Ўзбекистон: Укамни милиция уриб ўлдирди, ҳайвонни ҳам бундай уришмайди- O'zbekiston

Сурат манбаси, daryo.uz
Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани ички ишлар идорасига олиб келинганидан сўнг жасади чиққан 32 ёшли лангарлик Юсуф Абдураҳмоновнинг ортида 3 нафар фарзанди қолди. Марҳумнинг акаси Шуҳрат Абдураҳмонов укаси қаттиқ калтак зарбидан ўлганини айтмоқда. Қашқадарё вилоят прокуратураси ички ишлар органи ходимларига нисбатан жиноий иш очди.
Шуҳрат Абдураҳмонов 22 январ куни соат бешларда олиб кетилган укасининг бир кундан сўнг ўлиб қолди, деган хабари келганини айтади.
"22 январ куни кунботарда ички ишлар ходимлари келиб олиб кетди. Маҳаллага боради, савол жавоб қилиб қайтариб юборамиз, деди. Битта жиноят қидирувдан, поспон, участковой, бошлиғи келди. 23 куни маҳалла раисимиз уканг бўмапти, милициялар уриб ўлдириб қўйибди, деган хабарни эшитдим",- дейди у.
Шуҳрат Абдураҳмоновнинг айтишича, укасининг жасадини кўздан кечиришаётганда калтак зарблари танада кўриниб турганини айтади.
"Бир кўзини урган, кўз инидан чиқиб кетай деб қолган. Ҳамма жойлари урилган. Ота-онасиз катта бўлиб Россияда ишлаб, ўзи уйланиб, ўзи уй-жой қилган одам эди", дейди марҳумнинг акаси.
Абдураҳмоновнинг айтишича, Лангар қишлоғига келган прокурор уриб ўлдириш ҳолати бўйича икки ички ишлар ходими ҳибсга олинганини айтган.
Қашқадарё вилоят прокуратураси чиқарган хабарда қанча ички ишлар органи ходимлари қўлга олингани борасида ойдинлик киритилмаган.
Прокуратура Чироқчи тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш ходимларига нисбатан ЎзР ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва бошқа моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини айтмоқда.
Би-би-си гаплашган ўзбекистонлик адвокатнинг айтишича,бундай ҳолатда Жиноят кодексининг 235 моддаси, яъни Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш бўйича жиноий иш очилиши керак.
Адвокатнинг айтишича, прокуратура суд тиббий экспертиза натижаларига қараб, ушбу модда бўйича ҳам жиноий иш очиши мумкин.
22 январ куни Ички ишлар идорасида калтаклар зарбидан ўлгани айтилаётган Юсуф Абдураҳмонов Идорага чорва молларини ўғирлашда гумондор сифатида олиб келинган.
Ўғирлик иши бўйича ички ишлар идорасига олиб келинган Лангар қишлоғидан ота-бола Қурбон Остонов ва Баҳром Авлиёқуловлар милиция томонидан аёвсиз калтакланганини айтмоқда.
"Дарё" нашрига гапирган ота-боланинг айтишича, 7-8 нафар ички ишлар органи ходимлари уларни йўқолган молни ўғирлаганини бўйнингга ол, деб уришган.

Сурат манбаси, daryo.uz
Қурбон Остонаев калтаклар зарбидан ҳамон даволанмоқда.
"Ҳозир кўкрак қисми оғрияпти, белдан пасти оғрияпти. Пичоқ билан таҳдид қилгандан кейин, дастаси сингунча урган", дейди у.
Калтак еганлар ички ишлар идорасида Юсуф Абдураҳмонов кўришганини ва у калтаклардан зарбидан юзлари кўкариб кетганига гувоҳ бўлишганини айтишган.
Ота-бола идорада уларни 7-8 киши урганини айтаётган бўлса-да, прокуратура марҳумнинг яқинларига икки кишига нисбатан жиноий иш очилганини айтган.
Бош прокуратура "тергов сири нуқтаи назаридан мақсадга мувофиқ эмас" деган сабаб билан қўшимча маълумот бермаяпти.
"Укам Россияда ишлаб келиб, ўзининг кунини базўр кўриб борарди. Қўлларини заводда чайнаб кетгани учун кетмон, лапатка ишлатиб мардикорлик қилолмасди. Мол олиб сотиш билан шуғулланарди. Қишлоғимизда мол йўқолиб, буни гумондор сифатида олиб бориб ўлдириб қайтариб беряпти-да", дейди Шуҳрат Абдураҳмонов
Шуҳрат Абдураҳмонов укаси қишлоқда жуда оддий, икки хонали ғарибгина уйда яшаганини айтади.
Акасининг айтишича, Юсуф Абдураҳмонов чекмаган, ичмаган. Қишлоқда ўзига яраша обрўи бўлган.
"Инсон ундай қилмайди. Ҳайвонни ҳам бундай урмайди. Инсон билан ҳайвоннинг ўртасида онг, деган, фикр деган нарса бор. Униям инсон туққандир. У ҳам фарзанд катта қилаётгандир. Нима бўлганда ҳам айби бўлса, қонуний чора кўриб, зарарни қоплатиши керак эди. Ўлдириб юбормаслик керак эди. У ҳам Ўзбекистон фуқароси эди ахир. Ўзбекистонда қонун бор. Бунчалик қилмаслик керак эди-да ахир", дейди марҳумнинг акаси Шуҳрат Абдураҳмонов.
Милиция идорасидан жасади чиққан Юсуф Абдураҳмонов ортида 3 нафар фарзанди қолган.
"3 яшар боласи отам-отам деяпти. Нима дейман. Отанг ишга кетди, Россияга кетди, келади деб овунтиряпман", дейди Шуҳрат Абдураҳмонов.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












