Ўзбекистон: Би-би-си мухбири Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилди

Сурат манбаси, BBCUZBEK
Би-би-сининг Ўзбекистондаги фаолияти Аваз Тоҳировнинг Би-би-сининг Тошкентдаги мухбири ўлароқ аккредитация олиши ортидан жадаллашди.
"Аваз Ўзбекистон ичида юз бераётган ўзгаришларни Би-би-сининг 340 миллиондан зиёд ҳафталик аудиториясига етказиб беришни кучайтиради," дейди BBC News Uzbek муҳаррири Хайрулло Убайдуллаев.
BBC News Uzbek муҳаррири Дилором Иброҳимова шундай қўшимча қилади: "Рус ва инглиз тилларини яхши билган Аваз ўзбек тили ҳамда Ўзбекистон тарихи ва анъаналари бўйича чуқур билимга эга. У Би-би-сининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида аъло кадр бўлади."

1994 йилда очилган вақтда Би-би-си Ўзбек Хизмати ўз олдига қўйган икки мақсадни эълон қилган: Ўзбекистонни дунёга ва дунёни Ўзбекистонга танитиш. Ушбу аккредитация ўзбек тилида сўзлашувчи дунё қисмларидан келаётган янгиликлар, эндиликда, Ўзбекистоннинг ўзидан узатилаётган хабарлар билан уйғунлашиб, 40 дан зиёд тилда фаолият юритувчи BBC News глобал платформалари бўйлаб янада кўпроқ таъсирга эга бўлиши ва янада кўпроқ муштарийлар назарига тушишини англатади.
Халқаро ташкилотлар олқишига сазовор бўлган қадам ила Ўзбекистон расмийлари яқинда bbc.com/uzbek дохил қатор сайтларга қўйилган тўсиқни олиб ташлаган эди.
Би-би-си ва Ўзбекистонда машҳур Sevimli TV ўртасида таҳририй ҳамкорлик бўйича англашув меморандумининг имзоланиши ортидан Би-би-си Ўзбек Хизмати журналистлари бир қанча лойиҳалар устида ушбу телеканал билан биргаликда ишламоқдалар.

Сурат манбаси, BBCuzbek
Би-би-си Ўзбек Хизмати Ўзбекистон, шунингдек, Афғонистон ва дунёнинг бошқа ўлкаларидаги ўзбек тилида сўзловчилар учун махсус тайёрланган материалларни тақдим этади ва минтақадаги энг йирик халқаро хабар тарқатувчилардан бири саналади.
bbc.com/uzbek вебсайти, Facebook ва YouTube'га қўшимча BBC News Uzbek Instagram, Twitter, Odnoklassniki ва Telegram орқали ҳам ўз аудиторияси билан боғланган.
Би-би-сининг Афғонистондаги ўзбек тилида сўзловчилар учун тайёрланадиган 10 дақиқали телеянгиликлар жамланмаси Афғонистонда ҳафтасига 1,8 миллион одам томонидан томоша қилинади.
Би-би-си Ўзбек Хизмати Би-би-си Жаҳон Хизмати таркибига киради.
Телеграм - https://t.me/bbcuzbek












