Ўзбекистон: Андрей Кубатин, Омон Матжон вафот этди - Мирзиёев, O‘zbekiston, Mirziyoyev, yangiliklar

Andrey Kubatin

Сурат манбаси, FACEBOOK

Ўзбекистон: Андрей Кубатин, Омон Матжон вафот этди - яқинда оқланган истеъдодли ёш олим ва Халқ шоирининг ўлимига оид устма-уст хабар пойтахт Тошкентдан шу кеча-кундузда олинди.

77 ёшли Омон Матжоннинг ўлими сабаби очиқланмаган, аммо ёш тарихчининг вафотига коронавирус сабаб бўлгани англашилган.

Ўзи ва яқинларининг сўнгги икки ҳафта ичида ижтимоий тармоқларда қолдирган постларидан Андрей Кубатиннинг оғир аҳволда жонлантириш бўлимида экани маълум бўлган.

Орада кибер фазода дўстларининг ёш олим ва унинг оиласи учун молиявий ёрдам сўраб, қилган мурожаатлари ҳам кўзга ташланган.

Андрей Кубатин 36 ёшда эди.

Andrey Kubatin

Сурат манбаси, facebook

Кубатин илк бор 2017 йил 1 декабрида 11 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Аппеляция ёпиқ маҳкамада кўрилган. Унда айбланувчи ва адвокат иштирок этган, холос.

2017 йилда қатор ўзбек олимлари МХХ раҳбари Иноятовга мурожаат қилиб, Кубатин ишини қайта кўриб чиқишни сўрашган.

Аммо МХХ раиси мурожаатни жавобсиз қолдирган.

2018 йил Ўзбекистон Ҳарбий суди "Ватанга хиёнат"да айбланган турколог олим Андрей Кубатинни 5 йилга озодликдан маҳрум этган.

Андрей Кубатин иши ҳуқуқ фаоллари ва илмий жамоатчилик ўртасида норозиликларга сабаб бўлган.

Дунёдаги тарих, археология, политология, антропология ва архитектура соҳаларида машҳур бўлган 40 олим ёш истеъдодли туркшунос Андрей Кубатинни озод қилишни сўраб, Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилишган.

Мурожаатлардан кейин Ўзбекистон Бош Прокуратураси Андрей Кубатин устидан ҳарбий суд қарорига нисбатан протест киритган, ўтган йил 31 майида Кубатин ишини қайта кўриб чиқиш бошланган.

Ўша йил сентябрь ойида Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди турколог ва тарихчи олим Андрей Кубатинни оқлашга қарор қилганди.

Кубатин ёш бўлишига қарамасдан, дунёнинг академик доираларида яхши танилган шарқшунос олим эди.

Тошкент Шарқшунослик институти доценти Андрей Кубатин ўзбек тили шеваларини мукаммал билган.

Шу билан бирга истеъдодли тарихчи ва қадимшунос олим сифатида ҳам танилганди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Кубатиннинг реабилитацияси ва қамоқдан озод этилишини олқишлаган.

Манзил колониясида олим билан учрашувдан кейин Андрей Кубатиннинг ватанга садоқати, Президент Мирзиёев ислоҳотларида фаол иштирок этишга тайёрлиги ҳақида Бош Прокуратурага мурожаат йўлланганини билдирганди.

Халқ шоири ўлими

Omon Matjon

Сурат манбаси, BBCUZBEK.COM

Ўзбек шеъриятининг забардаст вакили, Ўзбекистон Халқ шоири Омон Матжон 77 ёшида Тошкент шаҳрида вафот этди.

Омон Матжоннинг шеърлари Евгений Евтушенко каби буюк рус шоирлари томонидан таржима қилинган.

Шоирнинг "Умр ўтар...", "Табассум қил", "Эшигингдан ўтарман бир кун", "Менинг кимлигимни эл билса бўлди" каби қатор шеърлари таниқли ҳофизлар тарафидан қўшиқ қилиб куйланган.

Омон Матжон 1991 - 1993 йиллар Ўзбекистон Президенти Девонида давлат маслаҳатчиси, 1993 - 1998 йилгача Давлат Матбуот Қўмитасида раис муови лавозимларида ҳам фаолият олиб борган.

Шоир адабиёт соҳасидаги хизматлари учун Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига сазовор бўлган. 2006 йилда Омон Матжонга Ўзбекистон Халқ шоири деган унвон берилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати таҳририяти марҳумлар яқинларига ўз ҳамдардлигини изҳор этиб қолади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek