Россия-Ўзбекистон ва ҳалол туризм: "Қанчалаб мусулмон Ўзбекистонни зиёрат қилмоқчи"

Ўқилиш вақти: 2 дақ
Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Санкт-Петербург ва Ўзбекистон муфтиятлари ҳамкорликда ҳалол туризмни йўлга қўйишмоқчи, уни ривожлантиришмоқчи.

Бу хабар Ўзбекистон мусулмонлар идораси ҳайъатининг Санкт-Петербургга яқинда қилган ташрифи манзарасида ўртага чиққан.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг куни-кеча расман маълум қилишича, бу хусусда аллақачон келишувга ҳам эришилган.

Айни мазмундаги хабарларни Россиянинг Санкт-Петербург ва Россия Шимолий-Ғарбий минтақалари бўйича муфтийси Равиль Панчеев ҳам тасдиқлаган.

"Ҳозир Ўзбекистон мусулмонлар идораси билан ҳалол туризм тушунчаси устида фаол иш олиб бораяпмиз. Бу дунёдаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилишни кўзда тутади. Ўзбекистон эса, айнан ана шу йўналишлардан бири бўлади. Одамлар Ўзбекистоннинг Бухоро, Самарқанд ва бошқа шаҳарларига боришни исташади", - деган муфтий.

Унинг матбуот анжумани чоғида айтган бу сўзларидан Россиянинг ТАСС ахборот агентлиги иқтибос келтирган.

Бу каби туризм доирасида саёҳат қилаётган мусулмонларга барча шарт-шароит ва хизматларнинг "ҳалол" андазаси асосида яратилиши ва кўрсатилиши айтилмоқда.

Самарқанд

Сурат манбаси, courtesy

Санкт-Петербургдаги "Тўрон" Ўзбеклар жамияти президенти Алижон Ҳайдаровга кўра, ўзининг анча йиллардан бери кўзлаб юрган мақсади амалга ошиш арафасида.

Яъни ўзининг бу режасини ҳам Россия ва ҳам Ўзбекистон томони бефарқ қолдирмаган, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган. "Ишлар қизғин".

"Келаси йилга қолмай россиялик мусулмон сайёҳларнинг илк гуруҳини Ўзбекистонга юборишни режалашмоқда".

Суҳбатдошимизнинг айтишича, биргина Санкт-Петербург мисолида ҳам "Ўзбекистонга бораман, Самарқанд, Бухорони зиёрат қиламан", деган маҳаллий мусулмонларнинг сонлари озмунча эмас.

"Бу ерда кўп мусулмонлар яшашади-да. Чеченлар, доғистонликлар, ингушлар, тожиклар..."

"Ўзбекистон ҳақида эшитишган, аммо кўришмаган. Ҳаммаси менга келиб, Ўзбекистонни бир кўрсайдим", деб гапиришади", - дейди Алижон Ҳайдаров.

Бу суҳбатдошнинг айтишича, янги ташаббуслари борасида аллақачон уларнинг фикрлари билан ҳам қизиқиб кўришган, сўров ўтказишган.

"Ҳаммаси хурсанд, йўлга қўйсаларинг, албатта борамиз", деган одам аллақачон кўп", - дейди у киши.

Диний озчилик

Россияда Ислом анъанавий тарзда иккинчи йирик дин бўлиб келган.

Сўнгги пайтларда мусулмонлар сони Россияга иш излаб бораётган собиқ Совет шарқининг мусулмон аҳолиси ҳисобига ҳам кўпайиб бораётгани айтилади.

Ҳайит намозида мусулмонларнинг масжидларга сиғмай, кўчаларда саф тортишлари бугун Москва учун одатий манзарага айланган.

Мусулмонлар сонининг кўпайиб бораётганига қарамай, Россияда янг масжидлар қурилиши билан боғлиқ вазият анчайин зиддиятли бўлиб келади.

Расмий рақамларга кўра, Россия аҳолисининг 23 миллиондан кўпроғи ўзини Ислом динига мансуб деб ҳисоблайди.

Мамлакатда 8 мингдан кўпроқ масжид борлиги айтилади.

Янги президенти Шавкат Мирзиёев бошқаруви остида Ўзбекистон ўтган икки йил ичида зиёрат туризмини ҳам ривожлантиришга зўр берган.

Бугун нафақат тарихий ва маданий сайёҳлар, балки диний зиёратчиларни ҳам ўзига жалб этмоқчи.

Ўзбекистонда айнан нечта қадамжо бор - ҳеч ким аниқ билмайди.

Расмийларга кўра, тарихий, маданий ва диний обидалар сони икки ярим мингдан зиёд.

Бу обидалар эса сайёҳликни ривожлантириш учун жуда ўнғай ва муносиб воситадир.

Сиз ҳам тинглаб, томоша қилинг.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.

Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek