Апрель ойида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида автобус қатнови тикланадими?

душанбе

Сурат манбаси, Today.tj

Тожикистоннинг "Asian Express Terminal" транспорт компанияси раҳбари Султон Камолов икки давлат ўртасида автобус қатнови апрель ойидан такланишини маълум қилди. Бироқ бу борада Ўзбекистон томони сукут сақламоқда. Автобус нархлари борасида ҳам ҳали бир тўхтамга келинмаган.

Тожикистон томони икки давлат ўртасида автобус қатновларини тиклаш борасида қарийб бир йилдан бери музокара ўтказади.

Спутник нашрининг Султон Камоловга таяниб ёзишича, автобуслар Душанбедан Денов ва Термизга, Панжикентдан Самарқандга ва Хўжанддан Тошкент ҳамда Фарғонага қатнайди.

Бироқ ҳозирча тожик ва ўзбек транспортчилари шаҳарлараро автобусларнинг йўл кира нархи борасида келишмаган.

Тожикистон томонидан автобус қатновларини Asian Express Terminal ширкати амалга оширади. Ўзбекистон томонидан ҳам бир маҳаллий ширкат қатновларни амалга ошириши кутилмоқда.

Бироқ унинг номи ҳозирча маълум қилинмаган.

"Биз йўл кира нархлари бўйича келишиб олишимиз керак, чунки бу йўналишларда ўзбек компанияси ҳам йўловчиларга хизмат кўрсатади. Яқин ораларда бизнинг компания делегацияси Тошкентга ташриф буюради, биз ўзбек ҳамкасбларимиз билан шаҳарлараро автобусларнинг йўл кира нархи юзасидан якуний келишувга эришишимизга умид қиламан", - деган Султон Камолов.

У шунингдек, «Asian Express Terminal» компанияси Тошкент билан «Ўзавтосаноат» томонидан ишлаб чиқарилган 200 та автобус сотиб олиш борасида шартнома имзолаганини ҳам таъкидлаб ўтган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара қўшинлари Бош бошқармаси матбуот котиби Муҳаммаджон Улуҳўжаев 22 март куни баёнот бериб, автобус йўловчилари чегарадан ўтаётганларида муаммо бўлмаслигини маълум қилди. Унинг айтишича, назорат ўтиш пункти худудларида йўловчилар автобусдан чиқади ва чегара ҳамда божхона текширувидан сўнг йўналишларида давом этади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги автобус қатнови ва мунтазам самолёт парвозлари Тожикистонда фуқоролар уруши бошланган 1992 йилда тўхтаб қолган эди. 25 йиллик танаффусдан сўнг ўтган йилнинг апрель ойидан бошлаб Душанбе ва Тошкент ўртасида ҳаво қатнови тикланди.

2017 йилнинг май оқида Asian Express Terminal Ўзбекистон томонига икки давлат ўртасида автобус қатновларини қайта тиклаш таклифи билан чиққанди.

Ширкат масъули Ўзбекистон томонининг ижобий ечим беришига қараб автобуслар Ўзбекистон шаҳарларига 2017 йилнинг кузида юришни бошлаши мумкинлигини айтган.

Бироқ Ўзбекистон томонидан шу вақтгача бу борада қониқарли жавоб олинмай келаётганди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 9 мартда Душанбега қилган давлат ташрифи давомида икки давлат ўртасида 1 ой визасиз борди-келиш мумкинлиги борасида битим имзоланди.

16 мартдан бошлаб тожикистонликлар ва 20 мартдан бошлаб ўзбекистонликлар қўшни давлатга визасиз бориши мумкин бўлган ҳужжат кучга кирган.

Визасиз тизимнинг ташкил қилиниши автобус қатнови масаласидаги муаммоларнинг бартараф этилишига олиб келган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Тожикистон томони Ўзбекистон шаҳарлари билан автобус қатновининг очилиши фуқароларининг Россияга ишлаш учун Ўзбекистон ҳудудидан автобусда қатнаш имконини беришини айтмоқда.

Айни дамда автобус орқали Россияга қатнамоқчи бўлган тожикистонликлар бироз ноқулай бўлган Қирғизистон орқали ўтишига тўғри келади.

Олдинроқ Тошкент ва Қозоғистоннинг Чимкент шаҳарлари ўртасида автобус қатновлари йўлга қўйилганди.

  • BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг. Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek