Ўзбекистон, Россия ва миграция: Ўзбекистонлик мигрантлар ҳақида фильм ва ё рус мардикорининг тақдири

Ўқилиш вақти: 3 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Россиядаги ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ҳақида фильм ва ё рус мардикорининг тақдири

Режиссёрнинг биринчи фильми бир йўла икки соврин олди

Асли ўзбекистонлик бўлган режиссёр Александр Новиков Янгинов меҳнат муҳожирларининг Россиядаги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилувчи "Юлдузлар" номли фильм суратга олаётгани борасида аввал маълум қилган эдик. Мазкур фильм ўтган хафта "Сталкер" халқаро кинофестивалида иштирок этди.

6 кун давомида фестивал доирасида 67 фильм намойиш қилинди. "Юлдузлар" фильми "Сталкер" дебюти совринини қўлга киритди. Ҳамда "Оксфам" гуманитар халқаро ташкилотининг мигрантлар, қочқинлар ва бошпана изловчи шахслар ҳуқуқини ҳимоя қилиш бўйича энг яхши фильм деб топилди.

Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги фильмларнинг мазкур халқаро кинофестивал 1995 йилдан буён ўтказилиб келинади. "Сталкер" бу йўналишда фильм яратган кинематографларни тақдирловчи ҳозирча ягона фестивалдир. Уни Россия кинорежиссёрлари Гильдияси таъсис этган.

Ўзбекистондаги рус тили ўқитувчисининг Россияга мардикорликка кетиши

"Юлдузлар" фильмининг бош қаҳрамони ўзбекистонлик ўқитувчи. У мактабда рус тили ва адабиётидан дарс берган. Аммо оғир касал бўлган қизини даволатиш учун ишлаб пул топиш мақсадида ноиложликдан Россияга келади.

Бир қарашда оддий меҳнат муҳожирлари каби. Аммо бир истисно бор, ўзбекистонлик муҳожирнинг миллати рус. Унинг Россияда ишлаш учун тил борасида умуман муаммоси бўлмаса-да, мусофирликдаги ҳаётнинг турли синовларига дуч келади. Ҳаттоки бош қаҳрамон Юрийнинг олдида танлов туради: катта пул эвазига қотилликка қўл уриб қизининг ҳаётини сақлаб қолиш ёки виждонли, чин инсонлигича ишсиз, пулсиз қолиш. У қайси йўлни танлайди?

- "Киномиз инсон ҳақида. Ҳар қандай вазиятда, нимаики содир бўлмасин, инсон бўлиб қолиш, маънавият ҳақида. Ўзлигига ҳиёнат қилмаслик, ҳамиша ҳақиқат томонида туриш. Мен инсонлар орасидаги муносабатни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Қайси миллатга мансублиги, қаерданлигини аҳамияти йўқ. Асосийси, виждон ва адолатга қараб иш тутишдир. Мен учун рус ё ўзбек, қозоқ деб ажратиш йўқ. Мен учун фақат яхши одам ва ёмон одам деган ажратиш бор. Ҳамма жойда яхши одамлар ва ёмон одамлар бор", - дейди ёш режиссёр Александр Новиков Янгинов.

Кинокартина ҳали суратга олинмай туриб соврин олган

Режиссёр

Сурат манбаси, BBCUzbek

- "Бу сценарий менга 2011 йилда ВГИКни тамомлаган пайтимда келиб тушди. Курсдошларим олиб келиб, "мана буни ўқи", дейишганди. Улар ўзбекистонлик эканимни билишарди. Олдим, ўқидим, менга маъқул келди. Бу сценарий учун биз ўтган йили Маданият вазирлигининг танловида ютиб, грант олдик. Шу тариқа бу фильм суратга олинди"

Картина "ВГИК Дебют" компаниясининг махсулоти бўлиб,унинг бюджети 32,5 млн рублни ташкил қилди. Шундан 25 млн рубль Россия Маданият вазирлиги томонидан ажратилган.

Сценарий муаллифи россиялик Алексей Житковский. Бош ролни Виктор Сухоруков ижро этган. Фильмда рус актёрлари қаторида ўзбекистонлик таниқли киноактёрлар Сайдулла Молдахонов, ҳамда Маъруф Отажонов ҳам суратга тушган.

Фильмнинг биргина камчилиги - актёрлар ижросида. Ўзбек кишиларни турли миллат вакиллари ўйнагани сабабли, ўзбек тилидаги мулоқотлар бузилган талаффузда янграйди. Бу ҳолатни режиссёр шундай изоҳлади:

- "Умрида ўзбек тилида гапирмаган киши албатта бу тилда қийналиб гапиришини тушуниш мумкин. Шунда ҳам биз яхши чиқишига ҳаракат қилдик. Москвада ўзбек актёрларни изладик. Аммо топиш жуда қийин бўлди. Шу сабабли осиёча кўринишли актёрларни фильмга таклиф қилдик".

"Ўқитувчининг мардикорлик қилиши - бугунги куннинг фожеаси"

Ижодкорлар

Сурат манбаси, BBCUzbek

Фильм трагикомедия жанрида: кулдиради, йиғлатади, ўйлантиради, таъсир этади. Ортиқча эпизодларсиз, ҳар бир кўриниш узвий, мазмуни томошабинга моҳирлик билан етказилади. Унда Россиядаги ўзбекистонлик муҳожирлар дуч келаётган деярли барча муаммолар кичик кўринишларда бўлса-да, ёритилган.

Бош роль ижрочиси, таниқли киноактёр Виктор Сухоруков "Олий маълумотли ўқитувчининг мардикорлик қилиши бугунги куннинг трагедияси", деди ўз қаҳрамони ҳақида.

Муҳожирликда иш топиш, бошпана муаммоси, миллатчилик, алдовлар, камситилишлар ва ҳаттоки, вагон уйда яшовчи ўзбек оиласининг ёниб кетиши воқеасигача фильмга киритилган.

"Сталкер" ҳакамлари ва кинотанқидчилар томонидан юқори баҳоланган "Юлдузлар" фильми хайрли финал билан якунланади.

Россияда мардикорлик қилаётган минглаб ўзбекистонликларнинг оғир шароитлари, машаққатли ҳаётини киноижодкорлар ҳам таъсирли мавзулардан бири сифатида кўрлмоқда. Ҳозирча муҳожирлар тақдирларини акс эттирувчи фильмлар саноқли, аммо барчаси томошабинлар эътиборини торта олган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek