Ўзбекистон: Қашқадарё ҳокими Мирзаев ғалла еган қўйларни сўйдирдими?

Зойир Мирзаев қўл остидагиларни ариққа тушириш билан танилганди

Сурат манбаси, Qashqadaryo viloyat hokimligi

Сурат тагсўзи, Зойир Мирзаев қўл остидагиларни ариққа тушириш билан танилганди

Қашқадарё вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев топшириғи билан Нишон туманида далани пайҳон қилган 21 та қўйдан биттаси ва даласи пайҳон бўлган фермернинг қўйи сўйдирилган. Маҳаллий расмийга кўра, гўшт сўнгра техникани таъмирлаётган усталар ва кам таъминланган оилаларга тарқатилди.

Қашқадарё вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати қўйларни сўйиб тарқатиш вилоят ҳокимининг топшириғи бўлганини рад қилмоқда.

Бироқ Телеграмдаги muxbir.uz канали тарқатган видеода қўйларни сўйиш вилоят ҳокими топшириғи билан бўлгани ойдинлашади.

Видео олинган сана маълум эмас. Видео бошланишида тизилиб турган тўрт киши ичидан Қашқадарё вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов бир қадам олдинга ташлаб Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга юзланиб гапиради.

"Ассалому алайкум, ҳурматли Зойир Мирзаевич, Нишон туманига кеча ўзингиз берган топшириғингиз бўйича биз ҳозир начальник милиция билан Ибн Сино ҳудудидаги "Отамурод ота" фермер хўжалиги даласини кўрдик. Ҳақиқатда кеча 21 та қўй томонидан бу ерга пайҳон бўлган", - дейди Акром Арипов.

Видео Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга ҳисобот учун ёзилгандек таассурот уйғотади.

Қашқадарё вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов (чапдан учинчиси)қўй эгалари билан

Сурат манбаси, Screenshot

Сурат тагсўзи, Қашқадарё вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов (чапдан учинчиси)қўй эгалари билан

Унда вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи қўйлари далага кириб кетган фуқарони кўрсатган ва 21 та қўй даласига кириб пайҳон қилган фермерни ҳам кўрсатган.

Мансабдор бу икки фуқаронинг қўйлари сўйилиб қишлоқ хўжалиги техникасини таъмирлаётган усталар ва кам таъминланган оилаларга тарқатилишини айтган.

"Бу ерда ҳозир пайҳон қилган аҳолининг ҳисобидан битта қўй. Ҳамда шу фермер томонидан ҳам битта қўй ҳозир сўйиляпти, қурбонлик учун. Буни кам таъминланганларга ҳамда ҳозир техниканинг ремонти кетяпти, слеселарга гўштларни тарқатамиз ", дейди Акром Арипов.

Шундан сўнг Арипов ва унинг ёнидаги милиция формасидагии шахс қўли билан чап томонга ишора қилади.

Ҳоким топшириғи билан бўғизланган қўйлар

Сурат манбаси, Telegram/Muxbir.uz

Сурат тагсўзи, Ҳоким топшириғи билан бўғизланган қўйлар

Тасвирчи йўл четида бўғизланган икки қўйни видеога олади.

Вилоят ҳокимлигининг матбуот хизмати ҳоким Зойир Мирзаевнинг қўйларни сўйиш топшириғига алоқаси йўқлигини айтиб чиқди.

Кейинчалик ҳокимлик матбуот котиби Аҳрор Содиқов қўйларни сўйиш бўйича видео ҳисобот тайёрлаган вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов боғланиб суҳбатини тарқатди. Суҳбатдан матбуот котиби видеонинг ҳаққоний эканлигини тасдиқлаганини илғаш мумкин.

"Қўйларни сўйиш бўйича топшириқ бермаганлар. Энди бизларнинг ваколатимиз доирасида қонуний чора кўриш бўйича топшириқ берганлар. Биз жойига бориб ўрганганмиз. Ҳақиқатда фермернинг 21 та қўйи бўлган. Ҳақиқатда ғаллани пайҳон қилди. Шунга маҳалла раисини чақирганмиз, унга вилоят , баён тузишган унга қонуний чора кўриш бўйича", дея ўз сўзларига қарши кўрсатма беради Акром Арипов.

Аҳрор Содиқов вилоят қишлоқ хўжалиги инспекцияси бошлиғи Акром Арипов билан суҳбатида ундан қанчалик қонуний йўл тутгани ҳақида сўраган.

"Агроинспекцияни ўзингиз яхши биласиз. Қишлоқ хўжалик корхоналари устидан назорат қилиш агроинспекцияси. Бу қишлоқ хўжалик корхонаси бўладими, фермер бўладими бизга қонуний чора кўриш бўйича ваколатли. Ваколатимиз доирасида иш кўрганмиз. Бу бўйича Вазирлар маҳкамасининг бир қатор қарорлари бор", дейди мансабдор.

"Демак, Вазирлар маҳкамаси қарорини ва ўша Нишон туманида бўлган ҳолат бўйича ҳужжатлаштирилган протоколлар ва далилларни бизга етказа оласиз-а?", дейди Аҳрор Содиқов.

"Тўғри-тўғри бор улар. Энди қаранг-да. Айрим фермер хўжаликлари... Бу нарсани тўғри тушунишимиз керак. Ғаллаям халқимизнинг бойлиги, давлатнинг мулки-ку бу. Қайсидир фермер томонидан пайҳон қилса, қараб ўтиришимиз керакми, унга қанақадир чора кўришимиз керак-ку. Жазо муқаррар бўлиши керак-ку. Пайҳон қилаверса, биз нима томошабин бўлиб ўтирмаслигимиз керак-ку", дейди Акром Арипов.

Вазирлар маҳкамасининг "Қишлоқ хўжалиги экинзорларининг пайҳон қилинишига қарши курашишни кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида далада қўйларни сўйиш ва усталарга тарқатиш тўғрисида кўрсатма берилмаган.

"Экинзорлар пайҳон қилинган жойда ушланган чорва молларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига топширилиши ҳамда улар фақат чорва моллари эгасига нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий жазо чоралари қўллангандан сўнг ва етказилган зарар тўлиқ ундириб олингандан кейин қайтариб берилиши маълумот учун қабул қилинсин", дейилади қарорда.

Бироқ Қашқадарё вилоят ҳокимига тайёрланган видео ҳисоботда экинзорга қанча зарар етказилгани ва у қандай тартибда ундириб олингани кўрсатилмаган.

Бундан ташқари ғалласи пайҳон бўлган "Отамурод ота" фермер хўжалиги раҳбарининг қўйи нима учун сўйилгани маълум эмас.

Деҳқонлар ғалла ҳосили мўл бўлиши учун қиш вақтида қўйларни буғдойзорга қўйиб юборишни тавсия қилишади.

"Қишда қўй буғдойни пайҳон қилмайди. Аксинча, устини тишлаб кетавергани учун тупалаб, кўпаяди буғдой. Шунинг учун баъзилар атайлаб қўй подасини оралатади. Фақат лой бўлмаса бўлди, туёғи билан лойга ботириб ташлайди", деб ёзади журналист Зафар Қосимов Твиттерда.

Зойир Мирзаев ариқ ҳодисасидан сўнг Президент фармони билан Бош вазир ўринбосари лавозимидан озод қилинганди.

Хабарда айтилишича, президент фармонида Зойир Мирзаев "ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис" ишидан олинганди.

Фармонда Мирзаевнинг айнан Оққўрғонда фермер ва маҳаллий расмийларни сувга туширишга мажбурлагани учун ишдан четлатилгани айтилмаса-да, президент матбуот хизмати мажбурий меҳнатни қоралади.

"...кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди, зарур чора-тадбирлар кўрилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 29 октябрь куни барча даражадаги давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакл ва кўринишларига йўл қўймаслик борасидаги жавобгарлигини ошириш тўғрисида фармойиш қабул қилди", - дейилганди хабарда.

Орадан икки ҳафта ўтмасдан Зойир Мирзаев Жиззах вилоят Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланганди.

Ариқдаги сурат

Зойир Мирзаев одамларни ариққа тушириб жазолаш иддаолари билан танилганди

Сурат манбаси, Social media

Сурат тагсўзи, Зойир Мирзаев одамларни ариққа тушириб жазолаш иддаолари билан танилганди

Пахта даласи ёнидаги ариққа тушиб турган олти нафар кишининг сурати 27 октябрь куни ижтимоий-мулоқот тармоқларида кенг тарқалганди.

Суратдагилар аксариятининг ўрта ёшларда экани, ораларида сочига оқ оралаб қолган кишининг ҳам борлиги кўринган. Улардан айримларининг қўлларида дафтар-қоғоз кўзга ташланади.

Барчаларининг қўллари қовушган, нигоҳлари анчайин ерга қадалган, шимларининг пойчалари шимарилмаган. Худди шу аҳволда тўлиб оқаётган ариқ ичида тик ҳолатда турган қиёфада аксланган.

Kun.uz берган ахборотга кўра, ариқ сувига оёқ тиққан кишилар Оққўрғон тумани ҳокимининг қишлоқ хўжалик ишлари бўйича ўринбосари - Шерзод Муродов, Туман сув хўжалиги бошлиғи - Тоҳир Мирзакаримов, туман қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи - Шароф Аҳмедов, "Озод" МФЙнинг оқсоқоли - Зокир Мусабеков, "Мавлонбой ота" фермер хўжалигини раҳбари - Аброр Мавлонов, "Абдуносир" фермер хўжалиги раҳбари (исми Носир) бўлиб чиқди.

Шерзод Муродовнинг Kun.uz'а айтишича, воқеага Зоир Мирзаевнинг алоқаси йўқ, аксинча унинг ўзи ғаллага сув қўйилмаганини аниқлаган ва жаҳл устида оёқ кийим билан сувга тушган.

"Мана сув бор-ку, деб, жаҳл устида сувга тушдим. Фермерга сувни кўрсатмоқчи эдим. Мен уларни сувга туширмадим. Уларнинг ўзи тушди. "Ариқда сув йўқ", дейилганди. "Мана бор", деб тушгандим, улар ҳам эргашиб тушди. Сувда кўп турмадик, бир дақиқа атрофида бўлдик", дея кўрсатма берган Шерзод Муродов.

Бош вазир: Зойир Мирзаев Президент сиёсатига қарши

Бундан қарийб бир йил олдин Бош вазир Абдулла Арипов ўринбосари Зойир Мирзаевнинг ишдан олиниш ҳолатини изоҳларкан уни Президент сиёсатига қарши деганди.

"Шахсан мен учун бу жуда ноқулай ва уятли ҳолат. Чунки менинг ўринбосарим президентимиз олиб бораётган сиёсатга қарши иш қилди. Мана шу ҳолат 25 октябрь куни юз берган бўлса, юртбошимиз Зойир Мирзаевни ишдан бўшатиш ҳақидаги қарорни 27 октябрда қабул қилди. Бироқ конституцияга мувофиқ, шанба ва якшанба кунлари ҳеч қандай қарор ва фармонлар қабул қилинмайди. Шунинг учун биз бу қарорни бугун эълон қилдик.

Мирзаев бош вазир ўринбосарлигига кўчадан келиб қолган эмас. У узоқ йиллар Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани ҳокими, кейинроқ республикадаги энг салмоқли вилоятлардан бири Самарқанд вилояти ҳокими, кейинчалик қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб фаолият юритган.

Шунча халққа хизмат қилган, давлат ташкилотларида меҳнат қилган бўлса-да, Президентимиз уни бу қилмиши учун кечирмади. 'Қонун барчага баробар, жазо муқаррар', деб айтдилар", дея 2018 йилнинг 29 октябр куни Бош вазирдан иқтибос келтирган дарё.уз сайти.

Мирзаев ишдан олинганидан роппа-роса бир йил ўтиб Ўзбекистоннинг энг йирик вилоятларидан Қашқадарё ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Бир йил олдин Мирзаев ҳақида юқоридаги гапларни айтган Бош вазир Абдулла Арипов уни вилоят ҳокими вазифасига тайинлашда шахсан иштирок этган.

Бироқ Бош вазир бу сафар нима дегани номаълум. Чунки NasafNews нашрининг ёзишича, Арипов сўзга чиққан вақти залдаги журналистлар ташқарига чиқариб юборилган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek