Мирзиёев Тошкентнинг эски шаҳарини вақтинча бузмайди

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентнинг эски шаҳар қисмидаги қурилиш ишларини вақтинча тўхтатишга оид фармон чиқарди. Ўзбекистон раҳбари 4 ойнинг ичида пойтахтнинг бош режаси тузилгунга қадар бузиш ишларини тўхтатишга топшириқ берган.
Тошкентнинг эски шаҳридаги маҳаллалар пойтахтда Tashkent city шаҳарчаси қурилиши муносабати билан бузилиб келинаётган эди. Ўзбекистонга келаётган сайёҳларнинг диққат марказларидан бўлмиш, эски ўзбек уй ва маҳаллаларининг бузилаётгани эътирозларга сабаб бўлганди.
"Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент тўғрисида"ги Президент фармони 17 август куни имзоланди.
Унда санаб ўтилган муаммоларда айтилишича, Тошкент шаҳрининг тасдиқланган бош режаси мавжуд эмаслиги тартибсиз қурилишларга олиб келмоқда, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини янада кенгайтиришга имкон бермаяпти, шунингдек, ижтимоий объектларни комплекс жойлаштириш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларини кенгайтиришни ҳисобга олган ҳолда пойтахтни фаол ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга тўсқинлик қилмоқда.
Санаб ўтилган муаммолардан келиб чиқиб фармонда Тошкент шаҳрининг эски шаҳар қисмида бузиш, реконструкция қилиш ва капитал қурилиш бўйича ишлар Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқлангунга тақиқланади.
Тошкент шаҳрининг кўрки бўлиб келган эски шаҳар архитектурасини бузиш ишлари Ўзбекистон мустақил бўлганидан сўнг кўп ўтмасдан бошланганди.
1994 йил ноябрда Вазирлар маҳкамаси томонидан қабул қилинган қарорда эски шаҳарни қайта қуриш ва обод қилиш кўрсатилган.
Унга мувофиқ кўплаб маҳаллалар эскирган ва яроқсиз аҳволга келиб қолган деган важ билан бузилиши ва ўрнига замонавий 2-3 қаватли уйлар қурилиши кўрсатилган.
Бироқ ушбу қарордаги режалар маблағ етишмаслиги, коррупция ва қозоғбозликлар сабаб кўрсатилганидек бажарилмаган.
Тошкент марказидаги кўплаб эски маҳаллалар 20 йилдан бери бузилишини кутиш режимида яшаб келаётганди.
Ҳокимиятга Шавкат Мирзиёев келгач, Тошкент шаҳрида Tashkent city қуриш каби режа билан чиқди.
Натижада жамоатчилик фикри ўрганилмасдан, Каримов даврида бузилмай қолган эски шаҳардаги маҳаллалар жадаллик билан бузила бошланди.
Буза-бузлардан ҳаттоки ҳали кўп йиллар хизмат қилиши мумкин бўлган, нодир совет меъморчилик наъмуналари ҳам омон қолмади.
"Ўзбекистон" метроси ёнидаги Киночилар уйи бузилиши зиёлиларнинг норозилигига сабаб бўлди.
Бироқ ҳукумат ушбу фикрлар билан ҳисоблашмади.
17 август куни Мирзиёев имзолаган фармондан бу бузилишларнинг режасиз, кимларнингдир ташаббуси билан бўлаётгани англашилиши мумкин.
Акс ҳолда жадаллик билан кетаётган эски шаҳардаги бузилишлар вақтинчалик бўлса ҳам тўхтатилмаслиги керакли айтилади.
2019 йил январдан бошлаб эски шаҳарда ҳали бузилмаган, лекин бузилиши айтилган маҳаллалар сақланиб қоладими ёки бузишда давом этадими номаълум.
Бироқ кузатувчилар сайёҳларни ўзига оҳанграбодек тортувчи, баҳорда томларидан қизҳалдоқлар очилиб турадиган бузилган маҳаллаларни қайтариш имкончсизлигини айтишади.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.Telegram каналимиз: @bbcuzbek












