Дунё, Ўзбекистон ва ўзбеклар: Яхши иш бор, йилига $4000 доллар пул топасиз

Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Дунё ва ўзбеклар: Муҳожирликни қўйинг, яхши иш бор, йилига $1500 доллар пул топасиз - оилавий корхонача очасиз, қимматбаҳо тақинчоқлар ишлаб чиқарасиз, четга экспорт қиласиз…

Қарабсизки, яқинларингизни ҳам ишли қиласиз, сарф-харажатларингизни ҳам қоплайсиз, яна анча-мунча пуллик ҳам бўлиб қоласиз.

Маълум бўлишича, худди шу каби оилавий бизнес сўнгги йилларда Афғонистоннинг Ўзбекистонга бевосита чегарадош шимолий Балх вилоятида барқ уриб ривожланмоқда.

Бу иш билан яна яқинда Покистондан муҳожирликдан қайтган ўзбеклар ва туркманлар шуғулланишмоқда.

Мухбиримиз Ҳаёт Шайбоннинг айтишича, ҳозирга келиб, биргина Мозори Шариф шаҳрининг ўзида бунга ўхшаш оилавий заргарлик корхоналарининг сони қарийб ўнга етган, улар сабаб, аксарияти хотин-қиз ўнлаб одам ишли бўлган.

Улардан айримлари ўз бизнесларини бошлашганига бор-йўғи икки йил бўлган бўлса, ана шу қисқа вақтнинг ичида 8 минг долларгача даромад қилишган.

Заргар

Сурат манбаси, videograb

Қирқ йилдирки, урушлар гирдобида бўлган Афғонистонда ишсизлик ҳам ҳукумат ва ҳам одамлар тўқнаш келиб турган учта энг асосий муаммодан биттаси бўлади.

Айни шу муаммо, бошқа томондан, Афғонистонда гиёҳванд моддалар савдоси ва исёнчиликни оловлантириб келаётган энг муҳим омиллардан бири сифатида тилга олинади.

Ҳукуматларининг босимлари остида сўнгги йилларда катта сондаги афғонлар Покистон ва Эрондан ортга қайтишга мажбур бўлишган, бу ҳам Афғонистондаги ишсизлик муаммосини янада кучайишига сабаб бўлмай қолмаган.

Маълум бўлишича, оилавий заргарлик корхоналарини очиш ташаббуси одамларнинг ўзлариники бўлган.

Уларга кўра, Покистондаги иш тажрибалари билан қиёсланганда, Афғонистонда заргарлик қилиш анча осон ва арзон бўлиб чиққан.

Устига устак, ўз маҳсулотларининг Покистон номидан хориж бозорига чиқарилиши ўзларига ёқмаган.

Тақинчоқ

Сурат манбаси, videograb

Ақиқ, ложувард, феруза, зумрад бўлмайдими, бу қимматбаҳо тошлар Афғонистоннинг ўзидан чиқади, анча арзонга топилади.

Афғонистон дунёга ўзининг қимматбаҳо тош конлари билан ҳам машҳур...

Улар асосан кумуш билан ишлашади, узук, халқа, зирак, билагузукдан тортиб, тасбеҳгача ясашади.

Ўз маҳсулотларини асосан хориж бозорига мослаб ишлаб чиқаришади, уларни Ўзбекистону Европадан тортиб, Америкага қадар сотишади.

Маҳаллий харидорларимизнинг ҳам кети узилмайди, яна буюртмалар асосида ҳам ишлаймиз, дейишади улар.

Устига устак, яна қонуний фаолият юритишади, барча солиқ ва тўловларни ўз вақтида тўлаб боришади ва шунда ҳам қилаётган ишлари, топаётган даромадларидан рози, мамнун.

Аммо, уларга кўра, буларнинг барчаси давлат ва масъулларнинг бирор бир имтиёз ёки кўмакларисиз эришишга муваффақ бўлишган.

Агар, корхоналаримиз учун янада мақбул жой бўлса, электр таъминотида узилишлар бўлмаса, янгидан янги бозорларга эшик очиб берилса, бизнесимиз бундан-да ривожланган, янада кўпроқ одамни ишли қилган бўлардик, дейишади улар.

Маҳаллий масъулларга кўра эса, қимматбаҳо тош конларидан унумли фойдаланиш бўладими ёки жаҳон андазаларига мувофиқ заргарлик буюмлари ишлаб чиқариш, ҳали бу соҳада бундан-да муҳимроқ бўлган бошқа бир талай ишлар ҳам бор.

Тақинчоқ

Сурат манбаси, videograb

Яқинда Ўзбекистон ҳам ўзининг жанубий қўшниси бўлган Афғонистон билан савдо-сотиқни кучайтириш истагини айнан Мозори Шарифда ҳукумат даражасида расман ва ошкора баён қилган.

Расмий Кобул ҳам бунга лаббай, деб жавоб бераркан, томонлар бир-бирларига ўз бозорлари эшикларини очишга келишиб олишган.

Бу сўзлар ва ваъдалар Балхда Ўзбекистоннинг ҳар икки давлат тарихида энг йириги бўлган иқтисодий кўргазмаси очилган бир манзарада янграган.

Ўзбекистон томони ўз тупроғида ҳам афғон маҳсулотлари учун худди шу каби кўргазма ташкил этишга ваъда қилган.

Мисли йўқ экани айтилган Мозори Шариф шаҳридаги кўргазмага эса, Ўзбекистон ўзининг ўнлаб маҳсулотларини намойиш ва сотувга қўйганди.

Ўзбекистонда ҳам заргарлик асрларки ўз ўрни ва қимматини йўқотмай келаётган қадимий ҳунарлардан бири бўлади.

Ўзбекистон ҳам ўзининг йирик олтин, кумуш ва бошқа ноёб металл конларига эга.

Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи ва ҳозирда марҳум президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам вақтида ўзининг заргарликка бўлган қизиқиши билан Ғарб матбуоти нигоҳига қадар тушганди.

Видеолавҳамизни бир кўринг-чи, бугун Ўзбекистонда ҳам шундай бизнес қилиш имкони, имконияти борми?

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek