Ўзбекистон: Ис газидан нобуд бўлаётган аҳолини ким қутқаради?

Сурат манбаси, uz24uz
Жиззах вилоятида 7 нафар ишчи ис газидан заҳарланиб, вафот этган.
Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Ишчилар Зомин туман ИИБ биносида қурилиш ишларини бажараётган бўлган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ҳодиса юзасидан жиноят иши очилган.
Охирги уч кунда жами 10 нафар инсон ис газидан нобуд бўлгани хабар қилинган.
17 ноябр куни Наманган вилоятининг Уйчи туманида юз берган ҳодисада бутун бир оила ис газидан заҳарланган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, уч киши вафот этган, яна бир киши шифохонага ётқизилган.
Вазирлик газ ускуналаридан ва иситиш мосламаларидан фойдаланишда ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинмаганини айтган.
"Хонадонда қўлбола ясалган иситиш печига пропан газ баллони резина шланг орқали уланиб уй ичида фойдаланилган, натижада ис гази ҳосил бўлиб, фуқаролар ухлаб ётган вақтларида заҳарланган", дейилади расмий хабарда.
Аввалроқ Фарғона вилоятининг Риштон, Данғара туманлари ва Қўқон шаҳрида ҳам ўлим ҳодисаси кузатилганди.
Ой бошидан буён билинган қурбонлар сони 15 нафар.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўз веб-сайтида жойлаштирган маълумотларга кўра, ис гази (СО) рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги, чала ёниши оқибатида вужудга келади. Тутун таркибида 3%, ишланган газда 13%, портловчи газлар таркибида 50-60% гача ис гази бўлади.
Ис газидан қатор органик моддалар (асетон, метил спирт, фенол ва бошқалар)ни синтез қилиш учун фойдаланиладиган корхоналарда, автоуловлар турар жойларида вентилация ёмон бўлганда, янги бўялган шамоллатилмайдиган хоналарда, шунингдек, уй шароитларида табиий газ чиқиб турганда ва печка билан истиладиган уйлар, ҳаммомларда, дам олиш палаткаларида исиниш учун чўғ оловлари ва бошқалардан фойдаланганда ёниш маҳсулотининг тўлиқ ёнмаслиги натижасида заҳарланиб қолиш мумкин.

Сурат манбаси, uz24uz
Тинч даврдаги қурбонлар
Ҳар йили ўнлаб инсон ис газидан заҳарланиш натижасида вафот этади.
Газга бой Ўзбекистонда аҳоли газдан узиб қўйилган.
Кўпчилик қўлбола иситиш ускунасидан фойдаланади.
Ўзбекистоннинг аксар ҳудудларида газ, свет ва умуман, энергия муаммоси тўла ҳал этилмаган.
Айниқса, қиш кириб совуқ тушиши билан одамлар ўй тушади. Газ, свет, кўмир, ўтин ва қолаверса, таппи ҳам пул.
Риштонлик машҳур блогер Дима Қаюмнинг ҳисоблашича, ўртаҳол, келин туширган, неварали бир оиланинг қишдан чиқиши учун қарийб 500 доллар кетади.
Ўзбекистон бугун Хитой ва Россияга катта ҳажмда газ, Афғонистонга эса электр сотади. Сўнгги йиллари экспорт ҳажми кўпаймоқда.
Кўпчилик газ ва свет четга сотилаётгани туфайли халқ энергиясиз қолмоқда, деб ишонади.
Жиддий энергетика инқирози билан юзма-юз қолган Ўзбекистон Россия билан зиддиятли АЭС лойиҳасини қуришни бошлаган.
Мустақил таҳлилчилар серқўёш Ўзбекистонда атом эмас, балки Қуёш ва бошқа муқобил энергия манбалари кўпроқ истиқболли эканини айтадилар.
Уларга кўра. яшил энергия атомдан арзонроқ ва хавфсиз.
Ҳукумат РосАтом қураётган АЭС лойиҳаси қийматини очиқламаган.
Президент Шавкат Мирзиёев 2016 йил декбаридаги президент сайловлари арафасида аҳолининг электр ва газ тақчиллиги муаммосига барҳам беришни ваъда қилган, аммо ўтган уч йил мобайнида вазият сезиларли даражада ўзгармаган.
Шу йил декабридаги парламент сайловларида қатнашаётган партияларнинг биронтаси ҳам аҳолининг газ ва электр муаммосини узил-кесил ҳал қилишга ваъда бермаган.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












