Қайта туғилган Кун.уз ёки журналистлар эркинми?

kun.uz

Сурат манбаси, kun.uz

    • Author, Тошкентдан мактуб
    • Role, Блог

Шавкат Мирзиёевнинг 61 ёшга тўлиши муносабати билан намойиш этилган ҳужжатли фильмда Президент "ҳозир журналистлар рўй-рост гапираётганини" айтган. "Ҳамма камчиликларни очиб беряпти, олдингидек тақиқлар йўқ. Мумкин бўлган ва мумкин бўлмаган мавзулар йўқ", деб айтган давлат раҳбари ўзининг матбуотга биринчи интервьюсида.

Чиройли гаплар. Лекин ишонарли эмас. Нега ишонарлик эмаслигини 27 июнь, ОАВ ишчилари куни олдидан рўй берган ҳодисотлар баён қилади. Зотан, бу воқеалар мамлакатда журналистлар ҳали тўла эркин эмаслигига, ҳамон исталган кўйга солиниши мумкинлигига, "эркинлик шабадалари", "ўзгаришлар шамоли" ҳали ҳам қўштирноқ ичида эканлигига гўё бир тасдиқ берди.

Агар ёдингиздан кўтарилмаган бўлса, ўзбек журналистларининг миллий касб байрами арафасида "Кун.уз", "Хабар.уз"га ўхшаш катта сайтлар 10 кунча ишламай қолди.

Аввалбошда буни ҳамма техник муаммо деб ўйлади. Аммо техник дейилган муаммонинг тугуни бир ҳафта ўтса ҳам ечилмаятими, бас, бу техник эмас, балки бошқа бир муаммо. Унинг сунъийлиги ва "юқори"дан қўйилгани сезилиб қолганида ҳам "Кун.уз"нинг кўп минг кишилик аудиторияси сайтни ҳимоя қилиб чиқмади. "Кун.уз" сабаб муаммолари барҳам топган кўплаб кишилар кун.узчиларни деярли қўлламади.

"Йил журналисти"

"Кун.уз" ва "Хабар.уз"ларнинг боши муаммодан чиқиб улгурмай, "Газета.уз"нинг сўз қадрини биладиган, мақтовни ҳам, танқидни ҳам ўрнига қўядиган журналисти Никита Макаренко билан можаро бўлди. Уни ёш бола қилишди - "Йил журналисти" мукофотини ваъда қилиб, тақдимот куни уни мукофотдан маҳрум қилдилар.

Макаренко ўзининг қандай таҳқирлангани ҳақида лўнда, лекин керагича батафил ёзди: ташкилотчилар уни икки кун мукофот билан табриклаган, аммо саноқли соатлар қолганида Журналистлар уюшмаси раҳбари Саъдулла Ҳаким хонасига Никитани чақириб: "Сиз Матбуот агентлиги раҳбари биринчи ўринбосари Собиржон Шукуров кўрсатмаси ила мукофотдан маҳрумсиз!", деб айтган.

Gazeta.uz

Сурат манбаси, Gazeta.uz

Сурат тагсўзи, Gazeta.uzнинг мукофотдан маҳрум қилинган журналисти Никита Макаренко

Шундан сўнг интернет Макаренкони олқишловчи, уни қўлловчи хат-хабарларга тўлди. Таниш-нотанишлар унинг кўнглини нафақат илиқ сўзлар билан, камига совғалар ҳам улашиб кўтарди. "Йил журналисти" мукофотини олганида, эҳтимол, бу қадар шуҳрат топмасди. Бироқ мукофотдан "маҳрум этилгач", Никитани билмаганлар ҳам уни таниб олди, у ростмана йил журналистига айланди.

Нафақат жамиятдаги, балки давлат органларидаги муаммоларни ҳам қўрқмай ошкор этаётган сайтларнинг бир ҳафта-ўн кун тушунарсиз бир кўйда ишламай қолиши - сўз эркинлигига берилган бир зарбадир. Муаммоларни ёзишдан қўрқмайдиган бир журналистнинг советларникидан ҳам баттарроқ бир йўсинда таҳқирланиши ҳам сўз эркинлигига қаратилган ҳужумдир.

Лекин нима учун бир журналистни қўллаб-қувватлаган, уни ўз ҳимоясига олишга куч топа билган жамоатчилик бутун-бошли сайтларга шундай кўмак кўрсатмади, уларнинг бошига ташвиш тушганида жим турди?

Ҳақиқат шуки, ҳар қандай воқеа-ҳодисанинг ўз Саъдулла Ҳакимлари, ўз Собиржон Шукуровлари бўлади. Ана ўшалар қилган ишлар, айтган гаплар борича кўрсатиб берилсагина одамларга таъсир қилади. Жамиятда акс-садо беради. Жамоатчиликни ҳаракатга келтиради. Одамлар бирор кимса ва нарсани ҳимоя қилиш ё қўллашдан аввал уни нима учун, ёки кимдан ҳимоя қилиши ва нима учун қўллаб-қувватлаши кераклигини билиши керак.

Қайта туғилган Кун.уз

Никита Макаренко ўз воқеасидаги Саъдулла Ҳаким айтган гап, Собиржон Шукуров қилган ишни борича кўрсатиб, жамиятдан қўллов, кўмак, юпанч олди. Макаренко чайналмади. Муаммони, ўзининг таҳқирланганини дангал айтди. "Газета.уз"даги атиги битта хабари билан бутун бошли, сигналларга тўла бир полотно чизди: мамлакатда сўз эркинлиги аслида қай аҳволда, "юқори"дагиларнинг журналистларга муносабати қандай, қарорлар қандай қабул қилинади - кўп жиҳатларга кўзгу тутувчи, аксар жавобларни ошкор этувчи полотно. Макаренко ҳам, "Газета.уз" ҳам қўрқмади. Бу "қилмиши" бугун бўлмаса эртага қимматга тушиши мумкинлигини билса-да.

"Кун.уз" бўлса чайналди. Эҳтимол, унинг воқеасида ҳам ўз Собиржон Шукуровлари, Саъдулла Ҳакимлари бўлгандир. Улар ҳам асл муаммо нимада экани, қандай хизмат эвазига бу муаммо ҳал бўлишини айтгандир. Аммо "Кун.уз" уларни Макаренко каби шарманда қилмади. Муаммо ҳал бўлавермагач, имо-ишора тилида: "У техник эмас!", деб кўрди. Буни тушунганлар сайт ва таҳририятни ҳимоя қилишга шайланганида, ҳозиргина АКТ вазири қабулидан чиққан кун.узчилар энди ҳаммага тушунарли тилда: "Миш-мишларга ишонманг, муаммо техник, вазир ҳал қилиб бераркан", деб ҳовурни босди. "Кун.уз" қўрқди. Борини йўқотишдан қўрқди. Қўрққани учун ҳам муаммосини бор бўй-басти билан айтолмади. Одамлар: "Техник муаммо деяпти-ку", деган кўйи сайтни кимдандир ё нимадандир ҳимоя қилиш кераклигини англагани ҳам йўқ.

Ўша воқеалардан бери Макаренко бирор шов-шувли мақола ёзганича йўқ. Қайта туғилган "Кун.уз" эса, гўё, алмаштириб қўйилгандек - аввалгидек ўткир чиқишлар кўзга ташланмайди, шов-шувли можаролар ҳам энг охирида, кўпинча расмий матбуот хизматлари тилга киргач ёритиляпти.

Адолат бўлсин учун тан олиш керак, Президент Мирзиёевнинг бугунги журналистика ҳақидаги фикрлари унчалик ишонарли бўлмаса-да, буткул ёлғон ҳам эмас. "Олдингидек тақиқлар йўқ", деяпти Президент. Тақиқлар тугаб битган бўлиши мумкин, лекин тақиқларнинг йўқлиги, замона ўзгаргани ҳақидаги аксар умидбахш таъкидлар асосан эски, тақиқларга тўла давр одамлари томонидан айтилаётир. Эҳтимол, шу сабаб "тақиқлари йўқ энг янги ҳурлик замони"да қўрқув ҳамон кучли, шу важдан журналистлар дангалига ўтолмай, кинояни ҳам кинояга ўраётгандир. Қўрқув ҳукмрон жойда эса журналистлар ҳамма нарсани рўй-рост гапира олмайди, ҳамма камчиликларни ҳам очиб бера олмайди.

Блог муаллифларининг фикри таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмайди

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek