Ўзбекистон ва мигрант: Хорижда вафот этган ўзбекистонликларнинг ватанга қайтарилиш тартиби эълон қилинди

Баҳодир Аҳмедов ўз холаваччаси жасадини ватанга қайтаришда Ўзбекистон ҳукуматидан ҳеч ёрдам бўлмаганини билдирган

Сурат манбаси, Bahodir Ahmedov

Сурат тагсўзи, Баҳодир Аҳмедов ўз холаваччаси жасадини ватанга қайтаришда Ўзбекистон ҳукуматидан ҳеч ёрдам бўлмаганини билдирган

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хорижда ишлаш вақтида вафот этган Ўзбекистон фуқароларини ватанга қайтариш бўйича маълумот берди.

Вазирликнинг ўз сайтида баён қилишича, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бу борада амалий ёрдам кўрсата олади.

"Ватандошларимиз мурожаатлари муносабати билан шуни маълум қиламизки, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан меҳнат миграциясида бўлиб турган ва чет элда вафот этган ватандошларимиз жасадини Ўзбекистон Республикасига олиб келишда амалий ёрдам кўрсатилади," - дейилади баёнотда.

Вазирлик, шунингдек, агар кимдадир Ўзбекистон фуқароси бўлган қариндоши ё таниши шундай ҳолатга тушиб қолганлиги ва ёрдамга муҳтож эканлиги тўғрисида маълумот бўлса, Россиядаги Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ваколатхонасига ёки тўғридан-тўғри Тошкентдаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига мурожаат қилишни тавсия қилади.

Баёнотда вазирлик қуйидаги манзилларни тақдим қилган:

Россия Федерациясидаги манзил: Москва шаҳри, 1-Казачий тор ко'часи, 11/2 (1-й Казачий переулок, 11/2).

Мурожаат учун телефон рақами: +7-903-507-76-67.

Ўзбекистон Республикасидаги манзил: Тошкент шаҳри Олмазор тумани, Қамарнисо кўчаси, 1-уй.

Мурожаат учун телефон рақами: +998-71-202-33-55 (ички рақам: 16, 17). Телеграм канали: @мигратион_уз.

Бир кунда икки ҳалокат

Шу кунларда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги 6 февраль куни Россияда ишлаётган икки ўзбекистонлик вафоти ҳақида эълон қилди.

29 ёшли Алишер Ўсаров Санкт-Петербургнинг Коломяжский проспектидаги цехда пардозлаш ишларини олиб бораётган вақтда баландликдан йиқилиб, ҳалок бўлган.

Шу куни Ленинград вилоятининг Мурино шаҳрида 21 ёшли Толибжон Эсонов Воронцов бульваридаги «Краски лета» турар-жой мажмуасида қурилаётган уйнинг 14-қаватидан пастга тушиб кетиб ҳалок бўлган.

Меҳнат вазирлиги хабарида айтилишича, жасадларни Ўзбекистонга олиб кетиш бўйича тайёргарликка оид барча дастлабки тадбирлар амалга оширилди, вазирлик ходимлари олиб чиқишга рухсатномани кутишмоқда.

Президентга мурожаат

Ўтган ҳафта Ташқи ишлар вазирлиги Россияда ҳалок бўлган холаваччасининг жасадини Ўзбекистонга қайтаришда ёрдам сўраган Баҳодир Аҳмедов ҳақида маълумотномани ўз сайтида чоп қилди.

Фарғоналик Баҳодир Аҳмедов ўзининг 32 ёшли холаваччаси Отабек Болтаевнинг жасадини Ўзбекистонга жўнатишда Ўзбекистон элчихонаси ва "Ўзбекистон ҳаво йўллари" ёрдам бермаётганини айтиб, Президент Шавкат Мирзиёевга видео мурожаат қилган эди.

Ташқи ишлар вазирлигининг айтишича, Баҳодир Аҳмедовда жасадни ватанга қайтариш учун етарли пул бўлган, чунки унга марҳумнинг иш берувчиси 100 минг рубль пул берган.

Озодлик билан суҳбатида Аҳмедов бу пулни олганини рад этмади, лекин айтишича, элчихонага мурожаат қилганида ҳали бу пуллар берилиш-берилмаслиги номаълум эди.

"Мен элчихонага ўз уйимга кирганимдек, яхши ниятда кирган эдим. Оқибатни умуман бошқача қилишди, бефарқ муносабатда бўлишди," - деб айтган у.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek