Тимур ва Алишер Навоий номидаги боғлар, кўчалар ҳамда даҳалар пайдо бўлган.

Парламент вакиллари, давлат мулозимлари ва ё мамлакатнинг бадавлат ишбилармонлари орасида ўзбекларнинг сони тобора ортган.

"Ўзбеклар борлигини бутун дунёга кўрсатамиз"

Ҳирот

Сурат манбаси, BEHROUZ MEHRI

2019 йили Ўзбекистонда ўзбек тилига расман давлат тили мақоми берилганининг 30 йиллиги президент даражасида катта тантаналар билан нишонланган.

Шавкат Мирзиёев худди шу сана энди Ўзбекистонда Ўзбек тили байрами куни сифатида байрам қилинишини эълон қилган. Ўзбек тилининг мавқеини кўтариш тўғрисидаги махсус фармонга ҳам имзо чеккан.

Буларнинг барчаси ўшанда Афғонистондаги ўзбеклар қолиб, ҳатто, ҳукумати раҳбарини ҳам беэътибор қолдирмаган.

Афғонистон ижроий раисидан тортиб, зиёлилар ва ёшлар ижтимоий мулоқот тармоқларини ўзбекча ёзувдаги постларга тўлдиришган, Ўзбекистондаги мазкур санага ўз ҳурматлари ва қизиқишларини шу тариқа намойиш этишган.

Афғонистоннинг Марказий Осиёга бевосита чегарадош ва ўзбеклар зич яшовчи айрим вилоятларида эса, ёшлар махсус плакатлар билан чиқиб, Афғонистонда Ўзбек тили кунининг байрам қилинишига қаратилган кампанияларини ҳам бошлаб юборишган.

Ўзбек тилининг мавқеи билан боғлиқ воқеаларнинг бу каби ривожи Афғонистон тарихида кузатилмагани билан ҳам ўшанда алоҳида эътибор топган.

Бунинг ортидан Афғонистонда ҳам бир гуруҳ маҳаллий ўзбек фаоллари ва зиёлилари худди Ўзбекистондагиси каби 21 октябрда ўзбек тилининг миллий тил сифатида расман байрам қилинишига эришишган.

Улар ўзбек тилининг мавқеини кўтариб, ҳатто, Ўзбекистон қилмаган ишни қилишлари, ўз тилларининг халқаро миқёсда байрам қилинишига эришишларини баён қилишган.

Бу тупроқларда ўзбеклар борлигини бутун дунёга кўрсатишларини айтаркан, демократик жамиятда ҳар бир ишнинг уддасидан чиқиш мумкинлигини таъкидлашганди.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek