UzInvest, Лондон,Ўзбекистон ҳайъати: Ислоҳотлар ортга қайтмайди

BBCuzbek.com

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Ўқилиш вақти: 2 дақ

Лондонда Ўзбекистон иқтисодий салоҳиятини намойиш этиш, мамлакатга сармояларни жалб қилиш мақсадида йирик анжуман бошланган.

Ўтган бир неча йил ичида мисли кўрилмаган деб айтилаётган UzInvest форуми Ўзбекистонни жаҳон бозорига кириши учун ноёб имконият сифатида таърифланмоқда.

Ўтказиб юборинг Facebook пост

Бу материалга кириш имконсиз

Кўпроқ кўринг FacebookБи-би-си ташқи сайтлар мазмуни учун масъул эмас.

Охири Facebook пост

Давлат активларини бошқариш агентлиги раҳбари Сунатулла Бекеновнинг Би-би-сига айтишича, Ўзбекистонда ислоҳотлар ортга қайтамайдиган даражага етган. Бунинг асосий омилларидан бири мамлакатда очиқлик сиёсати ҳукм сураётгани ва матбуот бундан уч йил аввалигиси билан солиштириб бўлмас даражада эркинлашганидир.

Бекеновга кўра, бугунга келиб хусусийлаштириш борасида йирик қадамлар ташланган, давлатнинг ҳиссаси икки баробарга камайтирилган. Бу эса "ислоҳотларда ортга йўл йўқлигидан" далолатдир.

UzInvest форумида Ўзбекистон ҳукумати вакиллари ҳам иштирок этишмоқда.

Анжуманни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Саид Рустамов очган.

Куни кеча Лондон фонд биржасида "Ўзсаноатқурилишбанк" 300 миллион АҚШ доллари миқдоридаги евробонд чиқарган эди. Молия вазирлигига кўра, инвесторлар томонидан айни қадам юқори баҳоланган. Шу йил феврал ойида Ўзбекистон тарихида илк бор Ўзбекистон Республикасининг 1 миллиард АҚШ долларига тенг суверен облигацияларининг халқаро капитал бозорларида жойлаштирилган эди.

Ўзбекистон ва сармоядорлар - фаоллашув борми?

BBCuzbek.com

Сурат манбаси, BBCuzbek.com

Мутахассисларга кўра, Ўзбекистонга сармоядорларнинг қизиқиши ортаётгани баробарида кўпчилик "етти ўлчаб бир кес" ақидаси билан иш юритаётганини айтади.

Дунёдаги энг нуфузли инвестиция банкларидан ҳисобланмиш Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) марҳум президент Ислом Каримовнинг инсон ҳуқуқлари борасидаги сиёсатини қоралаши ортидан Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.

Аммо, Президент Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келиши билан, банк Ўзбекистонга қайтди. Тошкентда қайта очилган ваколатхонаси ортидан Андижонда ҳам иккинчи ваколатхонасини ишга туширди.

1991 йилда ташкил қилинган ЕТТБ ривожланаётган давлатларда бозор иқтисодини қуриш йўлида инвестиция киритишга ихтисослашган. Банкнинг Ўзбекистонда молиялаётган 72та лойиҳаси портфолиоси ҳозирда 694 миллион еврога тенг.

Би-би-си билан аввалроқ қилинган суҳбатда Европа Тараққиёт ва Тикланиш банкининг Марказий Осиё директори Бруно Балванера "Биз тез хусусийлаштиришдан фарқ қиладиган бошқача моделни таклиф қиляпмиз. Балки шунинг учун ҳам жараён секин кетаётгандир. Бир нарсани назардан қочирмайлик, Ўзбекистонда ҳали ўша давлат компанияларини сотиб олиш учун етарли бойлар йўқ. Одамлар бадавлат эмас. Балки баъзилари бойдир, лекин давлат мулкини сотиб оладиган даражада эмас. Хорижий инвесторлар эса Ўзбекистондаги жараённи кузатиб турибдилар ва ҳали киришга тайёр эмаслар", деб айтган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати UzInvest форум иштирокчилари билан бир неча суҳбатлар уюштирган.

Бизни bbcuzbek.com ва барча ижтимоий тармоқлар, хусусан YouTube каналимизда кузатиб боринг