Ўзбекистон: Машиналар қимматлади, "Ўзавтосаноат" раиси нега ваъдасида турмади? - O'zbekiston

"Ўзавтосаноат" раҳбари Шавкат Умурзоқов машина нархларини 9 фоизга туширишни ваъда берганди

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, "Ўзавтосаноат" раҳбари Шавкат Умурзоқов машина нархларини 9 фоизга туширишни ваъда берганди
Ўқилиш вақти: 3 дақ

"Ўзавтосаноат" раиси Шавкат Умурзоқов 2019 йилда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилувчи машиналар нархини 9 фоизга туширишга ваъда берганди. Бироқ 2020 йилга келиб UzAutoMotors нархларни 21 фоизгача кўтарди. Шавкат Умурзоқов нима учун ваъдасида турмади? "Ўзавтосаноат" 3 йил давомида долларнинг ошишига эвазига машина нархларини 30 фоизга туширганини даъво қилмоқда.

Ўзбекистон енгил автомобил ишлаб чиқарувчи ягона завод UzАuto Motors 3 мартдан бошлаб автомобиллар нархини оширганини маълум қилди.

Машиналар ўртача 15 фоиз қимматлаган, энг кўп 20 ва 21 фоизгача Spark, Nexia ва Damas ларнинг нархи ошган.

"Ўзавтосаноат" ва UzАutoMotors нарх ошишига ҳозирча расман изоҳ бергани йўқ.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Акционерлик жамияти бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов 2018 йили автомобил нархлари ўртача 14 фоизга оширилиши маълум қилинганидан сўнг берган интервьюсида 2019 йили машина нархини 9 фоизга туширишни ваъда қилганди.

"Йил охиригача бутловчи қисмларнинг нархи 20 фоизга туширилса, автомобиль нархини 9 фоизга туширишга эришамиз. Сизга ваъда бериб айтаманки, кейинги йил автомашиналар нархи, албатта, тушади" деганди Шавкат Умурзоқов.

Би-би-си "Ўзавтосаноат" акционерлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Зумрад Шожалилова билан боғланиб Шавкат Умурзоқов нега ваъдасида турмади, деб сўради.

"Бу саволингизга изоҳ йўқ. Релиз чиққанида ҳамма саволингизга жавоб оласиз. Биринчидан, ваъда бажарилмагани 100 фоизмас. Озгина анализ қилсангиз, масалан, доллар курси ошган, долларга нима қилсангиз, сўмдаги нарсаларни. У ерда умуман менимча, нархи 30 фоизга тушган. 2018 йилда доллар курси қанча бўлса, ўшани бўлсангиз долларда қанча чиқади", дейди Зумрад Шожалилова.

Ҳиссадорлик жамияти матбуот котиби Би-би-сининг Ўзбекистонда оддий одамлар долларда маош олмайди-ку, машиналар ҳам сўмда сотилади, деган саволига "нима қилибди, запчастлар долларда экспорт қилинади", деб жавоб берди.

Доллар нархи ўсиши билан солиштирганда машина нархлари ростдан ҳам тушганми?

Давлетовуз каналида доллар курсининг қадрсизланиши борасида нотўғри маълумот берилди

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Давлетовуз каналида доллар курсининг қадрсизланиши борасида нотўғри маълумот берилди

Нархлар ошишидан 3 кун олдин 6 март куни Telegram даги Давлетовуз каналида 2017 йил сентябр ойидан тарифларнинг ўсиши деган рус тилида инфографика чиқарилди.

Унда Ўзавтосаноат матбуот котибининг Би-би-сига нархлар ошмагани, балки 30 фоизгача тушганини исботлашга ҳаракат қилиб келтирган доллар курси мисолини кўриш мумкин.

"Масалан АҚШ доллари курси 34 фоиздан ортиқроқ ўсган бўлса, иномаркалар қиймати салкам 30 фоизга ошди. Таққослайдиган бўлсак, 2017 йилдан буён Chevrolet Spark, Nexia ва Cobalt умуман оширилмаган", деб ёзади Давлетовуз.

Блогер келтирган инфографикада 1 доллар баҳоси 2017 йил сентябрда 7067 сўм бўлганини, 2,5 йил ичида у 34,4 %га ошганини кўриш мумкин.

Бироқ Давлетовуз каналининг 2017 йил, 22 сентябрда Марказий Банк хабарига таяниб келтирган доллар курсини инфографикадан бошқача эканлигини кўриш мумкин.

Ўшанда Блогер АҚШ долларининг Валюта биржасидаги курси 3 сўмга қимматлагани ва 8069 сўмни ташкил қилганини ёзган.

narxlar

Сурат манбаси, GM Uzbekistan

2,5 йил ичида сўм Давлетов ва Ўзавтосаноат матбуот котиби айтаётганидек 34 фоизга эмас, балки 17 фоизга қадрсизланди.

Би-би-си Ўзбекистон монополияга қарши курашиш қўмитаси билан боғланиб нархлар ошишига муносабат билдиришни сўради.

Қўмита матбуот хизмати ушбу масала ўрганилаётганини, аниқлашгач изоҳ берилишини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқдагилар монополист томонидан машиналар нархнинг оширилишини кескин норозилик билан кутиб олди.

"Яна қачондир мошинга пул йиғсам иномарка оламан. Автосаноатларинг бошларингдан қолсин", деб ёзди твиттер фойдаланувчиси.

Тармоқ фойдаланувчиларини оддий одамлар кўпроқ сотиб оладиган Дамас, Спарк ва Нексия каби машиналарнинг қиммат машиналарга нисбатан кўпроқ нархи ошгани ҳам норози қилган.

"Россияда ишлаётган холаваччам "Дамас" олмоқчи эди. 60 млн пули бор эди. 4 млнни юборгунча "Дамас"нинг нархи — 78 миллион бўлибди. Энди у 4 миллон ўрнига 18 миллион пул ишлаб топиши керак. Мана сизга автосаноатимиз", дейди яна бир твиттерчи.

Фойданувчилар орасида UzAutoMotors машиналарини бойкот қилиш чақириқлари ҳам бўлган.

"Келинг бирлашайлик, UZAVTOMOTORS деган балога қарши бирга курашайлик. ярим йил машина сотиб олмайлик компания нархни туширишга мажбур бўлади. бир йил сотиб олмасак банкрот бўлади. Келажак авлод учун шу балони йўқ қилайлик. Бутун дунё устимиздан кулишига йўл қўймайлик , дейди Марик Исмаил

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил май ойида Асакадаги автомобил заводини танқид қилганди. У GM Uzbekistаn ни ҳеч кимга фойдаси йўқ заводлигини айтган.

"Бундай заводдан ўнта қилса, фойдаси бор. Рақобат бўларди. Бу машина завод учун ўтган 27 йил ичида жуда кўп имтиёзлар берилди, солиқдан озод қилинган, локализация кам қиляпти. Бу завод аҳолини янги иш ўринлари билан таъминлаб бермайди", деган Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистонда четда машина олиб киришни истовчилар учун божхона нархлари кескин кўтариб қўйилган. Натижада хориж машинаси фуқаролар томонидан Ўзбекистонга импорт қилинса камида 2 баробар қимматлайди. Аҳоли UzAutomotors машиналарини сотиб олишга мажбур.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek