‘Толибон Тожикистон билан чегарага аксарияти Марказий осиёлик 7 минг жангарисини ташлади’

Тожикистон

Сурат манбаси, EPA

Ўқилиш вақти: 5 дақ

Бундай баёнот билан Тожикистон Давлат Миллий Хавфсизлик қўмитаси чегара қўшинларининг қўмондони чиққан.

Ражабали Раҳмоннинг баён қилишича, "6825 нафар Толибон жангариси Афғонистон жанубидан шимолига ташланган. Улар ҳозир ҳаракатнинг Балх, Қундуз, Тахор ва Бадахшон вилоятидаги 29 тайёргарлик жамлоғига келиб ўрнашишган".

Тожикистон қўмондонига кўра, бу жангариларнинг аксарияти Марказий Осиё фуқаролари бўлишади.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 1
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 1

Тожикистон томонининг баёноти Афғонистон Толибон ҳаракатининг бу йилги баҳорги амалиётини эълон қилишидан ҳафта ўтмай янграган.

Аммо тожик томони келтираётган рақамларга ҳозирча на-да расмий Кобул ва на-да Толибон ҳаракати ўз муносабатларини билдиришган.

Би-би-си Афғон Хизмати муҳаррири Довуд Аъзамийнинг айтишича эса, "расмий баёнотдаги маълумотларнинг қанчалик аниқ ва муфассал келтирилгани"нинг ўзиёқ сўнгги янгиликка анчайин ишонқирамай қаралишига замин яратган.

Ражабали Раҳмон ўз чиқишида манбаларини расман очиқламаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 2
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 2

Ўзаро чегара

Тожикистон Афғонистон билан қарийб 1400 километрга узанган ўзаро чегарага эга.

Катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2014 йилги оммавий сафарбарлиги ортидан, бутун Афғонистон бўйлаб хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий издан чиққан.

Сўнгги йилларда Афғонистоннинг аксарият Марказий Осиё давлатларига бевосита чегарадош шимолий ва шимолий-шарқий минтақаларида толиблардан ташқари ИШИД жангариларининг ҳам фаоллашаётганига оид кўплаб хабарлар олинган.

2015 йилда Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳига тўлиғича байъат келтиргани ва орада сафлари парчаланиб кетгани айтилган Ўзбекистон Исломий ҳаракати жангариларининг ҳам ҳудудга қайта келиб ўрнашишаётгани кузатилган.

Худди ўша йили "Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳи Афғонистоннинг "Тожикистонга чегарадош кўплаб ҳудудларини назорат қилаётганликлари"ни иддао қилган.

"Маҳаллий халқ орасида кўплаб "тарафдорлари ва мухлислари бор"лиги, "Амударё соҳилларида бемалол ҳаракат қилишаётгани"ни айтган.

Гуруҳ чегаранинг "заиф нуқталарини ўрганаётгани ва маълумот тўплаётгани"ни ҳам даъво қилган, аммо кейинги режалари ҳақида бирор бир маълумот бермаганди.

"Исломий Жиҳод Иттифоқи" гуруҳига 2002 йилда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларидан ажралиб чиққан жангарилар томонидан Покистонда асос солинган.

Халқаро ҳарбий таҳлилчиларнинг ишонишларича, гуруҳ шу пайтгача Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан мустақил фаолият олиб боришга ҳаракат қилиб келади.

Тожикистон

Сурат манбаси, courtesy

Толибон Афғонистонда ИШИД билан ҳамкорликда уюштирган энг йирик мувофиқлаштирилган ҳужумлар, тузуми ағдарилган 2001 йилдан буён қўлга киритган энг йирик ютуқлари ҳам айни шу ҳудудлар ҳиссасига тўғри келган.

Афғонистоннинг айнан Тожикистонга бевосита чегарадош вилоятлари шу йиллар ичида Толибон ҳаракати баҳорги амалиётларининг илк нишонига айланиб келган.

Расмий Душанбе бу каби вазиятдан ўз хавотирларини такрорий равишда изҳор этиб келаётган, Афғонистон билан чегарасида мамлакат мустақиллиги тарихида кузатилмаган бир даражада хавфсизлик чораларига қўл урганига қарамай, ҳеч қачон бу каби кескин баёнот билан чиқмаган.

Россия томонининг сўнгги йилларда бу хусусда изҳор этиб келаётган айни шу мазмундаги баёнотларига эса, ўзининг расман ва ошкора муносабатини билдирмаган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост , 3
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост, 3

Баёнот ва анжуман

Ражабали Раҳмоннинг баёноти бугун Душанбеда расман иш бошлаган ҳамда "Террорчилик ва зўравон экстремизмга қарши кураш" масалаларига бағишланган йирик халқаро анжуман арафасида кузатилган.

Бу анжуманда Ўзбекистонники дохил дунёнинг элликка яқин давлатлари вакиллари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти ҳайъатларининг ҳам ҳозирликлари айтилади.

Душанбедан мустақил журналист Искандар Фируз ҳам нега Тожикистон бу каби тадбирга мезбонлик қилаётгани сабабини тожик ҳукуматининг Афғонистондаги вазиятга оид хавотирлари билан боғлайди.

"Тожикистон чегара қўшинлари қўмондони ҳам ўз баёноти манзарасида бу хавф бутун минтақа учун умумий эканини таъкидлади. Террорчилик ҳужумларининг олдини олиш учун мувофилаштирилган амаллар лозимлигини урғулади".

"Менимча, анжуманга йиғилган экспертлар ана шу ҳамкорлик йўлларини ишлаб чиқишади. Ражабали Раҳмоннинг сўзларидан аён бўлишича, бу энг аввало жосуслик маълумотларини айирбошлашни кўзда тутади", - дейди у.

Журналистга кўра, ўтган ой Тожикистон Давлат Миллий Қўмитаси раҳбари ва Мудофаа вазири Тошкентга сафар қилишган, Ўзбекистон томони билан ҳар икки давлат полигонларида қўшма ҳарбий машқлар ўтказишга ҳам келишиб олишган.

Тожикистон сўнгги йилларда Афғонистон билан ўзаро чегарадош жанубий минтақаларида якка ўзи, Россия, Хитой билан ҳамкорликда, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ва Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти доирасида устма-уст ҳарбий-ўқув машғулотларига зўр бераётган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Ўзбек жангарилари

Сурат манбаси, video

Чегарадаги вазият

Искандар Фирузнинг айтишича, Тожикистоннинг Афғонистон билан чегараси ҳануз кучайтирилган тартибда қўриқланмоқда.

Иккинчи ҳимоя чизиғига Россиянинг Тожикистонда жойлашган 201-ўқчи бўлинмаси ҳарбийлари ҳам жалб қилинишган.

"Ҳозир ўзаро чегарада вазият шундайки, деярли ҳар куни тожикистонлик чегарачилар Афғонистондан ноқонуний равишда гиёҳванд моддалар олиб ўтмоқчи бўлган контрабандачилар билан тўқнашишади. Тожикистонлик расмийларга кўра, бу жангариларнинг пулга эҳтиёжманд эканликлари, наркотраффик эса, уларнинг асосий даромад манбалари эканига далолат қилади", - дейди суҳбатдошимиз.

Аммо, таъкидлаш жоиз, аксарият ҳудудлари узоқ йиллардан буён қуролли низолар ичида қолаётган Афғонистонга бевосита чегарадош эса-да, толибларнинг бирор бир Марказий Осиё давлатига тўғридан-тўғри хуружи кузатилмаган.

Россиянинг сўнгги йилларда, айниқса, Афғонистон шимоли-шарқидаги вазият билан боғлиқ устма-уст янграб келаётган хавотирларини минтақавий таҳлилчилар расмий Кремлнинг кучайиб бораётган империячилик амбициялари билан изоҳлаб келишади.

Лавров

Сурат манбаси, RIA NOVOSTI

Би-би-си Ўзбек Хизмати сўнгги янгиликка муносабатини билиш учун Лондондан ҳарбий масалалар бўйича фахрий таҳлилчи Пол Рожерсга мурожаат қилди:

Пол Рожерс: Масала шундаки, биз бу рақамларнинг қанчайин рост эканини аниқ билмаймиз. Чунки Толибон, одатда, бир минтақага бунча катта сондаги жангарисини сафарбар қилмайди. Айниқса, АҚШ Толибон мавқеъларига қарши ўз рейдларини кучайтирган бир манзарада. Бошқа томондан, биз, Толибон таъбирида, бу йилги жанг мавсуми арафасида турибмиз. Устига устак, Афғонистоннинг бошқа қисмида кўкнори ҳам пишиб етилган. Жанг қилишлари мумкин бўлган катта сондаги одамларнинг қўллари бўшаган. Толибон сўнгги икки йил ичида муайян ютуқларга эришаётгани бор гап. Ҳозир Афғонистоннинг катта қисми бевосита ёки билвосита толибларнинг назорати остида. Шаҳарлар бундан истисно, албатта. Агар, тожик томони келтираётган рақамлар рост бўлса, бу толибларнинг биз кутгандан кўра каттароқ ҳудудларга ёйилганига далолат қилади. Толибон бундан аввал кучли бўлмаган минтақаларда кучларини тўплашга муваффақ бўлганини англатади. Рақамлар масаласида эҳтиёткорликни унутмаган ҳолда шуни айтишимиз мумкинки, агар, улар ҳақиқатга яқин бўлса, Афғонистонда бизни олдинда муҳим жанг мавсуми кутмоқда.

Би-би-си: Бу рақамлар бугун Тожикистон пойтахти Душанбеда расман иш бошлаган ҳамда "Террорчилик ва зўравон экстремизмга қарши кураш" масалаларига бағишланган йирик халқаро анжуман арафасида эълон қилинди. Сизнингча, бу бир тасодифми ёки?...

Пол Рожерс: Бу рақамлар айни шу анжуман муносабати билан ҳам эълон қилинган бўлиши мумкин. Аммо, яна бир бор такрорлайман, жорий пайтда бу масалада қатъий ишонч билан бир нарса деб бўлмайди. Шундоқ ҳам Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жиддий хавотирларга сабаб бўлиб келади. Ҳозир кўпчиликнинг эътиборини Афғонистонда ИШИДга алоқадор гуруҳларнинг бош кўтараётгани воқеълиги тортган. Бунга яқинда пойтахт Кобул ва унинг атрофида юз берган ҳужумлар мисол. Агар, бунга толибларнинг "Афғонистон шимоли ва шимоли-шарқига ёйилгани" эҳтимоли қўшиладиган бўлса, буларнинг барчаси олдинда афғон ҳукуматини оғир кунлар кутаётганига далолат қилади. Толибларнинг бу яқин-орада музокаралар даврасига қайтишлари истиқболи эса, жорий паллада эҳтимолдан узоқ кўринади.

Би-би-си: Агар, воқеалар шу тусда ривож топадиган бўлса, бу - Россия дохил, Марказий Осиё давлатларининг хавфсизлиги учун нимани англатади?

Пол Рожерс: Жиҳод илинжида айрим Марказий Осиё давлатлари фуқароларининг Толибон ва ҳатто, ИШИД билан яқиндан алоқада эканликларига оид хавотирлар ҳамиша бўлиб келган. Аммо бу хавфсизлик билан боғлиқ вазият сўзсиз издан чиқади, дейишга асос бўла олмайди. Аммо, муаммо шундаки, агар, Тожикистон томони келтирган рақамлар рост бўлса, бу - Толибоннинг кўпчилик кутганидан кўра каттароқ қудратга эга эканига далолат қилади.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek