Ўзбекистон: Пахта пайти коронавирус нега кучаяди? - O'zbekiston, koronavirus, yangiliklar

O'zbekiston

Сурат манбаси, urlayeva

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Ўзбекистон: Пахта пайти коронавирус нега кучаяди? - Ўзбекистонда кундалик коронавирус ҳоллари яна орта бошлаган. Бу йилги пахта мавсуми эса, бошланиш арафасида. Пахта Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга маҳсулот бўлади. Ҳар йил пахтани катта сондаги ҳашарчилар кўмагида териб олади. Аммо бу йилги пахта мавсуми глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда. Бунақаси мамлакат тарихида бўлмаган. Буёғи нима бўлади? Коронавирус янада кучаядими?:

Ўзбекистон: Пахта пайти коронавирус нега кучаяди? (видео)

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Ўзбекистон дунёнинг энг кўп пахта етиштирувчи давлатидан биттаси бўлади.

Ҳозир Ўзбекистон йилига қарийб 3 миллион тонна пахта ишлаб чиқаради. Бу 1 миллион тонна пахта толаси деганидир.

Бу илгаригига қараганда нисбатан кам, аммо шунда ҳам Ўзбекистон жаҳон бозорида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди.

Йилига ишлаб чиқарилган пахта толасининг 50 фоизи четга экспорт қилинади.

Ўзбекистонда 2020 йил ҳосилидан бошлаб пахтага нисбатан давлат буюртмаси бекор бўлади. Бунақаси мамлакат мустақиллиги тарихида бўлмаган.

Аммо пахта Ўзбекистон учун стратегик аҳамиятга эга маҳсулот бўлади.

Ўзбекистон ҳар йил пахтани катта сондаги ҳашарчилар кўмагида териб олади.

Ўзбекистон, пахта ва коронавирус

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Аммо бу йилги пахта мавсуми глобал коронавирус пандемияси билан бир пайтга тўғри келмоқда. Бунақаси ҳам Ўзбекистон тарихида кузатилмаган.

Ҳозир Ўзбекистонда жами коронавирусга чалинганлар сони расман 45 мингга яқинлашган. Бу рақамлар ҳалича пневмония ҳолларини ўз ичига олмаган.

Ҳақиқий кўрсаткичлар расмийсидан кўп эканига оид хавотирлар йўқ эмас.

Сўнгги кунларда кундалик рақамларнинг яна орта бошлагани кузатилган.

Ўзбекистон иккинчи кучайтирилган карантин тартибини юмшатишга киришганига унча кўп бўлмаган.

Масъулларнинг куни-кеча айнан куз-қиш мавсуми боис, иккинчи тўлқин хавотирида эканликлари ҳам кўрилган.

Бу йилги йиғим-терим мавсуми эса, худди шу каби бир вазиятда бошланади.

Ўзбекистонда бу йилги пахта аллақачон очилиб бўлган.

Аммо мамлакат далаларидаги абгор шарт-шароит яқин-яқингача фаолларнинг жиддий хавотир ва танқидларига сабаб бўлиб келгани ҳам бор гап.

Бу эса, жорий пахта мавсуми арафасида мутахассисларнинг хавотирларига ҳам замин яратмай қолмаган.

"Агар ҳашарчилар худди аввалги йиллардагидек антисанитария ҳолатидаги бараклар, ҳожатхоналар, сувсиз жойларга сафарбар этиладиган бўлса, бунинг натижасида жуда ҳам аянчли ҳолатлар келиб чиқиши мумкин", - дейди, жумладан, Канададан асли ўзбекистонлик микробиолог Обид Мамадалиев.

Пандемия ва теримчилар

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўзбекистонлик мутасаддилар бу йилги пахта мавсумини қандай ташкиллаштириш масаласига ўтган ҳафта эътибор қаратишган.

5 сентябр куни АОКА биносида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган.

Унда айнан пандемия боис, пахта йиғим-теримига жалб қилинган фуқароларнинг тиббий хавфсизлиги борасидаги савол ҳам ўртага чиққан.

Баҳодир Умрзоқов, "Пандемия шароитида ишни қандай ташкил қилиш тўғрисидаги Низомда бу ҳақда алоҳида боб борлиги"ни таъкидлаган. Ишлар худди шу асосида ташкил қилинишини айтган.

Унга кўра, "бунда эрталабки гигиена, овқатланиш ва бошқа жараёнларнинг ҳаммаси ёзиб қўйилган".

"Мамлакатнинг бир ҳудудидан бошқасига жалб қилинган теримчиларнинг юзтасига битта ҳамшира бириктирилади, унинг махсус хонаси ҳам бўлади".

"У кунига икки маротаба барча ишчиларнинг ҳароратини ўлчайди, соғлигини назорат қилади".

Вазир ўринбосарининг айтишича, шу жараёнда керак бўладиган дори-дармонлар масаласини Ўзбекистон Бош вазири ҳал қилган, бу хусусда Ўзбекистон Санитария эпидемиология хизматига топшириқ берди, хизмат ўзлари билан яқидан ишлайди.

Баҳодир Умрзоқовга кўра, теримчилар билан имзоланажак шартномада пандемияга қарши талабларга мувофиқ битта модда ҳам бўлади.

Микробиолог мутахассис Обид Мамадалиевнинг айтишича, пахта терими мавсумида коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун энг аввало "теримчилар жалб этилган зоналарда уларнинг ётоқхоналари, ҳожатхоналари тўлиқ санитария-гигиена талабларига жавоб бериши лозим".

"Бундан ташқари, теримчилар тўлиқ тоза ичимлик суви, антисептиклар, юз ниқоблари билан таъминланиши, бу юз ниқобларининг ҳар икки соатда алмаштириб турилиши назорат этилиши лозим", - дея ўз сўзларида давом этади мутахассис.

Унга кўра, ўз навбатида, "терим вақтида ижтимоий масофа сақланиши ҳам муҳим".

"Энг сўнггиси эса, теримчилар жалб этилган зоналарда коронавирус аниқлаганда, уларни изоляцияга олиш учун дала госпиталлари ташкил этилиши керак", - дейди у.

"Меҳнат шартномаси"

O'zbekiston

Сурат манбаси, Timur karpov

Мутасаддиларга кўра, жорий йилда теримчилар меҳнат шартномаси асосида пахтага чиқишади.

Теримга мактаблар, тиббиёт муассасалари ва аскарлар сафарбар этишмайди.

Авваламбор ишсизлар: ёшлар, хотин-қизлар, хоҳиш билдиришса, кексаларни ҳам жалб қилишади.

Пахтанинг килосига биринчи теримда 1000 сўм, иккинчисида 1400 сўм беришади.

Вазир ўринбосарига кўра, яхши теримчи кунига 100-120 минг сўм атрофида даромад қилиши мумкин бўлади.

Кеча, 9 сентябрь куни Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси "2020 йил пахта ҳосилини йиғиб-териб олишни уюшқоқлик билан ташкил этиш тўғрисида"ги қарори ҳам қабул қилинган.

Ўзбекистон минтақанинг аҳолиси энг катта давлати бўлади, сони расман 34 миллиондан ортади.

Улардан аксарияти мамлакатнинг ишсизлик ва камбағаллик ҳали-ҳануз анчайин чуқур илдиз отган чекка қишлоқ ҳудудларида яшашади.

Қишлоқ аҳолиси кўпчилигининг ҳаёти, тирикчилиги ташқи меҳнат миграцияси орқасидан ўтади.

Пандемия боис, сўнгги ойларда четда меҳнат муҳожирлигида банд минглаб фуқароларининг ҳам ортга қайтишаётгани кузатилади.

Мамлакатда камбағалларнинг сони расман 4-5 миллионга нисбат берилади.

Глобал коронавирус боис, Ўзбекистонда ҳам устма-уст жорий этилган карантин чоралари эса, бу каби оилалар аҳволини янада оғирлаштирмай қўймагани айтилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek