Германия таълимини олгач отилган ёш жадид – энергетика мутахассиси ва дипломат Султон Матқул

Сурат манбаси, Sulton Matqul oilasi
- Author, Баҳром Ирзаев
- Role, Қатағон қурбонлари хотираси музейи катта илмий ходими
"У камерасида бор овози билан қичқираверган. "Кимдир бу ердан тирик чиқса, агар бирортангиз тирик чиқа олсангиз, менинг яқинларимга, хотинимга етказинглар, менинг ҳеч бир гуноҳим йўқ! Мен ҳаммасини ёзиб берганман!" деб бақираётган экан..." Султон Матқулнинг умр йўлдоши аризасидан.
Султон Матқул 1902 йил 15 декабрь куни Хўжанд шаҳрида дунёга келган. Унинг отаси Матқул Алибеков рус тили ва Европа маданияти билан таниш, Хўжандда илк пахта заводини очган давлатманд инсонлардан бўлган. Султон аввал жадид ва рус-тузем мактабларида, сўнг мадрасада таълим олди. У таҳсилни давом эттириш мақсадида Тошкентга келиб, тараққийпарвар ёшлар сафидан ўрин олди. 1922 йил Тошкентда Султон Матқул "Кўмак" уюшмасининг ташаббускорларидан бири бўлди. Туркистон Республикаси раҳбарлари Абдулла Раҳимбоев, Акмал Икромов, Усмонхон Эшонхўжаевлар "Кўмак" уюшмасининг маҳаллий ёшларни Германияга йўллаш ғоясини қўллаб-қувватлаганди.
1922 йил сентябрида Султон Матқул, Аҳмаджон Иброҳим, Тўлаган Мўмин, Солиҳ Муҳаммад, Хайринисо Мажидхонова, Мариям Султонмуродова, Тоҳир Шокир, Темурбек Казбек, Собир Иброҳим, Абдуваҳҳоб Исҳоқ, Азимбек Беримжон ҳамда Саида, Насриддин ва Фузайл Шераҳмедовлардан иборат гуруҳ Тошкентдан Германияга йўлга чиқди.

Сурат манбаси, Sulton Matqul oilasi
Султон Матқул дастлаб Берлиндаги хорижликлар учун олмон тили курсида, сўнг гимназияда ўқиди. 1926 йил Берлин олий техника институтининг электр-муҳандислиги факультетига ўқишга кирди. У таҳсил билан бир пайтда Туркистон ҳукуматининг Германиядаги талабалар ўртасидаги вакили сифатида иш олиб борди. У талабаларнинг иқтисодий муаммоларига имкони доирасида ечим топишга интилди, тўгараклар ташкил этиб, уларнинг сифатли таълим олишига кўмакдош бўлди.
Султон Матқул таҳсилнинг сўнгги йилида Берлин университетининг кимё факултетида таълим олган Бася Овсеевна Райбман билан турмуш қуради. Асли Литвада яҳудий савдогари оиласида туғилган Бася ҳаётининг қолган қисмини Султонга бағишлади.

Сурат манбаси, Bahrom Irzayev
1931 йил Ватанга қайтган Султон Матқул Тошкентда Ўзбекэлектрлаштириш бошқармасида иш бошлади. 1935 йилдан Ўзбекэнергода бош муҳандис бўлиб, Республикада электротехника тармоқларини ривожлантириш, электр қувватидан саноат объектларида рационал фойдаланишни йўлга қўйишга интилди, электр тизимини замонавий илм асосида бошқаришда тўплаган назарий ва амалий билимларини ишга солди. У Германия тажрибаси асосида Ўзбекэнерго қошида махсус ўқув курси ташкил этиб, соҳада маҳаллий кадрлар тайёрлай бошлади. Иқтидорли ёшларни ички Россия олий таълим даргоҳларига ўқишга йўллади.
Немис тилидан ташқари инглиз ва француз тилларини мукаммал билиши орқали жаҳон сиёсатида кечаётган жараёнларни чуқур тушунган Султон Матқул Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил ташқи сиёсатини ишлаб чиқишда муҳим шахслардан бири эди. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон ҳукумати Буюк Британиянинг Афғонистондаги элчисига чиқиб, мавжуд ер ости ресурсларидан концессия бериш эвазига Англия билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш, янги техника ва технологиялар келтиришга ҳаракат қилди. 1934-35 йилларда у Япониянинг пиллачилик сирларини ўрганишга киришар экан, ўзаро илмий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида ўнлаб делегациялар алмашилди.

Сурат манбаси, Sulton Matqul oilasi
Султон Матқул Германияда олган билими ва энергетика соҳасидаги инновацион ғояларини ўзи 1937 йилдан бош муҳаррири бўлган ЎзССР Фан комитетининг "Социалистик фан ва техника" журналида ёритиб борди.
Аммо, бу узоққа чўзилмади. Кўзга кўринган ва иқтидорли ёш сиёсатчини шу йил августида ЎзССР ИИХК (Ички ишлар халқ комиссарияти) комиссари Николай Загвоздин қамоққа олиш буйруғини берди. Матқул аксилинқилобий "Озод Туркистон" ташкилоти аъзоси бўлишда, ҳамда Мустафо Чўқай, Заки Валидийлар раҳбарлигидаги "Мустақил Туркистон" ташкилотида ишлаган ва 1935 йил Москвада жосус сифатида қамоққа олинган бошқа арбоб билан алоқада бўлишда айбланди.

Сурат манбаси, Sulton Matqul
Шу куннинг ўзида унинг Тошкент шаҳри, 3-Жуковсий боши берк кўчаси, 4-уйида тинтув ўтказилиб, ўзи қамоққа олинди. Изидан чирқиллаб қолган турмуш ўртоғи Бася, 3 ёшли қизи Алмира ва қариндошларига ҳеч қандай изоҳ берилмади.
Сўроқ вақтида Султон Матқул Файзулла Хўжаев бошчилигидаги делегация Германияга борганида уларни кутиб олиш ва кузатишга раҳбарлик қилганини, Тошкентдан немис профессори билан илмий алоқа ўрнатгани, Германияда ўқиётган талабаларга немис профессори орқали давлат ҳисобидан 10-15 минг сўм миқдорида пул юборганларини "ҳикоя қилди". 1937 йил 22 декабрь куни сўнгги сўроқда у терговни тугатинг, бошқа ҳеч нарса қўшимча қила омайман, деб имзо чекди.

Сурат манбаси, Sulton Matqul oilasi
Шундан сўнг ишга Султон Матқул ишлаган ташкилотлардан унинг "жиноят"ларини исботловчи маълумотномалар, аввал сўроқ қилинган сафдошлари "иқрорномалари"дан парчалар тикилди. Унда жумладан, Акмал Икромовнинг Султон Матқул келажакда Европа билан алоқа ўрнатишимизда ишончли "дипломат"имиз бўлади, деган гапи унинг жиноятчи эканлигига алоҳида далил сифатида баҳоланди.
Султон Матқул бир йилдан ошиқ қамоқда сақланиб, 1938 йил 9 октябрь тонгида атиги 20 дақиқача давом этган мудҳиш "учлик" судида ватанга ҳиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж, Совет давлатига қарши теракт, ва аксилинқилобий ташкилотга аъзолик каби сохта жиноятларда айбдор деб топилиб отувга ҳукм этилди. Ҳукм ўша куниёқ ижро этилди.
Султон Матқулнинг турмуш ўртоғи Бася Овсеевина 1954 йилда СССР Министрлар Советига ариза ёзиб, турмуш ўртоғини "мисли тенгсиз ватанпарвар" деб таърифлайди. У, шунингдек, турмуш ўртоғи билан бир камерада бўлган "Тошкентнинг Бешоғоч мавзесида, мутахассислар уйида яшаган Алиев"ни қидириб топганини ёзади. Гувоҳнинг айтишича, совет терговчилари уни сал кам бир ой давомида тик оёқда қўйиб, тинимсиз жисмоний куч ишлатиб таҳқирлаган ҳолда сўроқ қилган. Матқул бутунлай ҳолдан тойиб, уйқусизликдан ақлдан озиш даражасига етгач, терговчилар тутган ҳар қандай қоғозларга ўқимасдан имзо чекиб берган.

Сурат манбаси, Sulton Matqul oilasi
"Алиевнинг айтишича, эрим сўнг камерасига қайтгач узоқ вақт уйқуга кетган, уйқудан уйғонгач ҳам ўзига кела олмаган. У камерасида бор овози билан қичқираверган. "Кимдир бу ердан тирик чиқса, агар бирортангиз тирик чиқа олсангиз, менинг яқинларимга, хотинимга етказинглар, менинг ҳеч бир гуноҳим йўқ! Мен ҳаммасини ёзиб берганман!" деб бақираётган экан. Шундан сўнг яна у уч кун ўзига кела олмаган, жиннисифат бўлиб қолган, бир гапирган, бир кулган, бир йиғлаган", дея тафсилотларни ёзган Бася Матқул.
Шу ариза ортидан Султон Матқул иши юзасидан қайта текширувлар бошланди ва кўпгина гувоҳлар қайта сўроқ қилинди.
Аризасидан бир йил ўтиб Бася Матқул Москвада терговга чақирилди. Сўроқда кўпроқ унинг Султон Матқулни бундай қийнашганини кимдан ва қаердан эшитгани билан қизиқишди. Султоннинг қарийб бир йилдан ортиқ вақт давомида қайси камераларда, кимлар билан бўлганини аниқлашди. Уларнинг орасида Мамадали Алиев ва Юсуф Алиев исмли кишилар бўлгани аниқланади. Терговчилар уларнинг ёнига яна уч сурат қўйиб Басядан қайси биридан эшитганини сўрашди. Бася Овсеевна суратдагиларни танимаганини айтди ва Алиевнинг кимлигини ошкор қилмади.
Матқул билан Ўзбекэнергода бирга ишлаган сафдошлари ҳам яна сўроққа чақирилди. М.М.Земенко ва А.С.Малибаценко исмли ҳамкасблари ўзларидан Ички ишлар идорасида Султон Матқулга қарши ёлғон кўрсатма талаб қилишгани ва куч билан Матқулни қораловчи ҳужжатларга имзо чекишга мажбурланганларини тан олдилар. Ниҳоят 1956 йил 12 ноябрда Султон Матқул СССР Олий суди томонидан оқланди.
Султонига умрбод садоқатда қолган Бася Овсеевна узоқ йиллар унинг қариндошлари билан ҳам илиқ алоқани сақлади. Қизи Алмира отаси изидан бориб, кимёгар олима бўлиб етишди. Бугун Султон Матқул авлодлари Москва шаҳрида истиқомат қиладилар.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












