Ўзбекистон: Мирзиёев кечирди, "Ўзбекконцерт" тақиқлади

Тақиқдаги Озода Саидзода ўрнини Жаҳонгир Отажонов эгаллади

Сурат манбаси, Instagram

Сурат тагсўзи, Тақиқдаги Озода Саидзода ўрнини Жаҳонгир Отажонов эгаллади

Озода Саидзоданинг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кечирилиши ва тақиқдаги бўшаб қолган ўрин яна бир хонанда Жаҳонгир Отажонов билан тўлдирилиши ижтимоий тармоқларда муҳокама бўлмоқда.

"Ўзбекконцерт" давлат муассасаси бир неча йилдан тақиқда бўлган хонанда Озода Саидзода (Нурсаидова)нинг Президент Шавкат Мирзиёев томонидан кечирилганини маълум қилди.

Хабарда айтилишича, 13 октябр куни Озода Саидзоданинг сўзга чиқиб, хатоларини тан олган.

У "бундан бир неча йиллар олдин билиб-билмай, асосланмаган маълумотларга ишониб, ҳиссиётларга берилиб, жамоатчилик орасида ўзининг ноўрин фикрларини оммавий ахборот воситалари орқали баён этганидан астойдил пушаймон эканлигини" билдирди дейилади "Ўзбекконцерт" хабарида.

Озода Саидзода Президент, халқ ва барча санъаткорлардан уни кечиришларини сўраган.

Шундан сўнг "Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳоров Озода Саидзодани Президент Шавкат Мирзиёев кечирганини маълум қилган.

""Ўзбекконцерт" давлат муассасаси директори Одилжон Абдуқаҳоров томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг санъат аҳлига бўлган ғамхўрлиги ва меҳрибонлиги ҳамда кечиримлилиги боис гарчи хонанда Озода Саидзода томонидан ўз вақтида ноўрин фикрлар билдирилганига қарамасдан, Юртбошимиз томонидан бугун унинг кечирилгани ҳамда эркин ижод қилишига имконият яратилгани маълум қилинди", дейилади хабарда.

Озода Саидзода 2011 йилнинг май ойида ўз интернет саҳифасида ўзининг Ўзбекистон ҳукуматидаги аксил-Каримов мулозимлар томонидан босим остига олинаётгани, ҳамда наркобизнес ва диний экстремистик ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишга мажбурланаётганини даъво қилган видеофильмини чоп қилганди.

Ўша вақти Би-би-си Ўзбек хизматига берган интервьюсида у бошқаларнинг буйруғи билан эмас, балки ўз ташаббуси билан бундай чиқиш қилганини айтганди.

Президент хонандадан хафа бўлиб, уни кечирадими?

Озода Саидзоданинг Президент томонидан кечирилгани ҳақида илк хабарни "Қўшни маҳалла" телеграм канали берди.

Twitter да хонанданинг айнан Президент томонидан кечирилди, деган жумлага эътирозлар бўлди.

""Президент томонидан бугун унинг кечирилгани" деган жумлани ишлатишдан ўзимни тийган бўлар эдим, бу энг камида демак Президент бирор хонандадан хафа бўлиши, уни тақиқлаши ёки кечириши мумкин экан, деган тушунчани пайдо қиляпти", деб ёзди Twitter фойдаланувчиси.

Озода Саидзоданинг тақиқдаги ўрни кўп бўш турмади.

14 октябр куни "Ўзбекконцерт" таниқли хонанда Жаҳонгир отажоновни "маънавий қадриятларимизга мутлақо ёт бўлган номуносиб ҳаракатлари" учун лицензиядан маҳрум қилди.

Жаҳонгир Отажонов концерт-томоша, тўй-юбилей ва бошқа тантаналарда қўшиқ айтиши тақиқлангани маълум қилинди.

Бир ҳафта аввал "Муносабат" кўрсатувида студия мониторида хонанда Жаҳонгир Отажоновнинг ерга ётганча қўшиқ куйлаётгани, устидан эса пул сочилаётгани тасвирланган видео намойиш этилганди. Унинг одоб-аҳлоқи ва "маънавият даражаси" савол остига олинган.

Ўз лицензияси олиб қўйилиши муҳокама қилинаётганига муносабат билдирган Отажонов ижтимоий саҳифаларида: "ALLOH ga shukurlar bolsinkim bizni ish shu darajada keng miqyosda taxlil qilinyabdi 😅🔥Oramizdagi ba'zilar in sha ALLOH har doim orqamda bolasizlar tez orada sizlarga javobni ALLOHdan kutaman 🔥🔥🔥" деб ёзди.

Жаҳонгир Отажонов ўзига хос характери ва ғайриоддий қўшиқлари билан ажралиб туради.

Шунингдек, у ўзбек хонандалари ичида соқол қўйган ва диний мавзуларда кўп чиқишлар қиладиган санъаткордир.

"Ўзбекконцерт" тугатилсинми?

Олдинроқ Sanjay тахаллуси билан ижод қиладиган реппер Санжар Джавбердиев Президент Мирзиёевга мурожаат қилиб, унга соқоли бўлгани учун тақиқлар бўлаётгани ҳақида айтди.

Sanjayнинг айтишича, айнан соқоли бўлгани учун уни телевидениега чиқаришмайди, расмий тадбирларга чақиришмайди ва яккахон концерт қўйишга тақиқ қўйилган.

Хонандаларни назорат қилиш билан танилган "Ўзбекконцерт"нинг Отажоновни тақиқлаш тўғрисидаги расмий билдиришини мухлислар икки хил қарши олди.

"Биз Шимолий Кореямизми? Исталган истеъдодли мусиқачиларни жазолашга изн берадиган қанақа субъектив цензура бу? Кимни эшитиш борасида қарор беришга тингловчилардан бошқа кимнинг ҳуқуқи бор?", дейди Smartgov Consulting бюроси ижрочи директори ва блогер Азиза Умарова.

У "тушунарсиз" ва "ўзини оқлай олмайдиган" "Ўзбекконцерт" нимага керак дея савол беради.

Азиза Умарова ушбу ташкилотни тугатишга чақирган.

Блогернинг Жаҳонгир Отажоновни тақиқламаслик керак деган фикрларига сиёсатшунос Фарҳод Толипов қарши чиқди.

"Балки "Ўзбекконцерт"га эътироз бордир. Аммо рухсат берувчи ҳеч қандай муассаса бўлмаса, Жаҳонгир Отажоновнинг маданиятсиз хулқи урчиб ва бошқа "хонандаларда" янаям бузилган кўринишда кўпайиб кетмайдими? РуТВ, МузТВ ва бошқаларига бир қаранг. Бунинг ҳаммасини бизда изн бериш керакми", дейди Фарҳод Толипов.

Унга жавобан Азиза Умарова бу каби ҳолатлар жамоат тартиби тўғрисидаги қонун ва судлар томонидан тартибга солиниши кераклигини урғулади.

"Бу хонандага омад тилайман. Овоз зўр, лекин атроф-муҳит барибир қўймади", дейди Ilkhom Ilhom.

Гулчехра Бобоева "Оллохим овоздан берган. Лекин фаросат ақлдан кисиб қўйган", дейди.

Ma'mur Hatamiy га кўра, Жаҳонгир Отажонов Исломий йўналишда ижод қилишга ўтиши керак.

"Мани Жоҳонгир танимайди, лекин бир куни бир кафеда ўтирган экан салом алик қилдик жуда камтар ва самимий кўринди манга. Ўзимизни оддий бола, шайтон нолани қўйиб шу йўналишда ижод қилиш керак мани фикримча, ризқ Аллохдан. Мана Сами Юсуф ва бошқалар шу йўналишда қанча илғорлаб кетишган".

Кун сўнггида Жаҳонгир Отажоновнинг ҳимоясига Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг директори Комил Алламжонов ҳам фикр билдирди.

"Жаҳонгир Отажоновнинг қўшиқларини оилам ва фарзандларим билан яхши кўриб тинглайверамиз! Бунинг учун шахсан бизга лицензия керак эмас!" деб ёзди у Телеграм каналида.

Алламжонов бир неча маротаба Ўзбекистондаги блогер ва журналистлар агентлик ҳимоясида эканлигини таъкидлаган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek