Ўзбекистон-Россия: янги санкцияларнинг рубль, сўм, мигрантлар - иқтисодга таъсири қандай бўлади?

Мирзиёев

Сурат манбаси, AFP

Ўқилиш вақти: 3 дақ

Минтақавий иқтисодий таҳлилчиларга кўра, Россияга қарши Ғарб янги санкцияларидан қолган Марказий Осиё давлатлариники каби Ўзбекистон иқтисоди ҳам фойда ва ҳам зиён кўради.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш:Учинчи манба материалида реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Уларнинг айтишларича, "шарқий ва ғарбий ҳамкорлари"дан мосуво қолган ва қолажак Россия эски "янгилари" илинжида қайта Марказий Осиё ва Жанубий Осиёга кўз тикади.

Бу эса, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар: савдо айланмаси ва импорт-экспорт ҳажмининг янада ортишига олиб келади.

Ўзбекистон Россия билан савдо айланмасининг кўлами бўйича бугун энг пешқадам тўртта собиқ Шўро давлатидан биттаси экани айтилади.

Агар, айрим имконли бўлган маълумотларга таянилса, жорий йилнинг биргина январь-февраль ойларида бу икки давлат ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси кўлами 50 фоиздан ортиқроққа кўтарилган.

Россиядан Ўзбекистонга инвестициялар миқдори 8.5 миллиард доллардан ортган.

Буларнинг барчаси Россия аввал Украина инқирози, сўнгра Сурия урушидаги "иштироки" сабаб, сўнгги 4-5 йил ичида шундоқ ҳам устма-уст Ғарб санкциялари остида қолиб келаётган бир манзарада кузатилган.

Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил апрель ойида Москвага қилган давлат ташрифи чоғида ҳам томонлар икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатлар ривожи юқори эканидан хушнуд эканликларини изҳор этишган.

"Шуни таъкидлаш лозимки, умуман биз савдо айланмамизни юқори даражада ушлаб турибмиз, баъзи позициялар бўйича эса ҳайратланарли даражада ўсаяпти", деб айтган Президент Путин.

"Ҳатто 260 фоиз ҳам бор", дея қўшимча қилган Президент Мирзиёев.

Россия раҳбари сўзларига кўра, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо ўсиши, айниқса, енгил саноат ва қишлоқ хўжалигида кўпроқ кузатилган.

Россия бозорларига Ўзбекистон маҳсулотларини етказиш икки баравар ортгани қайд этилган.

Янги санкциялар

Расмий Москванинг АҚШ сайловларига "аралашуви" ва Сурия низоси юзасидан дунёнинг икки ядровий қудрати ўртасида кучайиб бораётган танглик эса, шу ой бошида Америка Молия вазирлигининг Россияга қарши янги иқтисодий санкциялари билан якун топган.

Вазирликнинг янги жазо чоралари қирққа яқин россиялик бизнесмен, ҳукумат вазирлари, давлат амалдорлари ва ширкатларни кўзда тутган.

Уларнинг орасида Олег Дерипаска, Виктор Вексельберг, Сулейман Керимов каби россиялик таниқли миллиардерлар, Россиянинг "Газпром" ширкати раҳбари Алексей Миллернинг ҳам борлиги айтилган.

Янги санкциялар доирасида уларнинг Америка Қўшма Штатларидаги ҳисоблари музлатилиши, Америка ширкатлари ва фуқароларининг улар билан иш олиб боришлари тақиқланиши маълум қилинган.

Британия оммавий-ахборот воситалари Американинг Россияга қарши янги санкциялари самарали эканини урғулашган, сўнгги жазо чоралари Россия иқтисодига аввалгиларига қараганда жиддий зиён етказишини таъкидлашган.

Орада кечган вақт давомида, амалдаги санкциялар сабаб, Россия иқтисодининг деярли бўҳроний вазиятга юз тутгани, миллий пул бирлиги рублнинг кескин қадрсизлангани кузатилган, бунинг иккиламчи оқибатлари Марказий Осиё давлатлари иқтисодида ҳам сезилган.

Минтақа мамлакатлари миллий пул бирликлари ҳам қимматини йўқота бошлаган, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг қиймати бир неча баробарига ортган.

Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистондан ҳам Россияга миграция оқими сезиларли пасайган, улар ортга юбораётган ва минтақа давлатлари ҳукуматлари учун, йилларки, ижтимоий муҳофаза камари вазифасини бажариб келаётган пулларнинг миқдори жиддий камайган.

Мавжуд вазият айрим таҳлилчи ва кузатувчиларнинг "ижтимоий портлаш" эҳтимоли борасидаги хавотирларига ҳам сабаб бўлмай қолмаган.

Сўнгги йилларда мазкур ҳолат билан боғлиқ вазият яна бироз ижобий томонга қараб ўзгаришни бошлаган, аммо минтақавий иқтисодий таҳлилчиларга кўра, Американинг янги иқтисодий санкцияларининг билвосита таъсиридан қайта зиён чекиши мумкин бўлган қатлам айнан меҳнат муҳожирлари бўлишади.

Янги санкциялардан Марказий Осиё давлатлари иқтисоди кўриши мумкин бўлган зиён ҳам энг аввало ана шунда намоён бўлади.

Аммо, Қозоғистондан иқтисодий таҳлилчи суҳбатдошимиз Сапарбой Жубаевга кўра, сўнгги йиллардаги "тажриба" Россиянинг ўзига тўқ, санкциялар остида ёпиқ иқтисодиётни ҳам ривожлантира оладиган ва олаётган катта иқтисодиёт эканини кўрсатган.

Биргина расмий рақамларда бугун Россияда меҳнат муҳожирлигида банд Ўзбекистон фуқароларининг сони бир миллиондан ортиши айтилади.

Улар ортга юбораётган миллиардлаб доллар маблағлар эса, йилларки, қолган аксарият Марказий Осиё давлатлари мисолида бўлгани каби, Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам "ижтимоий муҳофаза камари" вазифасини бажариб келган, бу мамлакатлар иқтисодини тутиб, ҳаракатлантириб турган асосий манбалардан бири бўлган.

BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek