Ўзбекистон: Сериаллар устидаги сериалга айланиб кетган тортишувлар ибтидосида ҳукумат мулозими турибдими?

Хайриддин Султонов ўнгда

Сурат манбаси, kun.uz

Сурат тагсўзи, Хайриддин Султонов ўнгда

Ўзбекистон телевизион каналларида сериаллар ҳақидаги баҳсу мунозаралар ҳам сериаллашиб бормоқда.

BBC Ўзбек хизматига Тошкентда ҳукумат доираларидан бохабар бўлган икки манбанинг айтишича, турк сериалларга қарши жангга биринчилардан бўлиб ёзувчи, Ислом Каримов даврида ОАВ ва маданият соҳасини бошқариб келган Хайриддин Султонов кирган.

Номини ошкор этишни истамаган ҳукуматга яқин манбанинг айтишича, 8 февраль куни Ўзбекистон президенти маъмуриятида бўлиб ўтган йиғилишда Хайридин Султонов Ўзбекистон хусусий телеканалларда узатилаётган турк сериалларининг ўзбек менталитети, маънавиятига зарари ҳақида гапирган ва бунга қарши жиддий чора кўришга чақирган. Айни мана шу йиғилишдан сўнг бу мавзу яна кўтарилган. Айрим телеканалларга мутасадди ташкилотлар томонидан огоҳлантиришлар берилган.

Бу мулозимнинг турк сериалларига қарши курашга кириши, манбаларга кўра, ҳатто маъмуриятдагилар орасида ҳам бирдай қабул қилинмаган.

Ўзбекистон: Кино, сериал, маънавият ва ...сериаллардан бошқа муҳокамага арзигулик мавзу борми?

"Бугун 32 миллионлик аҳолиси бор мамлакатда асосий муаммо турк сериаллари...Шуни тўхтатсак, буёғи "буюк келажак"да яшаймиз", деб киноя қилади журналистлардан бири.

Бу сериалларнинг қўйилишидан аҳоли норози бўляпти деган гап-сўзларга қарамай, аксар аҳоли, айниқса аёллар турк сериалларига муккасидан кетгани, норози бўладигина эмас, аксинча, эфирдан олиб қўйилган сериалларни турли йўллар билан топиб кўришга уриниши одатий ҳолга айланган.

Журналистга кўра, "...бу сериалларни ёқламаётганлар асосан эркаклар ва кам сонли аёллардир. Шундай экан ҳукуматнинг турк сериалларига қарши "салиб" юриши қилиши тушунарсиз ва баҳсли. Каримов даврида олий мақомларни эгаллаган маънавият посбонларининг ғашини келтирар, эҳтимол..."

Сериаллар масаласи кун тартибига чиқиши билан Ўзбекистон ахборот агентлиги турли давлат ва нодавлат ташкилотларининг муносабатини ифодаловчи хабарларни қўя бошлаган.

видео

Сурат манбаси, video screenshot

Дин ва дунё

Мусулмонлар идораси вакиллиги сериалларни эфирга узатишдан аввал уламолар кўригидан ўтказишни таклиф қилган бўлса, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси вакили сериалларни бутунлай эфирдан олиб ташлаш муаммони ҳал қилмаслигини айтган. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси марказий кенгаши бўлим бошлиғи ДониёрТошбоев эса "Бу сериалларни тарғиб қилаётган, қўйишга рухсат бераётганларни назорат қилиш вақти келмадими? Ушбу сериаллар орқали миллат маънавиятига рахна соладиган авлод етишиб чиқмаслигига ким кафолат бера олади?" дея ўз муносабатини очиқлаган қўйган.

"Турк кино ижодкорлари воқеаларни бироз бўрттириб юбориши рост, аммо реал ҳаётни кўрсатишади", - дейди "Sevimli TV" телеканали кино таҳририят мудири Лола Шоимова. - Турк сериаллари сабаб келинлар қайнонасини ҳурмат қилмаяпти, ажрашишлар кўпайди, дейдиганлар ҳам учраб турибди. "Шум бола" фильмидаги икки воқеани эсланг. Унда эрига хиёнат қилиб, уйига бошқа эркакни киритган аёл ҳақидаги саҳна бор. Иккинчиси, ўғриларнинг бошлиғи шум болани ўғирликка даъват қилади. Нега бу асарни, асар асосида ишланган кинони ҳеч ким қораламайди? Нега "Келинлар қўзғолони"даги қайнонасига қарши чиққан Нигорани ҳеч ким танқид қилмайди? Ахир, киноларда ўша салбий қаҳрамонлар сафида бўлмаслик тарғиб қилиняпти. Инсонга яхшини ёмондан фарқлаш учун ақл берилган. Энг муҳими, томошабин қўлида пульт бор."

Бу борада фикрлар турлича, аммо айни масалада аҳоли фикри жиддий, ҳар томонлама ўрганилгани йўқ.

Ижтимоий тармоқлардаги гап-сўзлар, саноқли одамларнинг тегишли ташкилотларга шикоятлари бор, холос.

Аммо буларга таяниб, аҳоли нимани хоҳлаётганини аниқлаб бўлмайди. Сериални ёқтирмаганлар шикоят қилиши табиий, аммо уни эфирдан олиб ташламасликни сўраб мурожаат қилишмайди. Оқибатда аҳоли сериалларни кўришни истамаяпти деган таассурот уйғонмоқда.

Ўзбекистонлик журналистга кўра, "ҳар нима бўлганда ҳам бундай масалалар амалдорларнинг қош-қовоғига, миллат маънавияти ҳақидаги шахсий тушунчасига қараб эмас, қонунга кўра ҳал қилингани дуруст. Миллат маънавияти, ахлоқи каби ҳар ким ўзича тушунадиган тушунчаларга асосланиб, ОАВ эркинлигига чеклов қўйиш бу борада салбий прецедентларни пайдо қилиши мумкин. Ўзи шундоқ ҳам жиддий ижтимоий-сиёсий мавзудаги кўрсатувлар етишмайди. Бунинг устига, кўнгилочар дастурлар ҳам элакдан ўтказилса, ўрнига нима таклиф қилинади? "

Таҳририятдан: Айни мақолада кўтарилган фикр ва мулоҳазалар Би-би-си Ўзбек хизматининг нуқтаи назарини англатмайди. Биз барча томонларнинг қарашларини акс эттиришга тайёрмиз.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek