Атласни севган Армани: Бухоро шаҳрига сафарни истисно қилмайман - Ўзбекистон ва мода O'zbekiston

Giorgio Armani Privé Баҳор/Ёз 2020 коллекцияси

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Giorgio Armani Privé Баҳор/Ёз 2020 коллекцияси

Парижда ўзининг Giorgio Armani Privé Баҳор/Ёз 2020 коллекциясини тақдим қилган италиялик машҳур дизайнер Жиоржио Армани уни қисман Ўзбекистон (икат) атласлари қисман илҳомлантирганини билдирди.

Италиянинг Style журналига берган интервьюсида Армани икат атласи қандай тўқилишини ўрганиб чиққанини айтди.

"Бу, айниқса, Шарқда кенг тарқалган усул. Унинг энг машҳур ва нозиклари Индонезия, Малайзия ва Ўзбекистонда ишланган. Мен бу мамлакатларда ҳеч қачон бўлмаганман", - дейди у.

Асл мода санъаткори қандайдир эҳтиросни хосил қилиш учун у мамлакатга бориши шарт эмаслигини айтиш билан бирга, Армани "лекин, Бухорога сафарни истисно қилмайман", - дейди.

Жаҳонга донғи кетган дизайнер ўтмишда ҳам ўзи "этник" дея тасвирлайдиган матоларни коллекцияларида қўллаган.

"Подиумга чиқаётган икат кўйлаклар булутлар каби, улар соф, пардек енгил, аёл елкасидаги элегант булутлар. Бу матолардан тикилган кийимлар аёлга қандайдир ижтимоий вазифани бажариши учун эмас, балки ўз томошасида иштирок этиши учун тикилган", - дейди Жиоржио Армани.

Жиоржио Армани 85 ёшда

Сурат манбаси, Victor VIRGILE/Getty Images

Сурат тагсўзи, Жиоржио Армани 85 ёшда

Армани ёшлигида тиббиёт коллежини битириб, қисқа вақт ҳарбий бўлиб хизмат қилиши ортидан 1957 йилда Миландаги Ла Ринасенте дўконига ишга кирган.

1960-йилларда эса Нино Черрути брендида эркаклар кийимларини дизайн қила бошлаган.

Қатор брендларда фаолият юритиши ортидан у 1975 йилда ўзининг Giorgio Armani брендига асос солган.

85 ёшли дизайнер шу кунгача дунёнинг энг машҳур актёр ва актрисалари, қўшиқчилари, давлат арбоблари ва спортчиларини кийинтирган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: @bbcuzbek