Ўзбекистон ва дунё: Аёлларнинг узоқ умр кечириш сабаби гендами?

Деярли барча мамлакатларда аёллар эркаклардан узоқроқ яшайди

Сурат манбаси, Jorge Fernández/Getty Images

Сурат тагсўзи, Деярли барча мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам, аёллар эркаклардан узоқроқ яшайди

Аёлларнинг узоқ умр кечириш сабаби гендами?

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида аёллар эркакларга қараганда узоқроқ яшайди.

Халқаро Соғлиқни Сақлаш Ташкилотига кўра, 2016 йилда ўртача умр давомийлиги дунё бўйлаб 72 йилни ташкил қилган. Айни дамда аёлларнинг ўртача умр давомийлиги 74 йил-у 2 ой, эркакларники эса 69 йил-у 8 ойга тенг.

2010 йилда АҚШда 100 ёшдан ўтган 53,354 нафар инсон аниқланган. Уларнинг атиги 9,162 нафари эркак, қолган 44,202 нафари эса аёл бўлган.

Нега аёллар эркаклардан кўра умрбоқийроқ?

Бунинг уч асосий сабаби мавжуд.

1. Генлар

Калифорния Университети ва Макс Планк Демографик Тадқиқотлар Институти илмий мақсадларда 40 та давлат бўйича статистик ҳисоб-китобларни юритиб, инсон ўлими маълумотлари базасини ташкил қилган.

Ушбу базада Швеция бўйича 1751, Франция бўйича эса 1816 йилдан буён йиғиб келинаётган маълумотлар мавжуд. Бироқ аксар давлат бўйича маълумотлар фақатгина ўтган асрнинг ўрталаридан бошланади.

Шунга қарамай, ҳар бир давлат бўйича ҳар қандай йилдаги маълумотларда аёлларнинг ўртача умр давомийлиги эркакларникидан юқорироқ эканини кўриш мумкин.

Фанга яхши маълумки, ўлим эркакларга она қорнидаёқ хавф сола бошлайди.

«Эркак жинсидаги эмбрионлар аёлларга қараганда кўпроқ нобуд бўлади,» изоҳлайди Лондон Коллежи Университетидан профессор Давид Жемс.

Бунинг эҳтимолий сабабларидан бири одам жинсини аниқлаштирувчи хромосомалар роли билан боғлиқ.

Одам жинси бир жуфт хромосомалар томонидан аниқланади: аёлларда - XX, эркакларда - XY.

Инсон жинси хромосомалар жуфтлиги билан аниқланади: аёлларда - XX, эркакларда XY

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Инсон жинси хромосомалар жуфтлиги билан аниқланади: аёлларда - XX, эркакларда XY

Хромосомалар эса ўзида генларни сақлайди. Х-хромосомалар сезиларли даражада каттароқ бўлиб, уларда инсоннинг яшаб қолишига ёрдам берувчи генлар кўпроқ бўлади. Y-хромосомалар эса камроқ генларни сақлайди. Х-хромосомалар ҳаёт учун ўта муҳим генларни ташийди. Шу сабабдан Х-хромосомада юзага келган муаммо эркаклар учун «захирада» Х-хромосомаси бор аёллардан кўра анча хавфли оқибатлар билан тугайди.

«Агар сизнинг Х-хромосомангизда генетик мутация юзага келса ва сиз аёл бўлсангиз, демак сизда қўшимча захира бор. Бироқ эркак бўлсангиз, ҳеч қандай захирангиз мавжуд эмас,» сўзлайди Давид Жемс.

«Ҳомиладорликнинг сўнгги босқичларида ўғил болалар 20-30 фоизга кўпроқ нобуд бўлади. Шунингдек, улар муддатидан олдин туғилишга ҳам 14 фоизга кўпроқ мойилдир. Ўғил ҳомилалар жисман каттароқ бўлганидан, уларнинг туғруқ вақтида жароҳат олиши эҳтимоли ҳам юқорироқ,» дейди Эксетер Университетидан профессор Лорн Харрис.

Масалан, қушларда ҳаммаси аксинча - нарлар иккита Х-хромосомага эга ва модаларга қараганда узоқроқ яшайди.

2. Гормонлар

Ўсмирлик даврига бориб, қизлар ва йигитлар организмида жиддий гормонал ўзгаришлар юзага келади.

Эркаклик гормони - тестостерон - суяк ва мушак тўқималар ривожига таъсир кўрсатиб, йигитларнинг қизлардан кўра йирикроқ ва кучлироқ бўлишига замин яратади. Бундан ташқари бу гормон бошқа эркаклик хусусиятлари - паст тондаги овоз ва кўкракдаги ёллар - учун ҳам жавоб беради.

Ўсмирлик ёшида тестостероннинг ортиб кетиши билан эркакларда ўлим даражаси ҳам юқорилайди.

Мутахассислар бундай ҳолатни тестостерон даражасининг ўғил болаларни муштлашув, транспорт воситаларини юқори тезликда ҳайдаш, турли саргузаштларни излаш каби хавфли хатти-ҳаракатларни амалга оширишга ундаши билан изоҳлайди. Шунингдек, ўсмир болаларда ўз жонига қасд қилишга мойиллик ҳам ортади.

Бундан бир неча йил муқаддам жанубий кореялик олим Хан Нам Пхар Чосон сулоласининг (XIX аср) императорлик саройи қайдномаларини таҳлил қилиб чиққан. Олим ҳали жинсий балоғатга етмасдан олдин бичилган 81 нафар ҳарам ходимига тааллуқли маълумотларни ўрганган.

Жаноб Хан бу шахсларнинг, тахминан, 70 ёшга қадар умр кечирганини аниқлаган. Ўша даврларда император саройида хизмат қилган бошқа эркакларнинг ўртача умр кўриши атиги 50 ёш бўлган, холос.

Ҳарам ходимларининг уч нафари, ҳатто, 100 йиллик маррани ҳам босиб ўтган.

Қушларда бу фарқ қилади: эркакларда иккита Х хромосомаси бўлгани учун афтидан улар узоқроқ яшайди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қушларда бу фарқ қилади: эркакларда иккита Х хромосомаси бўлгани учун афтидан улар узоқроқ яшайди

Шунингдек, мояклари олиб ташланган ҳайвонларнинг бичилмаганларига қараганда кўпроқ яшаши ҳам яхши маълум.

Аммо гап фақат эркаклик гормонида эмас.

Маълум бўлишича, аёллар жинсий гормони - эстроген - ҳужайралардаги жараёнларга салбий таъсир ўтказувчи зарарли моддаларни танадан чиқариб ташлаш хусусиятига эга.

Урғочи ҳайвонларда ўтказилган тажрибалар эркаклардаги ўхшаш амалиётлар натижасининг аксини кўрсатди: стерилланмаган (яъни организми ҳали ҳам эстроген ишлаб чиқарган) урғочи ҳайвонлар стерилланган жинсдошларидан сезиларли кўпроқ яшаган.

Эстроген зарарли холестеринни организмдан чиқариб ташлаб, танани маълум даражада юрак хасталикларидан ҳимоялайди ҳам.

3. Меҳнат фаолияти ва турмуш тарзи

Уруш ва қуролли низолар домига тушиб қолган ҳудудларда эркакларнинг ўртача умр кўриш даражаси кескин тушиб кетади. Маълумки, эркаклар бундай зиддиятларнинг асосий ўйинчиларига айланади.

Айни дамда соғлиқни сақлаш тизимлари заиф ривожланган минтақаларда аёлларнинг ўртача умр давомийлиги сезиларли пасаяди. Кўплаб аёллар туғруқ пайти вафот этади.

Эркаклар ва аёллар умр давомийлиги ўртасида кескин фарқ мавжуд ҳудудлар ҳам бор. Бу ҳолат ўша ҳудуд эркакларининг чекиш, меъёридан кўп овқатланиш ва алкогол ҳамда гиёҳванд моддалар истеъмолига ружу қўйгани билан изоҳланади.

Мисол учун, Россияда эркаклар аёллардан кўра ўртача 13 йил камроқ умр кўради. Бунга россиялик эркакларнинг бошқа давлатлар эркакларига қараганда спиртли ичимликлар истеъмолига кўпроқ мойил экани сабаб.

Узоқ умр соғлом ҳаёт, дегани эмас

Аёллар узоқроқ умр кечиришига қарамай, эркакларга нисбатан кўпроқ касалликка чалинади.

Қонли зиддиятларда асосан эркаклар ҳалок бўлади

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Қонли зиддиятларда асосан эркаклар ҳалок бўлади

Исталган давлатда 16-60 ёш ўртасидаги аёллар айни ёшдаги эркакларга қараганда тез-тез шифокорга мурожаат қилади.

Алабама Университети олимлари ўтказган тадқиқотда Ғарб давлатларида истиқомат қилувчи аёллар шифокорга кўпроқ учраши, катта миқдорда дори-дармон қабул қилиши, соғлиқда юзага келган муаммолар туфайли тез-тез ишга чиқмаслиги қайд этилган.

Ғарбда ҳам, Шарқда ҳам кекса ёшдаги аёлларнинг жисмоний имкониятлари шу ёшдаги эркакларникидан кўра анча чекланган бўлади, дея таъкидлайди тадқиқот муаллифлари.

Қисқараётган тафовут

Олиб борилган сўнгги тадқиқотлардан маълум бўлишича, яқин ўн йилликлар ичида жинслар ўртасидаги умр давомийлиги тафовути қисқариб боради.

Лондон Қироллик Коллежида олиб борилган тадқиқот натижаси Британиядаги аёллар ва эркаклар умр давомийлиги ўртасидаги фарқ 2030 йилга бориб, атиги бир йилу тўққиз ойни ташкил қилишини кўрсатган. Олимлар ушбу тафовут 2032 йилда бутунлай йўқолишини айтмоқда.

Бунинг асосий сабаби сифатида эркаклар орасида тамаки ва алкогол истеъмолининг камайиб бораётгани, шунингдек, асосан эркакларда учровчи юрак хасталикларига қарши курашда катта натижаларга эришилаётгани кўрсатилмоқда.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek