Россия: Ўликхоналар жасадларни эплолмаяпти. Нималар бўлаяпти? Россия ва Ўзбекистон - O'zbekiston, Rossiya, Mirziyoyev, Putin, koronavirus, yangiliklar

У входа в морг на территории городской больницы №1, Керчь

Сурат манбаси, Valery Matytsyn/TASS

Россия: Ўликхоналар жасадларни эплолмаяпти. Нималар бўлаяпти? - Россия дунёнинг энг катта сондаги - миллионлаб ўзбекистонликлар турли иш, юмуш ва таҳсилда банд давлати бўлади.

Россия ҳудудларидаги касалхоналар ўликхоналарида жасадлар тўпланиб қоляпти. Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда бир-бирининг устига тахланган қора қоплар туширилган видео ва фотосуратлар мунтазам пайдо бўлмоқда. Уларнинг муаллифлари айтишича, коронавирус туфайли ўликхоналарда аутопсия - ўликни ёриб кўриш учун жасадлар тўпланмоқда, улар кўпайиб кетганидан ўликхоналар улгурмаяпти.

Расмийлар буни коронавирус туфайли ўлим сони кўпайиши ва карантин туфайли қариндошларнинг жасадни олиши мураккаблашгани билан изоҳлашади.

Касалхоналар ҳар бир коронавирус касалига аутопсия қилиши шарт, бу патолог анатомлар ишини кўпайтиради ва жасадлар йиғилиб қолишига сабаб бўлади.

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда Новокузнецк шаҳрида олинган видео пайдо бўлди - "ВКонтакте"даги "Инцидент Кузбасс" гуруҳида жойланган постда каталкалар ва полда, шу жумладан, йўлакда ётган йигирмага яқин қора пластик қоп акс этган.

"Ҳаммаси мурдалар. Улар ҳамма жойда. Туртиниб йиқилиб тушишингиз ҳеч гап эмас. Ҳушёр бўлиб юришингиз керак", дейди Россия оммавий ахборот воситаларида катта шов-шув кўтарган видео муаллифи.

Кузбасс Соғлиқни сақлаш вазирлиги видеонинг ҳақиқийлигини ва Ковид-19 туфайли ҳақиқатан ҳам ўлимлар кўпайганини тасдиқлади ва "бу ҳолатлар расмий статистикага киритилган", деб таъкидлади.

Худди шундай ҳолат Барнаулда ҳам содир бўлган: коронавирус билан касалланганларни даволаш учун қайта мослаштирилган 12-сонли касалхонада ўлган беморларнинг жасадлари аутопсияни кутиб, тўпланиб қолган. Ертўладаги каталкалар ва полда тўпланган қора пакетлар тасвирланган видеоклип "ВКонтакте"даги "Инцидент. Барнаул" саҳифасида эълон қилинди.

Олтой ўлкаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазиятни кунига "сезиларли даражада кўпайган" ўлим сони, шунингдек, қариндошлар уларни олиб кетишга шошмаётгани билан изоҳлади. Расмий маълумотларга кўра, минтақада бутун эпидемия давомида 309 киши коронавирусдан вафот этган.

Муассасада жасадларнинг тўпланиши коронавирусдан 100% ўлим ҳолатларида анатомик текширув ўтказиш зарурлиги билан изоҳланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тан олишича, касалхонада патолог анатомларнинг етишмаслиги сабабли, ҳар бир шифокорнинг иш ҳажми сезиларли даражада ошган.

Касалхона биносида бундай миқдордаги жасадлар учун этарлича камералар мавжуд эмас, дейилади вазирлик хабарида. Шунинг учун вафот этган беморларнинг жасадлари ҳарорат режимига риоя қилган ҳолда қайта мослаштирилган ертўлада сақланади. Вазирликнинг шикоят қилиб айтишича, вафот этганларнинг қариндошлари "дафн маросими ўтказиладиган заллар ёпилганлиги сабабли жасадларни ўз вақтида қабул қилишни" истамаяпти.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги аллақачон муаммони ҳал қилиш учун чоралар кўришни бошлади, деб гапирилади хабарда. Хусусан, патолог-анатомларнинг иши икки сменада ва дам олиш кунларида ҳам давом этади. "Биз ҳеч бўлмаганда ёриб кўриш учун жасадлар кўпайиб кетмаслигига ҳаракат қилмоқдамиз. Ҳозирда икки сменада, ҳафтанинг етти кунида, дам олмасдан, шанба ва якшанба кунлари ҳам ишлаяпмиз. Биз бу жараённи тезлаштириш учун қўлимиздан келганини қиламиз," дейди Олтой ўлкаси бош патолог анатоми Владимир Климачев.

"ВКонтакте"даги "Кострома" саҳифасида қопга солинган жасадлар тасвирланган видео ҳам пайдо бўлди. Кадрлардан кўриниб турибдики, кичкина хона поли қора қоплар билан қопланган. Жасадлар у ердаги иссиқ хонада ётибди, деб хабар беради "Kostroma Today" портали видео муаллифидан иқтибос келтириб.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бу ҳолатни патолог анатомларнинг етишмаслиги билан изоҳлади. "Касаллар сони ортгани сабабли касаллик таътилида патолог-анатомлар ҳам бор. Вилоят касалхонасида бундай шифокорлар унчалик кўп эмас, бу жуда кам учрайдиган мутахассислик тоифаси ҳисобланади, қолган патолог анатомларнинг иш юки кўпаймоқда," дейилади изоҳда.

Перм ўлкасида ўлимлар сони кескин ўсиши туфайли патолог анатомлар иш ҳажми ортишига дош беролмаяптилар. Бу ҳақда Ura.ru сайтига Перм вилояти тиббий экспертиза бюросига яқин бўлган, исмини ошкор қилмасликни сўраган манба айтган. Манбага кўра, юракнинг сурункали ишемик касаллиги ўлимнинг энг кенг тарқалган сабаби ҳисобланади. Вилоят суд экспертизаси бюроси Би-би-си қўнғироқларига жавоб бермади.

Нима учун жасадлар тўпланмоқда?

Москвадаги Морозов номидаги болалар клиник касалхонаси патология бўлими шифокори Александр Талалаевнинг айтишича, касалхоналарда жойлар етишмаслиги билан боғлиқ вазият, аввало, коронавирусдан ўлаётганлар сони кўпайиши билан, шунингдек, патолог анатомия бўлимларидаги ташкилий муаммолар билан боғлиқ. У бутун Россия бўйлаб патолог анатомларлар етишмаслигини улкан муаммо деб атайди, чунки унинг сўзларига кўра, бу иш обрўли саналмайди. "Менимча, бу энг ҳурматли касб; мен 54 йилдан бери ишлаб келаман ва ҳар куни мен учун қизиқ. Аммо бошқаларга унчалик қизиқ эмас," дейди Талалаев.

Бундай муаммо сурункали давом этадиган бўлимни билишини айтади (у аниқ бир шифокор исмини тилга олишни истамади). "Ҳаммаси ташкилотга боғлиқ: касалхонанинг бош шифокори, патолог анатомия бўлими бошлиғи ва омборхоналар," дейди Талалаев. Унинг айтишича, музлатгичлар қиммат, ҳамма касалхоналар ҳам уни сотиб ололмайди. Ўликхоналар учун совутиш камераларини сотадиган сайтлардан бирининг маълумотларидан кўриниб турибдики, нархлар битта ўрин учун 78 минг рублдан бошланади ва ҳар бир ўрин учун деярли 400 мингга этиши мумкин.

Вазиятга қариндошларнинг жасадни қанчалик тез олиб кетиши ҳам таъсир қилади, дейди шифокор. Унинг сўзларига кўра, ҳатто коронавирус эпидемияси бўлмаса ҳам, марҳумни баъзан олиб кетишмайди ёки фақат бир неча кундан кейин олиб кетишади. Жасадларнинг касалхоналарда тўпланиши билан боғлиқ вазиятни фақат совутиш камераларининг майдонини кўпайтириш йўли билан ҳал қилиш мумкин, дейди Талалаев.

Томск вилояти суд-тиббий экспертиза бюросининг собиқ раҳбари Сергей Кладовнинг сўзларига кўра, мурдаларнинг тўпланиши билан боғлиқ вазият ўликхоналардаги муаммолар ҳамда мутахассислар етишмаслигидан келиб чиқади. Унинг айтишича, Патологик анатомия бюросининг Томск ўликхонасида олтита ёриб кўриш столи бор эди, ҳозир иккитаси қолган, мутахассислар эса икки сменада ишлай бошлади.

Ортиқча иш учун шифокорларга қўшимча маош тўланмайди, дейди у. Томскдаги юқори тоифали ва тажрибали патолог анатомлар ҳозир 50-55 минг рубль, янги мутахассислар тахминан 20 минг рубль иш ҳақи олади. "Ёш мутахассислар келади, тезда кетиб қолади, бошқа касбга кетишади", дейди Кладов.

Жасадлар учун жой етишмаслиги билан боғлиқ вазият соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар, хусусан, ҳудудлар ва ходимлар билан ҳам боғлиқ, дейди Федор Алябев, Красноярск давлат тиббиёт университети суд тиббиёти кафедраси мудири. Унинг айтишича, муаммо ҳокимиятнинг ўликхоналарнинг майдони ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда янгиларини қуришни истамаслигидир.

Алябевнинг айтишича, масалан, Томск вилоятида кадрлар етарли, аммо расмийлар у ердаги ўликхоналарга эътибор қаратмайди. Ва баъзи минтақаларда, хусусан, Красноярск ўлкасида - Красноярск давлат тиббиёт университетида патологик анатомия бўйича ординатурага фақат битта ёки иккита бюджет ўринлари берилади, мана нима учун кадрлар этишмаслиги кузатилмоқда.

Ёриб кўриш столлари кам ва аутопсия учун навбат кўп бўлса, коррупция учун имконият туғилади, дейди Алябев. "Аутопсия столи иккита бўлганда, мурдани ёриб кўриш учун пора олишингиз мумкин. Акс ҳолда, улар бир ҳафта ўтиб ишни тугатиб беришади, - дейди у. -Жасадларни эгаларига бериш босқичида қанча кўп муаммо бўлса, шунча кўп пул ишлаш мумкин."

Аввал ҳам шундай бўлганми?

Россия ҳудудларидаги бир қатор ўликхоналарда мурдаларнинг тўпланиб қолиши билан боғлиқ вазият янги эмас. Маҳаллий оммавий ахборот воситалари июль ойида Томск ўликхонасида ўликлар тўпланиши ҳақида ёзган эди. Ўша пайтда, расмий маълумотларга кўра, минтақада эпидемия бошланганидан бери 20 киши коронавирусдан вафот этган. Кунига бир одам ўлаётгани айтилган эди.

"Московский комсомолец" ҳатто полларда ётган кўплаб қора қоплар тасвирланган фотосуратларни нашр этгач, минтақавий Патологик анатомия бюроси раҳбари Павел Горх суратлар Ковид-19дан ўлганлар жасади жойланган юқумли касаллар ўликхонасида олинмаганини айтди, чунки фотосуратларда ходимнинг шахсий ҳимоя воситалари бўлмаган. Бундан ташқари, Горч қопларда мурда эмас, латталар бўлганини айтган.

морг ОГБУЗ "Патологоанатомическое бюро" в Томске

Сурат манбаси, Sergei Kladov

Сурат тагсўзи, Патологик анатомия бюроси кўплаб қора қоплар тасвирланган фотосуратлар матбуотга чиқиб кетгач, бинога камералар ўрнатди, киришни чеклади.

Шунга қарамай, бир неча кун ўтиб, Томск вилояти губернатори Сергей Жвачкин вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Александр Холоповни ишдан бўшатди. Ҳоким буни маҳаллий ўликхоналардан биридаги "ташкилий тартибсизлик" билан изоҳлади.

Ушбу ўликхонада содир бўлган воқеадан сўнг у ерга соқчилар қўйилди, камералар ўрнатилди, аммо жойлар ва мутахассислар сони кўпаймади, дейди Би-би-сига Сергей Кладов.

Алябевнинг сўзларига кўра, жасадларнинг айрим ўликхоналарда тўпланиб қолиши муаммоси илгари ҳам бўлган. Унинг айтишича, у икки йил олдин Томскдаги Патологик анатомия бюросига борганида ҳатто ўша вақтда ҳам у ерда муаммо бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek