Ўзбекистон: Самарқанд ферма хўжалигида бир оиланинг беш аъзоси ўлдириб кетилди

Беш киши нега ўлдирилгани ва далага ташлаб кетилгани бўйича ҳозирча маълумот йўқ

Сурат манбаси, Wolfgang Kaehler/Getty Images

Сурат тагсўзи, Беш киши нега ўлдирилгани ва далага ташлаб кетилгани бўйича ҳозирча маълумот йўқ

Ўзбекистон Бош прокуратураси хабарига кўра, Самарқанд вилоятида машина ичида бир оиланинг беш аъзоси жасадлари топилган.

Маълум қилинишича, Қўшработ туманидаги фермер хўжалиги ер майдонида "Дамас" автомашинаси ичида қолдириб кетилган жасадлар ота-она ва уларнинг уч фарзандиникидир.

Прокуратура Иштихон туманининг Чимқўрғон қишлоғида яшаган 50 ёшли А.Х ва 45 ёшли З.Х, ҳамда уларнинг уларнинг уч нафар ўғли жасадлари оғир тан жароҳатлари, яъни қотиллик аломатлари билан топилганини билдирди.

Уч ака-ука 21, 17 ва 15 ёшларда бўлишган.

Жасадларни, Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида тарқаган хабарларга кўра, айни фермерлик хўжалигининг эгаси 15 май куни эрталаб соат 9:00 атрофида топган ва дарҳол милицияга хабар қилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқаган суратда далада турган "Дамас" машинаси ва даҳшатли тан жароҳатларини олган беш жасад акс этган.

Айни хабарларда мазкур оиланинг омон қолган 22 ва 25 ёшли икки қизи ҳақида ҳам маълумот берилган.

Ўлдириб кетилган ота ва тўнғич ўғил "якка тартибдаги меҳнат фаолияти" билан шуғуллангани, она - уй бекаси, яна икки ўғил эса 10 ва 6-синф ўқувчилари бўлгани айтилади.

Би-би-си сўровига жавобан Ўзбекистон Бош прокуратураси айни ҳодиса бўйича қўшимча маълумотлар ҳозирча йўқлигини билдирди.

Қотилликларга нима сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги борасида ҳозирча ҳеч қандай версия очиқланмади.

Прокуратурага кўра, воқеа жойига зудлик билан Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари, Ички ишлар вазири ўринбосари, Бош прокуратура Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси бошлиғи, вилоят прокурори, вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ҳамда тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиққанлар.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Иштихон туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.

"Ҳозирда мазкур мудҳиш жиноятни фош этиш учун барча зарурий тезкор-қидирув ва тергов ҳаракатлари тун-у кун амалга оширилмоқда. Терговнинг бориши устидан Бош прокурорнинг алоҳида назорати ўрнатилди," дея хабар қилади прокуратура.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek