Ўзбекистон, дунё: Россияда Фарғона нега блокланди?

Сурат манбаси, Fergana agency
Роскомнадзор "Фергана" хабар агентлигига киришни чеклаб қўйган. Сабабларини айтмаган.
Вебсаҳифа Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонга оид хабар ва масалаларига кўпроқ эътибор қаратади.
"Бирон огоҳлантириш олганимиз йўқ" - дейди агентлик вакиллари - "Биз чоп этган қайси маълумотга қарши эътироз бўлганини билмаймиз".
Вебсаҳифа уларни блоклашганини тушунтириш талаби билан Роскамнадзорга сўров жўнатишган.
1998 йили ташкил этган "Фергана" агентлиги Россияда рўйхатдан ўтган.
"Фергана" вебсаҳифаси Ўзбекистонда ҳам узоқ йиллар блокланган ва фақат ўтган май ойида унга қўйилган чекловлар олиб ташланганди.
Герцогиня ва газета

Сурат манбаси, Getty Images
Британия Қироличаси Елизавета Иккинчининг невара келини мамлакатдаги Mail on Sunday газетасини маҳкамага берган.
Даъвогар - Сассекс герцогиняси Меган Марклга кўра, бу нашр унинг мактубини ноқонуний чоп этган.
Унинг эри Шаҳзода Гарри эса "тинимсиз ташвиқот" уларни маҳкамага мурожаат қилишга ундаганини айтди.
"Мен онамни йўқотдим ва ҳозир рафиқам ҳам худди ўша таъсири кучлар қурбонига айланмоқда" - деди шаҳзода ўз марҳума онаси Малика Дианани назарда тутиб.
Герцогинянинг адвокатларига биноан, Mail on Sunday нашри мақоласи ҳақиқатга тўғри келмайди ва Меган Марклнинг қадрини ерга уради.
Хитой ҳарбий кучини кўрсатди

Сурат манбаси, Reuters
Хитой Халқ Республикаси ташкил топгани 70 йиллиги улкан тантаналар билан нишонланмоқда.
Қонли фуқаролар урушида қўли баланд келган коммунистлар 1949 йил октбярида Халқ Республикаси эълон қилишганди.
Аҳолиси катта, аммо табиий захиралари анча кам Хитой сўнгги йиллари мисли кўрилмаган иқтисодий тараққиётга эришди.
Юз миллионлаб инсонларни қашшоқликдан чиқарди ва бутун дунё бўйлаб ўз иқтисодий таъсирини ёймоқда.
Аммо Хитой ҳамон шахс эркинликлари чекланган ва инсон ҳуқуқлари топталадиган давлатлардан биридир.
70 йиллик тантаналарда Хитой ўз ҳарбий қудратини ҳам намойиш этди.
Кўпчилик таҳлилчиларга кўра, Хитойнинг юмшоқ иқтисодий қудратига кўниккан дунё учун унинг энди ҳарбий куч-қудратини ҳам кўз-кўз этаётгани тасодифий эмас.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












