Болалигида Германия таълимини олгани учун жосус деб топилган ёш жадид Бадеъ Абдулла - Ўзбекистон, O'zbekiston

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev
- Author, Баҳром Ирзаев
- Role, Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими
- Ўқилиш вақти: 8 дақ
"15 кун давомида уйқу бермай, мени тик оёқда турғазиб таҳқирлашди. Ақлдан озиш даражасига борганимда, бир қатор қоғозларни имзолатишди. Мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман!" Баъде Абдулла қамоқдан йўллаган аризасидан, 1940 йил.
Ўзбекистонда 31 август Қатағон қурбонларини ёд этиш куни этиб белгиланган. Би-би-си келгуси йилда 100 йиллик санаси кутилаётган мазкур воқеъликлар олдидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев билан хорижда таълим олган ўзбек ёшлари ва уларни ватанда кутган қатағонлар ҳақида навбатдаги туркум мақолаларни эътиборингизга ҳавола этади.
Бадеъ Абдулла Маҳмуд ўғли 1909 йилда Янги Бухоро тумани, Работ-қилич қишлоғида Бухоро амири қоровулбегиси хонадонида дунёга келган. Тараққийпарвар отаси Маҳмуд "Бадеъ" тахаллуси остида шеърлар ёзган. Ўғли Абдулла ҳам кейинчалик отасининг тахаллусини қабул қилиб олган. 1917 йил воқеалари даврида Бадеъ Маҳмуд "Ёш бухороликлар" партияси сафида бўлган деб амир фармони билан ўлимга ҳукм этилган. Бухорода амир ҳокимияти ағдарилгач, унинг ўғли Бадеъ Абдулла бошқа шаҳидлар фарзандлари каби Бухоро шаҳридаги "Авлоди шуҳадо" мактабига ўқишга олинган. ("Авлоди шуҳадо" Бухоро амири томонидан қатл этилган "Ёш бухороликлар" ёки қизил армия билан жангларда ҳалок бўлган инсонларнинг фарзандларини ўқитиш учун очилган мактаб-интернат.)
1922 йилда иқтидор ва интизомли Бадеъ 13 ёшига тўлар экан, бир гуруҳ "Авлоди шуҳадо" мактаби ўқувчилари қаторида Германияга ўқиш учун юбориладиган ёшлар орасидан ўрин олди. Бухородан Германияга йўлланган ёшларнинг асосий қисми жадидларнинг авлодлари ёки жадид мактаблари ўқувчилари эди. Танланган ёшлар билан суҳбатда Бухоро Халқ Республикаси (БХР) Маориф нозири Маҳзар Бурҳонов: "...Ҳукуматимиз сизни Германияга ўқишга йўллайди. Биз ёш кадрларга муҳтожмиз. Ўз Ватанимизни мустақил идора этмоқ учун бизга илм ва тажрибали мутахассислар зарур. Сизнинг ишингиз Германияда илм олишдир. Миллатингизга ҳеч бир вақт хиёнат этманг" дея маъруза қилди.
Ўқувчилар Германияга етиб боргач, Бадеъ Абдулла ўзи билан борган Усмон Омон, Неъмат Назрулла, Аловуддин Исомиддин, Муҳаммаджон ва Рахматжон Авазжоновлар каби жами 18 нафар кичик ёшдаги ўқувчилар қаторида Кёслин (Köslin, бугунги Польша таркибидаги Koszalin) шаҳридаги хусусий мактаб-интернатга жойлаштирилди. У қисқа муддатда олмон тилини ўрганди. Дарсларни ўзлаштириб, 1924 йилда 15 ёшида Кёслинг гимназиясини муваффақиятли тугатди.
Бироқ, келгуси йили у ўзи танлаган Берлин университетига кира олмагач, Берлин яқинидаги Гермсдорф қишлоғида жойлашган масжиддан қўним топди. Сўнг 1926 йил яна Берлинга қайтиб, Берлинштрассе №117 "А" уйда Мари Тереман хонимнинг уйида ижарада турди. Иқтисодий етишмовчилик ва Совет ҳукумати томонидан қилинаётган тинимсиз таъқиблар остида олий маълумот олишдан умидини узган Бадеъ Абдулла Ватанга қайтишга қарор қилди.

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev
1926 йил 1 июн куни йўлга чиқиб, ўн кунлик сафардан сўнг Тошкентга етиб келди. 15 июнь куни у Самарқандга бориб, отасининг дўсти Абдувоҳид Бурҳоновнинг уйида қолди. Бу вақтда Ўзбекистон Маориф халқ комиссарлиги вақф бўлими бошлиғи бўлган Абдувоҳид Бурҳонов тавсияси билан у Самарқанддаги рус мактабига ўқишга жойлашди.
1929 йил Бадеъ Абдулла Самарқанддаги Ўзбекистон Давлат университети (ЎзДУ)нинг математика факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида Сулаймон Амиров, Обид Каримов, Салоҳиддин Очилов, Муҳаммаджон Собиров, (кейинчалик Маҳмуд Ойқорли номи билан танилган) Баҳром Ибрагимов, ака-ука Ҳамид ва Олим Қодировлар билан дўстлашиб олди. Лекин, кўп ўтмай барчаси қамоққа олинади. Ишда асосий эътибор Ғулом Зафарий ва ёш шоир Миртемирларга қаратилиб, Бадеъ Абдулла мунтазам сўроқлардан сўнг қамоқдан қутилиб қолишга муваффақ бўлди.
Бадеъ Абдулла 1933 йил ўқишни тугаллаб, Куйбешев номидаги Ўзбекистон Давлат қишлоқ хўжалиги институтига математика фани ўқитувчиси сифатида ишга кирди. У қисқа муддатда ўзининг илмий салоҳияти билан талабалар ва жамоа орасида муваффақият қозонди. 1936 йил 8 сентябрь куни доцент вазифасини бажарувчи унвонини олиб, кафедра мудири лавозимга тайинланди. Бироқ, унинг бу муваффақиялари узоққа чўзилмади.
"Жосус" болакай
Бир йил ўтар-ўтмай, 1937 йилда уни ўз ижтимоий келиб чиқишини яшириш ва эндиликда Нацистлар қўлиган ўтган Германиянинг Тарғибот вазири Йозеф Геббельснинг нутқини таржима қилишда айблаб ишдан ҳайдашди. Ҳужжатлардан аён бўлишича, Бадеъ Абдулла ҳали қамоққа олинмасидан аввал унинг талабалик йилларидан бери дўсти бўлган ЎзДУ ассистенти Муҳаммаджон Собиров ИИХК (Ички ишлар халқ комиссарлиги)га "Абдулла ўзининг аксилинқилобий фаолиятини рад этса, сўроқ вақтида мени чақиринглар. Мен уни фош этаман", дея ариза ташлаган.

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev
Шу йил ноябрида Ички ишлар халқ комиссарлигининг Самарқанд бўлими Бадеъ Абдулла Маҳмудовични ЎзССР ЖКнинг 66-моддаси 1-банди, яъни аксилинқилобий ташвиқотда айблаб қамоққа олишга қарор чиқарди. Шу куннинг ўзида у яшаган Самарқанд шаҳри, Нуробод кўчаси 26 уй, 4 хонадонда тинтув ўтказилди. Бу пайт ишсиз бўлган Бадеъ Абдулланинг паспорти ва уйидаги барча майда-чуйдаларигача хатланиб олиб кетилди. Турмуш ўртоғи вафотидан сўнг у билан қолган 4 ёшлик қизчаси Эра болалар уйига топширилди.
1937 йил 27 декабрь куни ўтган сўроқда Ўзбекистон давлат университети доценти Алексей Никитич Текерев Абдуллага қуйидагича таъриф берди: "Бадеъ Абдуллани 1930 йил Педакадемия талабаси бўлган давридан биламан. 1937 йил Абдурашид Юсуповнинг тўйида немис тилида "Виновными мы родились" (Биз гуноҳкор бўлиб туғилганмиз) деган қўшиқни жуда чуқур дард билан куйлаганди. Маъносига ҳеч ким тушунмади, аммо ҳамма жуда ғамгин ҳолга тушиб эшитган эди."
Шу тариқа чақирилган гувоҳларнинг аксари Бадеъ Абдулланинг айбдор эканлигига ишонч билдиришмади. Аксинча унинг ҳимоясига интилдилар. Аммо, тергов ходимлари энди масалани ўзлари, даҳшатли азоб бериш йўли билан ҳал этишга киришдилар.
1938 йил 2-10 январь кунлари ўтказилган тинимсиз сўроқларда Бадеъ Абдулла гўёки болалигидаёқ Германияда нацистларнинг махфий хизмати бўлмиш Гестапога ёллангани ва Карл деган кишига хизмат қилганини "ҳикоя қилди". Бухорога қайтгач, аввалдан таништирилган Курт Вилли исмли шахс билан алоқани ўрнатиб, унга Самарқанддаги аҳвол ҳақида ахборот етказиб тургани, 1928 йилдан эса Курт Виллининг ўрнини Германияда ўқиган Ҳамро Абдулла эгаллаб, халқнинг советлардан норозилиги ҳақидаги ахборотларни гўёки Гестапога етказгани босимлар остида ёзиб берди.

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev
"Афзалдан 200 марка, Куртдан 2000, Ҳамродан 10000 сўм миқдорида пул олдим, бу пулларга Олимбек Қодиров, ака-ука Абдураҳим ва Абдурашид Бурҳоновларни, портлатгич моддалар керак бўлгани учун милициядан Носир Умаров деган кишиларни ёлладим, дея сохта иқрорномага имзо чекди.
Бадеъ Абдуллага имзолатилган сўроқ баённомаларидан илҳомланган ЎзССР ИИХК Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи Сергей Калмыков уни 1925 йилдан "Озод Туркистон" аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, 1926 йилдан бери Германия фойдасига ишлаган жосус, 1936 йилдан Ҳамро Абдуллаев орқали Гестапога ёлланган жосус, каби айбловларни қўллаб қарор чиқарди. Бироқ, шунча қоғозларга имзолаттирилишига қарамай Бадеъ Абдулла ўзига қўйилаётган айбловларнинг бўҳтонлигини айтиб туриб олди. "Учлик"ка олиб чиқса, терговчиларнинг ноқонуний ҳаракатларини фош этишидан қўрқиб уни жазолашни ортга суравердилар.
"Кўпроқ жосусларни топишимиз керак!"
Ўша даврда ИИХКнинг ноқонуний ҳибслари ва қийноқ усулларидан норози бўлган одамлар Москвага тинимсиз хатлар билан мурожаат эта бошладилар. Шу жараёнда Марказий ҳукумат айрим терговчиларнинг устидан жиноий иш очишга мажбур бўлди.
1939 йил 18 апрель куни сўроқ қилинган тезкор ходим Ҳамид Содиқович Бойбеков ўз раҳбариятининг ваҳшийлиги ҳақида қуйидаги кўрсатмани берди: Калмиков Самарқанддаги "Бокулик комиссар" номли фабрика ишчиларининг 41 кишилик рўйхатидан 29 тасига белги қўйиб, ҳаммасини қамоққа олишга буюрди... Шундан сўнг 4-бўлим раҳбари Васильев 3-бўлим раҳбари Комачков билан кўпроқ қамоққа олиш бўйича мусобақага киришиб кетди. Кейинроқ бўлим ходимлари ичида ҳам мусобақа авж олдирилди. Улар одам олиб келишар, терговчилар келтирилганларни тинимсиз урар ва бу ишда Калмыковнинг ўзи ҳам иштирок этарди."
1940 йил 14 январь куни сўроқда Калмыков ўзини қуйидагича оқлашга уринди: ЎзССР ИИХК комиссари ўринбосари Леонов мендан кўпроқ кишини турмаларга тиқишни талаб қиларди. Ҳар қандай одамни ўлгунича урсанг, қийнасанг, ҳар қандай айбловни тан олади, дерди. Мен ёзма кўрсатма борми, десам йўқ, бунга Москва рози бўлмайди, ана 10,000 эронидан ярмини тиқ, муаммо ҳалк-ку, деганди. Шунингдек, 1938 йил 13 февралида ЎзССР ИИХК комиссари Дереник Захарович Апресян Республика тезкор ходимларини йиғиб: "Биз юқори тоифалардаги мансабдорларни кўпроқ қамоққа тиқишимиз керак. СССР Давлат хавфсизлиги бош комиссари ўртоқ Николай Иванович Ежовнинг талаби шу, ҳукумат, партиянинг талаби шу! Мана Самарқандда 10,000 эрони бор. Калмыковдан сўрасам, бор-йўғи 172 тасини қамоққа олган. Камида мингтасини тиқиши керак эди! Самарқандда грек, поляк, немислар камми? Самарқандда ўтирганларининг сонини айтишга ҳам одам уялади... 15 апрелдан вақт тугайди. Биз Польша, Германия жосусларини тутиш кампаниясини бошлаймиз. Прокуратура ва суд вакиллари ҳам ишга халақит беришга интилишади. Икки ой давомида имкон қадар кўпроқ жосусларни тутишимиз зарур. Қўлга олинганларга ҳам қаттиқ туриш керак. Акс ҳолда ҳаммаси қўлдан чиқиб кетади. Қаттиқ туриш керак, жисмоний жазо усулларини кучайтириш керак. Сўнг уйғурларни ҳам тутамиз, уларнинг ичидан ҳам япон жосуслари чиқиши мумкин. Аниқ чиқади. Уларнинг олдига борганда "ожиз қариндош"га ўхшаб турсанг айтмайди-да. Ишонаман биз катта муваффақиятларга эришамиз. Мана Хоразмда Борис Константинович Васильевнинг ишлари жуда яхши самараларни бермоқда-ку, деганди."

Сурат манбаси, Screenshot/youtube
Қўшиқ айтиш жиноятми?
1939 йил 15 апрель куни Бадеъ Абдулла ўз ҳамкасби Маҳмуд Мансуров билан юзлаштирилди. Бу вақтга
келиб аллақачон синдирилган Маҳмуд терговчининг Бадеъ ҳақидаги ҳеч бир гапини инкор этмай тан олди. Абдулла Бадеъ бўлса терговчига: "Хўп, радиода берилган Геббельснинг нутқидан ниманидир таржима қилиб айтиб берибман, хўп тўйда дунёга машҳур бир немисча қўшиқни куйлаб бердим. Шу жиноятми? Қани бу ерда жиноят??" дея савол берди.
Шундан сўнг тергов унга қарши энг сўнгги чорани қўллади - шу куни юзлаштиришга Муҳаммаджон Собиров чақирилди. У Абдулла Бадеънинг "жиноятлари"ни ёдлаб олгандек, уларни кунма-кун санай бошлади. Шу тариқа унинг русларни ёқтирмаслини "исботлаб", у "Бухородан келганимдан сўнг уларни сўяман" деди, деб сохта гувоҳлигини якунлади. Бадеъ Абдулла виждонсизларча чулдираётган дўстининг гапига "буларнинг ҳаммаси менга туҳмат" дейишдан нарига ўтмади.
Бадеъ Абдулла 1939 йил 2 август куни турмада қўлига тушган вараққа қалам билан Самарқанд вилояти прокурорига шикоят ёзди. Унда у ўзининг тўрт нафар ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган дўстларига туҳмат ёзилган қоғозларни имзолашини ундан талаб қилганларини, рад этгач 15 сутка давомида уйқу бермай, тик оёқда туришга мажбур қилганларини, мислсиз қийноқ ва таҳқирлар остида Ҳамро Абдуллаевга нисбатан туҳматлар битилган қоғозларни имзолатишганини ёзади. Бироқ, ўзига келиши билан барча айбловларни рад этганини, аммо яна "...шундан сўнг 30 кун қоронғу карцерда сақлаб, жисмоний куч ишлатиб яна ўзлари ёзган варақларини имзолашини талаб қилди. 23 ой тинимсиз азобларга бардош бердим. Шунча вақтдан буён турмада айбсиз ўтирибман", деб арз қилди.
"15 кун давомида уйқу бермай, мени тик оёқда турғазиб таҳқирлашди. Ақлдан озиш даражасига борганимда, бир қатор қоғозларни имзолатишди. Мен ҳеч қачон жосус бўлмаганман! Ҳамро ўз иши билан, мен ўзимнинг ишим билан эди, биз деярли 12 йилдирки учрашганимиз йўқ. Мен ўшанда унга тухматлар ёзилган қоғозларни имзолаганман! Ҳозир юзлаштиришларини талаб қилсам, улар рад этишмоқда", деб ёзган Абдулла 1940 йилда Самарқанд турмасидан СССР НКВД махсус йиғилиши раисига йўллаган иккинчи аризасида.
Бегуноҳлигини исботлашга қанча уринмасин, 1940 йил 19 августь куни СССР ИИХК махсус йиғилиши Бадеъ Абдуллани жосуслик фаолияти учун 8 йил Меҳнат тузатиш лагерида жазо ўташга ҳукм қилди.

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev
1942 йил Бадеъ Абдулланинг Магадан яқинидаги оғир кон ишларига ихтисослашган Теньлаг (Теньки лагери)да жазони ўташ давомида вафот этгани ҳақида маълумот хати келди.
Ўзгарган кўрсатмалар
Бадеъ Абдулланинг иши қизи Эра Абдуллаевнанинг 1977 йилда Туркистон Ҳарбий округи прокуратурасига ёзган аризаси асосида қайта кўриб чиқишга топширилди. Бу жараёнда ниҳоят ҳақиқатлар юзага чиқа бошлади. Абдуллани гумдон қилишда кўрсатма берганлар яна гувоҳликка чақирилди. Жумладан, Маҳмуд Исоевич Мансуровнинг бу сафарги кўрсатмаси аввалгисидан кескин фарқ қилди: "Абдуллани 1928 йилдан бери билганман. Германияда тинимсиз ўқиб билим олганини айтарди. Абдулла тарбияли, босиқ, айниқса математика фанига иқтидори тенгсиз инсон эди. Дўстлар ўртасида илми, маданияти билан ҳурмат қозонган эди. 1935 йил дўстлар меникига келганида Муҳаммаджон Собиров қайсидир радиодан ўша тўлқинни топди. Бадеъ Абдулла "...Германия ҳарбий ва иқтисодий жиҳатдан гуллаб яшнамоқда, коммунистларга қарши курашамиз" каби гапларни бизга оғзаки таржима қилди. Лекин, бошқа ҳеч қандай гап бўлмади. 1937 йил Абдурашид Юсуповнинг тўйида ҳам бир немисча қўшиқ айтгани рост. Нима ҳақидалигини билмадим, лекин жуда маҳзун ва ҳаммага ёқувчи бир қўшиқ эди. 1937 йил сўроқда ҳам мен ҳозирги сўзларни айтганман.
Бу вақтга келиб Самарқанд Давлат университети математика факультети доценти бўлган Муҳаммаджон Собиров ҳам қайта сўроққа тортилди ва қайта кўрсатма берди: "Мен Абдулладан бир курс катта эдим. Биз бир хонада яшаган дўстлар эдик. Унда бирор бир ёмон жиҳатни кўрмаганман. У на миллатчи ё на жосус, жуда билимдон математик эди. Мен уни кимнингдир нутқини таржима қилгани учун қамалган деб эшитганман. Терговчи 1939 йил 16 апрелдаги юзлаштириш баённомаларини тутқазганида, эслолмадим, балки ўқимай қўл қўйган бўлсам керак."
Абдурашид Мустафоевич Юсупов кўрсатмаси: "Абдулла билан аввал тайёрлов курсида, сўнг Педакадемияда бирга ўқиганман, Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида бирга ишладик. Абдулла Германияда ўқигани учун ғарб маданияти, у ердаги таълим ва китоблар ҳақида илиқ хотираларини сўзларди. У тенгсиз инсон эди. Аксилинқилобий ҳаракатини ҳеч қачон сезмаганман. Аммо, 1939 йил 29 декабрь куни менга терговчилар қаттиқ таҳқир ва қўрқитувлар остида бир нечта қоғозларни имзолатишган эди. Уларда нима ёзилганлигини ўқишга имкон беришмаган."
Қишлоқ хўжалик инсититути профессори Евгений Потанович Горелов, Бадеъ Абдулланинг собиқ талабаси: "1935-40 йиллар талаба бўлганман. Абдулла Бадеъ ўзбек ва рус гуруҳларига ҳам бирдай дарс берарди. У спортсевар, ниҳоятда маданиятли инсон сифатида барча талабаларнинг бирдай ҳурматини қозонган эди."
Қайта тафтиш жараёнида ИИХК ходимлари Калмыков, ҳамда Руденков, Мирҳамидов, Казанов исмли масъуллар терговни ташкил этиш жараёнида қонун бузилишларига йўл қўйгани аниқланди. Асосий айблов мотиви бўлган "Курт Вилли", Ҳамро Абдуллаевларнинг жосуслиги СССР Давлат Хавфсизлик қўмитаси (КГБ) томонидан инкор этилди. Бадеъ Абдулла ҳақида тирик бўлган гувоҳлар бу сафар фақат яхши гаплар айтдилар...
1977 йил 21 июль куни Туркистон Ҳарбий округи ҳарбий трибунали Бадеъ Абдулла ишини кўриб, 1940 йил 19 августдаги "учлик" қарорини бекор қилди. 1977 йил 22 июль куни Эра Абдуллаевнага хат йўллаб, отасининг вафотидан сўнг оқланганлиги ҳамда унга сталинча қатағон сиёсати қурбонининг қизи сифатида икки ойлик маош миқдорида пул берилишини маълум қилишди.
Баъде Абдулла Самарқандда яшаган уй ҳозирда йўқ. Отасини фақат тўрт ёшигача билган ва унинг оқланиши учун курашган "халқ душмани"нинг қизи Эра тақдири сўнг қандай кечгани ҳам номаълум.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: @bbcuzbek












