Тошкент: Ўзбекистонда энди наша етиштирилади. Нега? - O'zbekiston

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Тошкент: Ўзбекистонда энди наша етиштирилади. Нега? - Ўзбекистонда мамлакат тарихидаги энг қизиқарли қонун лойиҳаларидан бирининг муҳокамаси ўз якунига етди. Ўзбекистон минтақанинг энг йирик мусулмон давлати бўлади:

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан таклиф этилган бу қонун лойиҳаси «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида бўлиб, унда каннабис ёки халқ тили билан айтганда наша ўсимлигини етиштириш, қайта ишлаш, реализация қилиш каби фаолият турлари учун лицензия олишга тўланадиган давлат божи миқдори ҳақида сўз боради.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг март ойида «Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритувчи қонунни имзолаган ва бу янгилик мамлакат бўйлаб бироз шов-шувли муҳокамаларга сабаб бўлган эди.

Айрим ўзбекистонликлар бу хабардан норози бўлган, бошқалар таажжубга тушган.

Мазкур қонунга ўзгартириш киритиш билан Ўзбекистонда наша ўсимлигини етиштиришга рухсат берилганди.

Июль ойида эса, ҳатто, Ташқи ишлар вазирлиги Франция билан ҳамкорликда Хоразмда наша етиштириш ишлари бошланишини хабар қилган.

Би-би-си бу қонун билан боғлиқ жамоатчиликда юзага келган саволларга имкон қадар ойдинлик киритишга ҳаракат қилди.

Техник каннабис

Аввало, нашанинг бугунги Ўзбекистон жамиятидаги мавқейига назар ташласак.

Истеъмоли қонунан тақиқланган бу ўсимликнинг номи ҳам эҳтиёткорлик билан ёки «исириқ», «ҳайдар» каби ниқоблар остида тилга олинади.

Бу ўсимликнинг ҳаттоки бир тупини ҳам ўстиришга жазм этганлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан анчайин жиддий муаммони ўз бошига орттириб олиши мумкин.

Интернетда наша сўзи қидирувга берилса, уни етиштириш ёки сотишда қўлга тушган саноқсиз шахслар тўғрисида маҳаллий хабарларга кўзингиз тушади.

Хўш, унда наша етиштиришга нега изн берилди ўзи?

O'zbekiston

Сурат манбаси, official

Бунга президент имзолаган қонунда атрофлича ойдинлик киритилган.

Президент 17 мартда имзолаган қонунда таркибида тетрагидроканнабинол, яъни гиёҳванд модда миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштиришга, олиб киришга (олиб чиқишга), қайта ишлашга, сақлашга, реализация қилишга (беришга), олишга ва ташишга юридик шахсларга мазкур фаолият тури учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда берилган лицензияга асосан рухсат этилиши айтилади.

Қисқача айтганда, ушбу қонун билан нашани истеъмол учун эмас, балки саноат мақсадида етиштириш кўзда тутилмоқда.

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг маълум қилишича, каннабис - бу таркибида 0,2 фоизгача миқдорда гиёҳвандлик моддаси мавжуд бўлган техник ўсимлик.

Замонавий агросаноат секторида динамик ривожланаётган йўналишлардан бири ва ушбу тармоқнинг кундаги дунё бўйича легал бозор ҳажми $150 миллиардга баҳоланади.

Техник каннабис катта майдонларда, очиқ ерда табиий об-ҳаво шароитларида одатдаги усуллар ёрдамида етиштирилади.

Археологик маълумотларга кўра, нашани етиштириш ва истеъмол қилиш 6 мингдан кўпроқ йиллар аввал Ўзбекистон ҳудуди дохил Марказий Осиёда бошланган.

У шу ҳудуддан Европа ва Шарқий Осиёга тарқалган.

Nasha

Сурат манбаси, Getty Images

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳам техник каннабис Ўзбекистон иқлимига мос ўсимлик экани, энг тез ўсувчи экинлардан бирилиги сувни анча кам талаб этиши, 110 кун ичида бўйи 2-3 метрга етиб, бир мавсумда бир неча марта ҳосил олиш мумкинлигини таъкидлайди.

Расмий маълумотларга кўра, техник нашадан тиббиёт, ёқилғи, тўқимачилик, енгил саноат, қоғоз, қурилиш каби тармоқлар учун хомашё олиш мумкин.

Мамлакатда экилиши режаланаётган техник каннабис ва гиёҳванд модда сифатида истеъмол қилинувчи нашани ташқи кўринишидан фарқлаб олиш жуда қийин бўлсада, улар ўз таркибидаги тетрагидроканнибол, яъни гиёҳванд модда миқдори билан кескин фарқ қилади.

Масалан, кишида мастлик ҳолатини келтириб чиқариши учун нашадаги гиёҳванд модда миқдори камида 0.3 фоиздан 5 фоизга қадар бўлиши талаб этилади.

Ўзбекистон эса юқорида бир неча бор таъкидлангандек гиёҳванд модда миқдори 0.2 фоизгача бўлган каннабис етиштирмоқчи.

Расмийлар наша экиш мамлакатда деҳқончиликнинг сердаромад янги турига айланиши мумкинлигини айтмоқда.

"Бу ҳам монополия бўлиб кетмасмикан?"

Nasha

Сурат манбаси, AFP

Адлия вазирлиги нашани саноат мақсадида етиштириш ҳукумат томонидан назорат этилиши, истаган одам истаган жойида ушбу ўсимликни етиштиравермаслигини маълум қилган.

Юқорида тилга олинган Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тегишли қонун лойиҳасида кўрсатиб ўтилганидек, нашани олиб кириш, сақлаш, реализация қилиш, қайта ишлаш каби фаолият турларининг ҳар бири учун тегишли лицензия олиш зарур ва бу лицензияларнинг ҳар бирига эса Базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 баробари ёки 46,6 миллион сўм ($4,500 дан кўпроқ) маблағ тўлаш керак бўлади.

Лойиҳага нисбатан фикр билдирганлар лицензиялар учун бож тўловлари ҳаддан зиёд юқори белгилангани, бу эса шакллантирилаётган янги соҳа ҳам монополистлар қўлига ўтиб кетиши эҳтимолидан хавотир билдирганлар.

"Мисол учун, бошланишига тадбиркор 3 та лицензия учун бож тўлаши керак: (а)-етиштириш, (г)-сақлаш, (д)-реализация қилиш. Бу дегани минимал иш юритиш учун БҲМнинг 600 баравари (133.8 миллион сўм) тўланиши керак. Бундан кўриниб турибди-ки, бу бозорга кириш учун тўсиқлар сезиларли даражада баланд. Бундай бозорга кириш тўсиқлари билан бу соҳани ривожлантириб бўлмайди. Фақат айрим манфаатдор гуруҳлар ишлай олади, табиийки, янги монополистик қудратга эга бўладиган тадбиркорлик субъектлари пайдо бўлади", дея фикр билдиради фойдаланувчилардан бири.

Хулоса қилиб айтганда, агар расмий маълумотларга таянилса, экилажак техник нашани истеъмол қилгандан фойда бўлмайди, ундан фақат саноат йўлида фойда олиш мумкин.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek