Бош прокурор Отабек Муродов нима сабабдан ишдан олингани айтилмаяпти, унинг қаердалиги номаълум

Сурат манбаси, BBCUZBEK
20 июн куни Бош прокурор лавозимидан олинган Отабек Муродовнинг қаерда эканлиги ва нима сабабдан ишдан олингани борасида расмий маълумот берилмаяпти. Би-би-си боғланган ҳукумат идорасидаги манбанинг айтишича, уларда Муродовнинг бирор жойга ишга ўтгани борасида ҳам маълумот йўқ.
Қарийб бир ярим йил давомида Бош прокурор бўлиб келган ва президент Мирзиёев фармони билан ишдан олинган Отабек Муродовнинг кейинги тақдири борасида хабар берилмаяпти.
Одатда ишдан олинган мансабдор "ўз аризасига кўра" ишдан кетгани ёки "бошқа ишга ўтгани муносабати" билан олингани айтилади. Олдинроқ ижтимоий тармоқларда ишдан олингани ҳақида хабарлар чиққан Отабек Муродовнинг ишдан олинишида бирор расмий сабаб келтирилмаган.
Президент матбуот хизматига кўра, Муродовнинг ишдан олиниши Ўзбекистон конституциясининг 93 модда, 12-бандига мувофиқ.
Айни бандда битилишича, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва Ҳисоб палатаси раисини тайинлайди ва уларни лавозимидан озод қилади, кейинчалик бу масалаларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тасдиғига киритади.

Сурат манбаси, kun.uz
Унинг ўрнига Сенат раиси Ниғматулла Йўлдошев тайинланган.
Отабек Муродов ўтган йил январ ойида Ихтиёр Абдуллаев ўрнига Бош прокурор бўлган эди.
Ўзбекистон Бош прокурори лавозимида бўлган Рашид Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаевлар устидан очилган жиноий иш ҳамон давом этмоқда.
Рашид Қодиров иши бўйича бундан бир йил аввал йигирмадан ортиқ шахс ҳибсга олингани айтилганди.
Аммо расмий маълумотларга кўра, бугунги кунда Қодиров иши доирасида 13 нафар шахсга айблов эълон қилинган.
Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раиси Ихтиёр Абдуллаев ва унинг собиқ биринчи ўринбосари Жаҳонгир Эгамовга қарши жиноий иш очилгани ҳақида Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари Эркин Йўлдошев ўтган ҳафта маълум қилган эди.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek












